21:32 / 18.07.2020
3 266

Самарқандда пайғамбарликни даъво қилган фуқаро бош мия контузияси касаллиги билан даволангани маълум бўлди

Самарқандда пайғамбарликни даъво қилган фуқаро бош мия контузияси касаллиги билан даволангани маълум бўлди
Фото: Самарқанд вилояти ИИБ
Ижтимоий тармоқларда Самарқандда ўзини пайғамбар деб чиққан шахснинг видеоси тарқалди. Видеодаги номаълум шахснинг даъво қилишича, у коронавирус балосини даф қила олади. Бунинг учун у Хитойга бориши, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев билан ҳам кўришиши кераклигини айтади. Мазкур видео юзасидан Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ ходимлари суриштирув ишларини олиб борди.

Самарқанд вилоят ИИБ ахборот хизматининг «Дарё»га маълум қилишича, ушбу фуқаро 1962 йилда Самарқанд туманида туғилган Х.У. бўлиб, у 1980—1982 йилларда Афғонистондаги фуқаролик урушида ҳарбий хизматни ўтаган. Хизмати давомида бош қисмидан жароҳат олган фуқаро бош мия контузияси касаллиги билан даволанган.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ
Самарқанд вилоят ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳозирда Х.У.нинг психологик ҳолатини аниқлаш мақсадида Самарқанд вилоят Руҳий касалликлар диспансери мутахассиси кўригидан ўтказиш чоралари кўрилмоқда.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ
Ушбу хабарлар юзасидан Дин ишлари бўйича қўмита ҳам муносабат билдирди.

«Дин ишлари бўйича қўмита бугунги мураккаб даврда одамларни диний эътиқодларига тааллуқли бўлган бу каби ножоиз ҳолатни қоралайди ҳамда ижтимоий тармоқларда мазкур масала юзасидан фикр-мулоҳаза билдириш асносида эҳтиросларга берилмасдан, донишмандларча вазмин ва оғир-босиқ бўлиб, бу каби сохта пайғамбарлар ҳар замонда учраб туриши нуқтаи назаридан унга ортиқча эътибор бермасликни сўрайди», — дейилади қўмита муносабатида. Шунингдек, одамлар ўртасида салбий баҳс-мунозаралар келтириб чиқарадиган бу каби материалларни тарқатишдан сақланишга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг февраль ойида пайғамбарликка даъво қилган бухоролик аёлга бир йил озодликни чеклаш жазоси тайинлангани хабар берилганди. Аёл атрофидагиларга ўзига ваҳий келаётгани ва ғайб хабарлари асосида «Туҳфа» номли китоб нозил бўлганлигини билдириб, даъватлар қилиб, ёлғон хабарлар тарқатиб келган, шунингдек, Муҳаммад (с.а.в.) охирги пайғамбар экани ва Қуръони Карим илоҳий китоб эканини рад этган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Самарқандда пайғамбарликни даъво қилган фуқаро бош мия контузияси касаллиги билан даволангани маълум бўлди