11:41 / 27.07.2020
1 992

«Тез ёрдам» кўрсатуви эксперти: Қатъий карантиндан маъно қолмади

«Тез ёрдам» кўрсатуви эксперти: Қатъий карантиндан маъно қолмади
Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари кўпайган ҳозирги шароитда қатъий карантин чораларини қўллашнинг ўзидан маъно йўқ. Бу ҳақда «Миллий» телеканалидаги «Тез ёрдам» дастурида Defactum Laboratories клиникасининг иммунолог-инфекционисти, тиббиёт фанлари номзоди Азиза Хўжаева маълум қилган.

«Ҳа карантин бўлиши керак, лекин бу каби ниҳоятда кучли карантин қилиш керак эмас. Чунки унинг асосий ғояси йўқотилган. Бошидан карантин касалликни тўхтатиш учун яратилган, лекин ҳозирги даврда касаллик популяцияга ўтиб кетди, халқ ичида ёйилиб кетди. Кеча ҳам, ундан олдинги куни ҳам, бугун ҳам эшитдик, кўплаб беморлар билан мулоқотда бўляпмиз. Бир оилада битта бемор эмас, бутун ҳамма оила бемор бўлиб, касалланиб тузалиб ҳам кетяпти. Шунинг учун бу касалликни мана ҳозирги даврда тўхтатиш имконсиз», — деган Азиза Хўжаева.

10 июлдан 1 августгача Ўзбекистонда кучайтирилган карантин тартиби жорий қилинганди. 23 июлда Президент Шавкат Мирзиёев COVID-19 қурбонлари сонини камайтириш мақсадида чеклов меъёрларини яна узайтиришга розилик берган. 26 июлда Республика махсус комиссияси Ўзбекистонда жорий этилган карантин чекловлари 2020 йилнинг 15 августига қадар узайтирилганини эълон қилди.

Экспертнинг фикрича, қатъий карантин чекловлари аҳолининг юқори савиядаги тиббий ёрдам хизматларидан фояланиш имкониятини чеклаб қўяди.

«Беморлар учун шароит яратиш зарур. Кимлардир уйда, кимларгадир кўпроқ аҳамият бериб, уларни кислород аппаратлари мавжуд бўлган яқинроқдаги касалхоналарга юбориш керак. Ҳозирги даврда апрель ойидаги каби кучли карантин ҳеч ҳам керак эмас. У бизга халақит бериши мумкин. Одамлар ўзи учун ёрдам ололмай қолиши эҳтимоли мавжуд. Масалан, касалланган бемор қон топшириши керакми, бунинг учун кўчага чиқиши зарур, шифокорга мурожаат қилиши талаб этилади. Компьютер томографияси ёки рентген текширувидан ўтиш зарур. Ҳарактланиб, кўчага чиқиши мумкин. Ҳозирги даврда поликлиникадан шифокорлар, ҳамширалар махсус кийимда уйма-уй юра олса, бунинг иложи топилади. Лекин ҳозирги даврда ушбу масъулиятни уларга юклаш оғирроқ, поликлиникаларда ишлаётган персонал буни кўтара олмаслиги мумкин. Шунинг учун, хусусий клиникалар бор, беморлар ўзи учун енгилроқ йўлни танлайди», — дейди эксперт.

Дастур бошловчиси Комил Алламжонов ушбу гапларга жавобан агар эксперт айтаётган ишлар қилинса, оғир аҳволдаги беморларга касалхоналарда жой қолмаслиги мумкинлигини айтиб ўтди.

«Мен эпидемиологик нуқтаи назардан келиб чиқиб гапирдим. Умумий популяцияда карантин самара берган бўларди. Лекин ҳозир касалланганлар сони кўпайиб кетди, деярли ҳар оилада камида битта касалланган бемор бор. Шунинг учун карантиннинг маъноси йўқолди», — деган тиббиёт фанлари номзоди.

Мутахассиснинг қўшимча қилишича, енгил ва ўрта оғирликдаги беморлар учун уйда даволаш шароитлари яратилгани, шу сабабли оғир аҳволдаги беморлар кўпаймаслиги ва енгил ёки ўрта оғирликдагилар касалхоналарда уларнинг ўрнини эгалламаслигига эътибор қаратилмоқда.

Вирусолог, молекуляр-генетик тадқиқотлар бўйича мутахассис, тиббиёт фанлари номзоди Дилдора Секлер кучли карантин касалликнинг тарқалиб кетмаслиги ва касалхоналарда даволаш койкаларини тайёрлаб олиш учун жорий қилингани, аммо коронавирус популяцияга киришиб кетгани ҳозирги шароитда тиббиёт саралашини амалга ошириш (беморларнинг аҳволига қараб уларни саралаб, ажратиб олиш) лозимлигини қайд этди.

«Масалан, ‘Ўзэкспомарказ’да катта клиника очилди, у ерда ҳаммани кетма-кет қабул қилиб, беморларда касалликнинг енгил шаклими, оғир шаклими аниқлаштириб, билиб олиб, енгил шаклни уйга қайтариш, ўрта оғирликдаги беморга муолажаларни қилиб, аҳволи оғирлашмаётган бўлса, уни уйига қайтарилади. Бу қандай аниқланади, бир неча кундан бери қайта-қайта айтилаётган белгилар текширилади, махсус аппаратларда текшириб, бемор билан суҳбатлашиб, беморнинг қўлига қўлланма бериб, шифохонага ёки уй шароитида даволашга жўнатилади», — деган у.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)