09:47 / 03.08.2020
2 111

Коронавирус қўрқувдан фойдаланади. Уни қандай енгиш мумкин?

Коронавирус қўрқувдан фойдаланади. Уни қандай енгиш мумкин?
Сўнгги пайтларда одамларда тожли вирусни юқтириб олиш билан боғлиқ хавотир ва қўрқувлар кучайган.
Инсон психологияси кўпинча тушунарсиз ва салбий ҳолатларга хавотир ва қўрқув билан жавоб беради. Бу нормал ҳолат. Лекин, керагидан ортиқ хавотир инсон кучини олиб қўяди, тўғри фикрлашга халақит беради, вазиятни баҳолаш ва унга ечим топишни қийинлаштиради. Кучли хавотир одамни депрессияга туширади, инсон ўзини йўқотади ва ўзини енгилгандек ҳис қилади.

Организм хавотирдан кучсизланади ва ҳар қандай касаллик билан курашиш қобилиятини йўқотади.

Бунга асло йўл қўймаслик керак!
Бундай ҳолатдан қутулишнинг йўллари бор ва ундан албатта фойдаланиш керак.

Ҳавотир ва қўрқувни тезда камайтириш учун тажрибали шифокор-психотерапевт Азизбек Болтаев кўрсатиб берган мана бу Бутейко усулини тавсия этаман (рус ва ўзбек тилида). Бу машқ ҳам даволовчи, ҳам тинчлантирувчи бўлиб, ундан доим фойдаланиш мумкин.

Ундан ташқари қуйидаги тавсияларга амал қилинг:
- Covid-19 касаллиги ҳақида кўп ўйламанг.
- Касалланишлар ва ўлимлар сонини кузатманг. Бу ҳақдаги ахборотларни ўқиманг ва томоша қилманг.
- Бу касаллик ҳақида иложи борича суҳбатлашманг.
- Мусиқа эшитинг.
- Кайфиятни кўтарувчи ҳикоялар ўқинг.
- Дўстларингиз билан чалғитувчи мавзуларда гаплашинг.
- Жисмоний машқлар бажаринг.
- Сизни авваллари қандай амалиёт тинчлантирар эди? Шуни бажаринг.

Шунда ўзингизни ортиқча руҳий зўриқишдан асраган бўласиз.
Агар булар ёрдам бермаса психолог ёрдамидан фойдаланинг.

Агар сизда касалланиш бошланган бўлса ва касалланиш давомида (Covid-19 касаллигининг руҳиятга қаттиқ таъсир қилиши кўп кузатиляпти) қўрқув кучайса шифокордан биронта тинчлантирувчи (транквилизатор) дори тавсия қилишини сўранг.

Ҳеч қандай касаллик сизни енга олмаслиги хақида ўйланг.
Ҳар бир хавотирингиз организмни кучсизлантириши, аксинча, ўзингизга бўлган ишонч сизга қувват бағишлашига ишонинг!
Вирус кучли организмдан қўрқиши, қувватли организмни енга олмаслигини унутманг!

Ва юқоридаги машқни бажаришда давом етинг.
Ётган ҳолатда бажариш мумкин бўлган яна бир тинчлантирувчи машқ бор. Уни ҳам сизга тавсия қиламан:

1. Пешона мушакларини 10 сония давомида қаттиқ тириштиринг ва яна 10 сонияга бўшаштиринг. Яна такрорланг ва тезлаштириб боринг, 10 сонияни 1 сонияга етказгунча.
2. Худди шундай қовоқларингизни 10 сония қаттиқ юмиб кейин 10 сонияга очасиз ва секин-секин тезлаштириб 1 сонияга туширасиз.
3. Худди шу техникани бурун мушакларида қўллайсиз. Бужмайтирасиз ва бўшаштирасиз.
4. Худди шундай, лабларни бир нуқтага жамлайсиз ва бўшаштирасиз.
5. Ўнг елкани ўриндиғингизга қаттиқ тирайсиз (ботирасиз) ва қўйворасиз.
6. Чап елкангизда ҳам худди шу амални бажарасиз.
Коронавирусни беозор бир жонзодча сифатида тасаввур қилиш ҳам фойда беради.

Ва албатта карантин қоидаларига риоя қилинг!

Нодира Мусаева, шифокор
Фейсбук тармоғидан олинди.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Коронавирус қўрқувдан фойдаланади. Уни қандай енгиш мумкин?