09:10 / 27.07.2020
2 893

Ички ишлар мулозими «план»ни тўлдириш учун ҳар куни 5тадан маъмурий баённома тузишга топшириқ берди

Ички ишлар мулозими «план»ни тўлдириш учун ҳар куни 5тадан маъмурий баённома тузишга топшириқ берди
Олмазор туман ИИО ФМБ ҲПБ махсус топшириқлар бўйича инспектори подполковник Фаррух Холов Телеграм мессенжеридаги махсус гуруҳда овозли хабар қолдириб, туманда белгиланган режа тўлмаётгани, фуқароларга нисбатан жуда кам маъмурий баённома тузилаётгани, натижада Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Маҳкам Вафоев бошчилигида ўтган катта мажлисда эътироз эшитганини таъкидлаб, барча ички ишлар органлари ходимларини қаттиқ койиган ва ҳар бир профилактика инспектори турли моддалар бўйича кунига 5тадан маъмурий баённома тузиши ҳақида топшириқ берган.
Ижтимоий тармоқларда Олмазор тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси (аввалги туман ИИБ)да бўлиб ўтган мажлисдан ёзиб олингани тахмин қилинган овозли хабар тарқалди.

ЎзА'нинг аниқлашича, овозли хабар Тошкент шаҳар Олмазор тумани ИИО ФМБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси махсус топшириқлар бўйича инспектори подполковник Фаррух Холовга тегишли.

Овозли хабарда Холов Олмазор тумани фуқароларга нисбатан маъмурий баённома тузишда жуда кам кўрсаткичга эгалиги, натижада бу юқори турувчи раҳбарларни қаноатлантирмаётгани, туман раҳбарлари шаҳар миқёсида ўтказилаётган йиғилишда бунинг учун қаттиқ гап эшитишаётганини таъкидлаган.

Подполковник ушбу камчиликни зудлик билан бартараф этиш учун бугундан бошлаб ҳар бир профилактика инспектори фуқароларга нисбатан турли моддалар бўйича 5тадан маъмурий баённома тузиш бўйича топшириқ берган.

Овозли хабарда, жумладан, шундай дейилади:
«Олмазор тумани ҲПБ (таҳр. – ҳуқуқий профилактика бўлими) бошлиқлари, 1-ГОМ, 2-3-5-6-8-ГОМ (таҳр. – ГОМ – ҳудудий ички ишлар бўлими). Ҳозир селектор тугади, шаҳар раҳбарияти – Вафоев ўтказди (таҳр. – полковник Маҳкам Вафоев, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари). Жуда «жёсткий» бўлди селектор. Сўров қаттиқ бўлади.

Олмазор тумани «вообще» дабдала қилди. Сизларнинг қўл остингизда ходимлар ишлаяптими, «участковый»лар? «Результат» қилмагандан кейин, ҳаммамиз дабдала бўлдик.

Олмазор тумани йўқ, «больше не существует» биз учун деяпти. Ҳозир эшит, диққат билан! Кечқурун ҳам 22:00да селектор, мен кираман. Лекин қайси «ГОМ» «результат» бермаса, мен айтаман ҳозир қанақа «результат»лигини, мен қўйиб бераман. Уч кундан буён «протокол» (таҳр. – ҳуқуқбузарлик учун тузиладиган маъмурий баённома назарда тутилмоқда) бермаяпсизлар.

Майли, ҳеч бўлмаса кундузи 15-20 нафар «участковый» чиқса, иккитадан «протокол» қилса ҳам 40та бўлади. Бало ҳам йўқ. Кеча 11та «протокол», ўтган куни 6та, уч кун олдин 6та.

Кимдир ишга чиқяпти-ку кундуз куни. Мен ёзиб оламан, кундуз куни қайси «участковый» ишлаяпти ва кечқурунгача у нима иш қилди, нечта «протокол» тузди. Ҳар бир «участковый» бештадан «протокол» тузсин, ҳар хил модда билан. Майли, агар суд ишламаса, «арест» (таҳр. – маъмурий қамоқ жазоси) қилмасин, жин урсин. Бошқа модда билан «протокол» тузсин.

Қийин бўляпти жавоб бериш, сизлар кирмайсизлар-да селекторга. Кетган бўласизлар ўша пайтда. Майли, қатнашманглар, лекин «результат» қилиб беринглар.

