date
views 2 665

Сирдарёда судья ИИБ ходимлари томонидан калтаклангани ростми?

Сирдарёда судья ИИБ ходимлари томонидан калтаклангани ростми?
Сирдарё вилояти назорат-ўтказиш пунктида судья ИИБ ходимлари томонидан калтакланди. Бу ҳақда журналист Жафарбек Солижонов ўзининг Telegram’даги саҳифасида маълум қилди.

Маълум бўлишича, 13 июль куни Гулистон шаҳрига кириш қисмда узундан узун сунъий тирбандлик юзага келган. Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят судининг судьяси А.Э. (1977 йилда туғилган) 1 соатдан ортиқ вақт кутган. Соат 09:40 ларда кириш умуман тўхтатилган.

Ишга шошилаётган судья ИИБ ходимларидан блок-постни очишини сўраган. Аммо орада тортишув юзага келиб, ИИБ ходимлари уни машинасидан тушириб дўппослаган. Кейинроқ ИИБ ходими судьянинг машинасини ҳайдаб, уни воқеа жойидан 300 метр узоқликда ташлаб кетган.

Судьянинг калтак еган ҳолати тез тиббий ёрдам дафтарига соат 10:20 да қайд этилган. Унга бош мия чайқалиши ташхиси қўйилган.

Айрим гувоҳларининг сўзларига кўра, ИИБ ходимлари унинг судья эканлигини дастлаб билмаган, у фуқаролик кийимида бўлган. Ундан тез ёрдам машинасини ўтказиб юворишни сўрашган, судья эса бунга унчалик эътибор бермаган. Бу эса жанжалга олиб келган. Шу вақтда ходимлар унинг судья эканлигини билган.

Бошқа бир гувоҳнинг айтишича, ходимлар унинг судья эканлигини аввалдан билган. Айрим гувоҳлар воқеа ҳолатини тўлиқ видеога олган бўлиб, у прокуратурага тақдим этилган. Воқеа жойида тез ёрдам машинаси бўлмагани айтилмоқда.

Айни пайтда воқеа юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссиясининг 8 июлдаги қарори билан Ўзбекистонда 10 июлдан 1 августга қадар карантин чекловлари қайтадан кучайтирилган. Шунингдек, автотранспорт ҳаракати ҳам чекланган. Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхати тасдиқланган бўлиб, улар орасида суд органлари хизмат автотранспорт воситалари ҳам киритилган.

«Судлар тўғрисида»ги қонуннинг 70-моддасига кўра, судьяларнинг шахси дахлсиз. Судья дахлсизлиги унинг турар жойига, хизмат хонасига, фойдаланадиган транспорт ва алоқа воситаларига, унинг хат-хабарларига, унга тегишли мулклар ва ҳужжатларга ҳам тааллуқлидир.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сирдарёда судья ИИБ ходимлари томонидан калтаклангани ростми?