14:20 / 25.07.2020
3 074

Вирусларга, ейишларга чидаш мумкиндир, ўйинларга чидаб бўлмайди

Вирусларга, ейишларга чидаш мумкиндир, ўйинларга чидаб бўлмайди
Фото: ТАСС
Охирги 3-4 кунда кўраётганларим ва эшитаётганларим менга умуман ёқмаяпти. Буларни гапирмасам бўлмайди. Сабр билан ўқисангиз, бирма-бир тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Катта эҳтимол билан Сovid-19 ни бошимдан ўтказяпман. Ҳали тест топширишга улгурмадим, аломатлари синглимда оғирроқ бўлгани учун 23 июль куни Яшнобод туманидаги махсус марказга бориб, фақат уни текширтирдик. Тест натижаси 4-5 кунда чиқаркан. Рентгенда бир томонлама пневмония чиқди, шифокор муолажа ёзиб берди.

Уйга қайтишимиз билан синглимни алоҳида хонага олдик, муолажаларни бошладик. Кейин бирдан 2 кундан бери белим қаттиқ оғриётгани эсимга тушди, оғриқ бутун танамга ёйилди. Ҳароратим 38 дан ошди, юрак уриши 95-96 атрофида экан. Ҳеч нарсани сезмай қолдим, шокка тушган бўлсам керак.

Чақирувимизга кўра, хонадонимизга келган оилавий поликлиника шифокори қисқа текширувдан ўтказиб, бир нечта дори воситаларини ёзиб берди.

Кеча, 24 июль куни ҳароратимни 6 марта ўлчадим – 37.5, юрак уриши 95 дан пасайгани йўқ, нафас олишим дақиқасига 20-22 марта, ҳолсизлик, кун бўйича бутун танамда оғриқ, 10 мартага яқин узуқ-юлуқ йўталдим.

Ўйлашимча, шу ҳолатимда норасмий бемор бўлсам керак, янаям тўғрисини шифокорлар билади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг уйда даволанаётганлар учун мўлжалланган охирги йўриқномасига риоя этишга ҳаракат қиляпмиз. Кеча тушдан кейин турмуш ўртоғимда енгилроқ аломатлар бошланди. 2,5 яшар ўғлим онда-сонда бир йўталяпти, «томоғинг яхшими», деган маънода сўрасам, «апош» деяпти, бу «яхши» дегани. Охирги 3 кун ичида оиламда шундай вазият.

Дастлабки хулосам: бизда вирус расман аниқланса, кўрсатмаларга амал қилинса, ваҳимани енгилса, бу унча қўрқиб қоладиган касаллик эмас. Балки бизда оғир, сурункали касалликлар бўлмагани учун шундай туюлаётгандир. Аниғини шифокорлар айтади.

Яна бир нечта хулосаларимни айтай. Соғлиқни сақлаш тизими билан биринчи мулоқотим кўп қаватли уй кираверишига илиб кетилган рўйхатдаги рақамлардан бирига қўнғироқ қилишдан бошланди. Улар чақирув учун оилавий поликлиника рўйхатхонасига қўнғироқ қилишим кераклигини айтишди. Баланд иситма, 4-5 та аниқ аломатлар бўлаётганини маълум қилган фуқаронинг манзили ва бошқа асосий маълумотларини сўраб, бирданига чақирув қабул қилинмайди. Нега?..

Мен норози эмасман, хавотир билан қўнғироқ қилаётган инсонга «бошқа рақамга қўнғироқ қилинг», дейиш тўғрими? Бир хил гапларни 3-4 дақиқа ичида икки қайта тушунтиришга мажбур бўласан. Мана шу оддий туйилган ҳолат, бошқа йўл қидиришга дастлабки ундовни ҳосил қилади. Майли. Тўрт соатча кутдик, лекин ҳеч ким келмади, синглим қийналяпти, чидолмай “103”га қўнғироқ қилдим, 10 сонияга етар-етмас жавоб бўлди, аёл киши экан, яна бошидан тушунтирдим, барака топсин, «сизга тезда қўнғироқ қилишади», дейилди, айтгани бўлди, туманимиздаги марказдан экан, яна тушунтирдим, боришни тавсия қилишди.

Бордик, текширишди, дастлабки ташхисни қўйишди, муолажани бошлаб беришди. «Кўчада қолмаймиз», деган фикр уйғонди. Яхши. Лекин туманда, фуқаролар билан бевосита ишлаётган ходимларнинг руҳияти тетик, ички ишончи мустаҳкаммасдек туюлди. Бу чарчоқданмас, гўё ҳар бирининг айтмаса бўлмайдиган қандайдир гаплари бор-у, фуқарога гапиргандан фойда йўқлигини билишиб, ичига ютишаётгандай. Кўзлардан кўп нарсаларни тушунса бўлади. Қийин, қалтис вазиятда қолган одам бундай ҳиссиётларни тез, чуқур илғайдиган бўлиб қоларкан. Балки менга шундай туюлгандир.

