
Ўзбекистонда уй шароитида даволанаётган беморлар ва карантиндаги шахсларга (жойига чиқиб) тиббий ёрдам кўрсатувчи мобил гуруҳларга инфекционист шифокор, эпидемиолог ва умумий амалиёт шифокорлари жалб этилади. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бош инспектори Нурмат Отабеков маълум қилди.
Уй шароитида коронавирус касаллигини симптомсиз ёки енгил кечаётган ҳолатларда беморларни кўздан кечириш, саломатлигида у ёки бу ўзгаришлар кузатилса, якуний ташхис қўйиш, шифохонага ўтказиш ёки уй шароитида қолдириш масаласига аниқлик киритиш учун мобил гуруҳлар фаолият юритади.
Мобил гуруҳлар таркибидаги шифокорлар коронавирус юқтирган беморлар билан бевосита мулоқотда бўлиш эҳтимолидан келиб чиқиб ўрнатилган тартиб асосида қўшимча маблағ олиш имкониятига эга бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашда иштирок этадиган шифокорлар ва бошқа ходимлар ҳар 14 кунлик фаолият даври учун Президент томонидан махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланган. Унга кўра, врач ходимларга, врач-лаборантларга — 25 миллион сўм; ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга — 15 миллион сўм; кичик тиббиёт ходимларига — 10 миллион сўм; бошқа ходимларга — 5 миллион сўм. Шунингдек, беморлар билан ишлаш давомида коронавирус инфекциясини юқтириб олган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга 100 миллион сўмдан тўланади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг