19:02 / 21.07.2020
3 323

Хитойдан 30 тонна маккажўхори уруғи олиб келган «тадбиркор»нинг ҳийласи иш бермади

Хитойдан 30 тонна маккажўхори уруғи олиб келган «тадбиркор»нинг ҳийласи иш бермади
Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати божхона органлари томонидан сўнгги кунларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида Zamin.uz`га маълумот берди.
Хитойдан келтирилган маккажўхори уруғи нега ҳужжатларда емга айланиб қолди?

Бухоро вилоятида жойлашган МЧЖ томонидан Хитой Халқ Республикасининг «Urumqi Perfect International Trading Co.Ltd» корхонасидан 30 тонна маккажўхори уруғи товари олиб келинади. Ушбу товар учун божхона тўловини давлат бюджетига тўлаш ўрнига, қинғирликка қўл урилади.

Яъни МЧЖ мансабдорлари божхона тўловларини камроқ тўлаш мақсадида ҳужжатларда ўзлари олиб келган товарларни божхона юк декларациясида бошқа Ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатураси (ТИФ ТН) коди билан кўрсатиб, гўёки ҳайвонлар учун маккажўхори еми олиб келганликларини қайд этади.

Қизиғи шундаки, МЧЖ раҳбари хориждаги ҳамкор билан айнан экиш учун мўлжалланган маккажўхори уруғларини сотиб олиш ҳақида олди-сотди шартнома тузган бўлса-да, ушбу шартнома асосида хориждан жамият номига олиб келинган маккажўхори уруғлари инвойс ҳужжатида ҳамда божхона юк декларациясида бирданига ҳайвонлар учун мўлжалланган маккажўхори емига айланиб қолган.

Аммо унинг бу найранги иш бермади. «Арк-булоқ» ТИФ божхона постига товарлар ушбу ном билан тақдим этилган божхона юк декларацияси Давлат божхона қўмитасининг «Хавфни бошқариш» автоматлаштирилган ахборот тизими томонидан «қизил» йўлакка йўналтирилди.

Давлат божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси ходимлари томонидан кўздан кечирилган ушбу товарларнинг қадоқларидаги мавжуд ёрлиқлар мутахассислар томонидан ўзбек тилига таржима қилинганда, ушбу товарлар божхона юк декларациясида кўрсатилган ҳайвонлар учун маккажўхори еми эмас, балки эртапишар бир бошоқли маккажўхори уруғлари экани аниқланган.

Шунингдек, тайинланган экспертиза жараёнларида божхона юк декларациясидаги товарларнинг ТИФ ТН коди аслида бошқа рақам билан таснифланиши ўз тасдиғини топди.

Натижада корхона мансабдор шахслари ТИФ ТН кодини ўзгартириш орқали 89,6 млн сўм божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаганликлари маълум бўлди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси томонидан корхона мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тегишли тергов органига юборилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Хитойдан 30 тонна маккажўхори уруғи олиб келган «тадбиркор»нинг ҳийласи иш бермади