Менга гапиряпсан «одамлар ўлиб кетяпти» деб. Қўлингдан келмайди одамларни қутқариш. Фақат шунинг олдини олиш бўйича ишлайсан, кимгадир ёрдам берасан, 183 бўйича «протокол» тузилса, шу ёрдаминг бўлади (таҳр. – МЖтК 183-моддаси (майда безорилик) назарда тутилмоқда). Бошқа нарса қўлингдан келмайди одамни қутқариш учун. Ишдамисан, демак ишлаш керак. Коронавирус, коронавирус, коронавирус дейсанлар. «Результат» қилиб бер менга, «результат» сўраяпмиз сендан.

54 бўйича маҳаллада юрса, далолатнома, рапорт, расмга ол, юборамиз СЭСга (таҳр. – МЖтК 54-моддаси (эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) назарда тутилмоқда). Ёки бошқа материал тўпла, мингта одам ниқобсиз юрибди.

Майли, битта «ГОМ»да учта «участковый» бўлса, иккитадан, учтадан тузсин, ўнта «протокол» бўлади шунда», – дейилади овозли хабарда.

ЎзА мухбири Ф.Холов билан боғланиб, ҳолат бўйича унинг муносабатини сўраган.

– Ижтимоий тармоқларда Олмазор тумани ички ишлар органлари ходимларининг мажлисидан ёзиб олингани тахмин қилинган бир овозли хабар тарқалди ва ундаги овоз сизга тегишли экани ҳақида маълумот олдик. Ҳақиқатдан бу овоз сизникими?
– Ҳа, бу овоз меники.

– Бу воқеа қачон бўлганди? Ва ўзи умуман бу бўйича қандай изоҳ бера оласиз?
– Бу воқеа 14 июль куни бўлган. Телеграмда туман раҳбарияти ва 8та ҳудудий ИИБ раҳбарлари аъзо бўлган гуруҳимиз бор. Ўша ерда кўрсатма ва топшириқларни етказамиз. Бу овозли хабарни ўша ички гуруҳда қолдиргандим. Лекин қанақа қилиб кейин бу тарқаб кетди, очиғи билмадим.

Эшитган бўлсангиз, биз ҳар доим ходимлардан иш талаб қиламиз. Иш кўрсаткичини талаб қилиш 100 йил олдин ҳам бўлган, 100 йил кейин ҳам бўлади. Мисол учун, фуқаролар ниқобсиз юрса, барибир чора кўриш керак, йўқса бир-бирига юқади, касаллик тарқайди. Қаердадир жанжал бўлса, профилактика инспекторини юборамиз, чора кўради, оғир жиноятларнинг олди олинади. Бу фақат олдини олиш учун, тинчлик-осойишталикни таъминлаш учун қилинган нарса эди, бировларга ёмонлик учун эмас.

Нонвой нон ёпса, ойлик олади. Бизнинг профилактика инспекторлари эса ҳудудини кўрикдан ўтказса, шу ҳудудда ҳуқуқбузарликлар бўлмаса, шунга ойлик олади. Иш кўрсаткич бўлиши учун маъмурий баённома қилади-да у.

– Овозли хабардан англашиладики, демак, ички ишлар ходимлари учун маъмурий баённома тузиш бўйича кунлик режа бор экан-да?
– Ҳеч қанақа режа йўқ, лекин ҳуқуқбузарлик ҳар куни барибир содир этиляпти, тўғрими? Агар ниқоб бўйича чора кўрмаса, ҳамма ниқобсиз юради ва бир-бирига юқтириб, вазиятнинг дабдаласини чиқаради. Аниқ режа йўқ, фақат вазиятдан келиб чиққан ҳолда қилинади бу ишлар. Қаердадир ҳуқуқбузарлик кўп бўляпти, барибир профилактика инспекторлари умуман ишламаса, умуман чора кўрмаса, бўлмайди-ку.

Эслатиб ўтамиз, ички ишлар вазири маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматов ўтган ойда Kun.uz`га берган интервьюсида йўл-патруль хизмати инспекторлари мисолида ички ишлар органлари ходимларидан «бугун нечта протокол қилдинг» деб сўраш одатига чек қўйилганини айтганди.

«Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти бунга қарши курашади. Бугун нечта протокол қилдинг, бугун нечта маст топдинг, деб сўроқ қилинадиган ҳолатлардан йироқмиз. Бизнинг асосий вазифа – тинчликни, кўчаларда одамлар ўлмаслигини таъминлаш.

Тўғри, биз ходимлардан уларнинг ҳудудида содир бўлган авариялар учун ҳисоб сўраймиз, аммо бугун неча кишини жаримага тортдинг, деб сўрамаймиз. Бунга барҳам берилди
», – деганди Зокиржон Алматов.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ички ишлар мулозими «план»ни тўлдириш учун ҳар куни 5тадан маъмурий баённома тузишга топшириқ берди