Ўзи, бошидан айтиб қўйишим керак эди: буларни ёзиш осонмас, бу хафалик ҳам эмас. Ичидагини айтмай, айтолмай ишлаётган ходимларга минг раҳмат.

Айтмоқчи бўлганим, кўп нарса эҳтимолли беморнинг соғлиқни сақлаш тизими билан биринчи учрашувига боғлиқ. Бу учрашув ишончли кайфиятда ўтиши, ваҳимани пасайтириб бериши муҳим.

Хўп, 2 кун ичида вирусга қарши кураш қандай кетаётгани, тизим қандай ишлаётгани ҳақида анча-мунча нарсани ўргандим. Бир хил нарсалар вирусдан кўпроқ ўйлантириб қўйди, асабнинг энг ингичка ипларини ҳам чертиб-чертиб юборди.

«Миллий» телеканалида ҳар куни 18:00 да жонли эфирга узатилаётган кўрсатувда уй шароитида кучли антибиотиклар, гормонлар қабул қилиш ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлиги саволларга жавоб бериш жараёнида уч кунда 40-50 мартача айтилди. Аммо бизга ёзилган дорилар рўйхатида, масалан, Азитромицин бор. Нега?..

Мутахассислар келтирган далилларни инкор этиш қийин. Шу далиллар, расмий йўриқномадан Ўзбекистоннинг чекка ҳудудида эмас, пойтахтда ишлаётган шифокорларнинг хабари йўқмикан?.. Ҳозир битта 30 варақча келадиган йўриқноманинг ҳеч бўлмаса электрон нусхасини шифокорларга етказиш учун сониялар ҳам етарли-ку. Ёки бу ерда биз билмайдиган бошқа нималардир бормикин?..

«Тез ёрдам» лойиҳасининг 24 июль сонини кўра туриб, охирроғида шапалоқ егандай бўлдим. Коронавирус терапиясида зарарли экани, ўлим хавфини ошириши такрор-такрор айтилган гидроксихлорохин моддаси яна қайта йўриқномага киритилиши мумкин экан.

«Биз ЖССТнинг қўлланмалари асосида ишлашимиз лозим, ҳеч қайси давлат биз учун намуна эмас. Биз ҳам ЖССТнинг аъзо давлати сифатида даволаш тизимимизга энг янги қўлланмаларни киритишимиз лозим».

Мутахассиснинг бу гапларидан ўзимча бир нималарни фараз қилдим. Кимлардир, қайсидир давлатдаги кимлардир билан нималарнидир келишиб қўйган, лекин улар учун кутилмаганда йўриқнома ўзгариб қолган бўлиши мумкинми? Балки шартнома ҳам тузилиб, қўшимча келишувлар бўлгандир. Орқага йўл жуда тор ёки умуман қолмагандир?..

Минглаб одамлар “яшаб қоламанми”, деган саволга жавоб топишга қийналаётган пайтда уларга бу жавобни бериши зарур бўлган тизим тепасидагилар нималарни тортишаётганини тушуниш, муносабат билдириш жуда ғалати масала.

Хуллас, бу ҳолат бўйича ким нимани билса, аниқласа, ҳаммаси очиқ айтилиши ўта зарур. Акс ҳолда, бундай қарама-қарши, зиддиятли ҳолатлар жамоатчиликка, айниқса, расмий ва норасмий минг-минглаб беморлар, уларнинг кўп минг сонли яқинлари руҳиятига, ишончига вирусдан ёмон таъсир қилади.

«Вирусларга, ейишларга чидаш мумкиндир, ўйинларга чидаб бўлмайди», деб қўшиқ айтворгим келяпти.

Бу гаплардан кейин шахсан менда иммунитет тушгани аниқ. Ғалати бир овоз қулоғимга «сен нимадан тузалишинг эмас, биз сенга нимани ичиришимиз муҳим», «сенинг ҳаётинг унчалик аҳамиятли масала эмас», деяётгандек.

Билганим шуки, бундай зиддиятлар қуйидаги шифокорларнинг ишчанлик кайфиятини ўлдириб ташлайди. Бу эса тизим бутунлай издан чиқишига олиб келиши ҳам мумкин.

Шифокор учун ўзи тўлиқ амин бўлмаган дорини беморга буюришдан мураккаброқ ҳолат бўлмаса керак. Ичаётган дориси ўлимга олиб бориши мумкинлигини билиб туриш, вируснинг устига чуқур, қоронғу шубҳа билан курашиш беморларга ундан ҳам оғир.

Ҳурматли беморлар, вирус юққани аломатларини ўзида, яқинларида сезаётганлар, сиз ҳам гапириб, ёзиб туринг. Эшитадиганлар чиқади. Чиқмаса, тарихий муҳим даврдан бир кундалик ёки аччиқ хотира бўлади. Ишонинг, вирусни енгишда асосий куч-қудрат сиз, ўзингизсиз.

Яна билингки, соғлом жамиятда яшаш шунчаки соғ бўлиб юришдан аҳамиятлироқ. “Апош” бўлинг!

Тўлқин Тўрахонов

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Вирусларга, ейишларга чидаш мумкиндир, ўйинларга чидаб бўлмайди