22:45 / 30.08.2020
2 816

«Бошига қоп кийгизиб, вертолётда олиб кетишди» — сўхлик блогернинг отаси

«Бошига қоп кийгизиб, вертолётда олиб кетишди» — сўхлик блогернинг отаси
Дадахон Ҳайдаров.
Кадр: YouTube

Фарғона вилоятининг Сўх туманидан бўлган видеоблогер Дадахон Ҳайдаров 10 суткага қамоққа олинган. Блогернинг отаси Шерали Эралиев «Gazeta.uz» мухбири билан суҳбатда ўғли 22 августдан буён қаерда эканлигини билмаслигини айтди.

Маълум бўлишича, 22 ёшли фуқаро ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан май охирида Сўх туманида юз берган тартибсизликлар сабаб олиб кетилган. Бош прокуратура аввалроқ олти нафар шахснинг ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эди. «Gazeta.uz»нинг ахборот манбаси эса ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан 80—90 киши олиб кетилганини маълум қилди.

Блогернинг чиқиши
31 майда Фарғона вилояти Сўх тумани ва Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани аҳолиси биргаликда Чашма сув манбасини тозалаётган вақтда оммавий тартибсизликлар келиб чиққан эди. Ўзбекистон томонда камида 187 киши жароҳатланиб, шифохонага ётқизилган; ўшанда уларнинг 15 нафари оғир аҳволда экани айтилган эди.

Абдулла Арипов ва Шуҳрат Ғаниев.
Фото: Сўх тумани ҳокимлиги

1 июнь куни бош вазир Абдулла Арипов Сўхга ташриф буюрган эди. Қирғизистон делегацияси ва маҳаллий аҳоли билан бўлган учрашувда у эксклав коридори, Сўх—Риштон йўли очилишини, Чашма булоғининг келажаги каби саволларни муҳокама қилган. Ижтимоий тармоқларда маҳаллий YouTube-блогер Дадахон Ҳайдаров (Dengiz TV)нинг бош вазир билан учрашувдаги чиқиши видеоси тарқалди.

«Сўх туманида фақат мен блогерлик фаолиятини олиб бораман. YouTube’да аудиториям бор. Интернетда Сўх муаммоларини кўтарганимда ҳокимиятдагилар дарров ‘Чиқарма. Бошингга бало орттирасан’, дейишади. Сўхдан бўлишимга қарамай, мен биринчи рақамли блогерман, 800 минг обуначим бор. Шунинг учун сизлардан бир илтимос: Сўхдаги муаммоларни тўғри Тошкентга етказиш учун бирор ташкилот, ахборот воситаси ташкил қилинглар. Бизга Фарғона вилояти ҳокимияти керак эмас. Илтимос, Сўх ҳокимиятини тўлиқлигича ўзгартиринглар», — деган Дадахон Ҳайдаров ўз чиқишида.

«Илтимос, керак бўлса, Фарғона вилояти ҳокимини ўзгартиринглар… Бу фақат менинг таклифим. Умид қиламанки, сиз мени тўғри тушунасиз», — деб қўшимча ҳам қилган у. Видеода бошқа фуқаролар ҳам ҳокимдан норози эканлигини билдираётганини кўриш мумкин. Бундан аввал вилоят ҳокими раҳбарлигидаги делегацияга қарата тошлар отилаётгани акс этган видеолар тарқалган, шундай видеоларнинг бирида Шуҳрат Ғаниев «билиб-билмай шўхлик қилган ёшларга тегилмаслиги»ни айтаётганини кўриш мумкин.

Сўх туманидаги кўчалардан бири.
Фото: «Gazeta.uz»

Дадахон Ҳайдаров ҳукумат раҳбарига мобил алоқадан фойдаланишдаги муаммоларни ҳам айтган. Унинг сўзларига кўра, Сўх туманида яшовчилар қирғиз операторлари хизматидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.

«Сўх туманининг 85 минг аҳолиси қирғиз мобил операторининг SIM-карталаридан фойдаланади, чунки бу ерда алоқа яхши эмас — на 3G, на 4G бор, ҳеч ким интернетдан фойдаланмайди. Агар ҳар куни Ўзбекистоннинг 80 минг фуқароси 1000 сўмдан Қирғизистонга юбориб турса, Сўхдан ҳар куни Қирғизистонга 80 миллион сўм чиқиб кетади», — деди у.

Абдулла Арипов алоқа билан боғлиқ муаммони ўзи ҳам ҳис қилганини айтиб, муаммо яқин вақт ичида бартараф этилишига ваъда берган. 3 июль куни Сўх тумани ҳокимлиги Президент ва ҳукумат топшириғига асосан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги туманда алоқа сифатини яхшилаш, Uzmobile транспорт тармоғининг ўтказиш қувватини икки карра ошириш, 10 та базавий станцияни модернизация қилиш ва уларни 4G стандартига ўтказиш устида иш олиб бораётганини маълум қилган эди.

«Бошига қоп кийгизишди ва вертолётда олиб кетишди»
Фарғона вилоят прокуратураси 1 июнь куни Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 214-моддаси (оммавий тартибсизликлар) бўйича жиноий иш очган. Бироқ ушбу бўйича гумон қилинувчиларнинг қўлга олингани август ойидагина маълум бўлди. Жиноий иш очилган олти нафар шахс орасида 10 август куни ҳибсга олинган 23 ёшли Давлатжон Mаллаев ҳам бор. Суд қарорида айтилишича, у ҳукумат вакилларига тош отган.

Чоршанба куни «Озодлик» камида 12 кишининг қўлга олингани ва уларнинг орасида блогер Дадахон Ҳайдаровнинг ҳам борлиги ҳақида хабар берди. Дадахон Ҳайдаровнинг отаси Шерали Эралиев «Gazeta.uz» мухбири билан суҳбатда 22 август куни соат 09:00 атрофида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари унинг ўғлини олиб кетганини маълум қилди.

Шерали Эралиев ва Азиза Эралиева Сўх тумани «Навобод» маҳалласидаги уйида.
Фото: «Gazeta.uz»

«Ўғлим ухлаб ётганди. Уйимизга уч нафар ички ишлар ходими, маҳалла вакили, ‘участкавой’ ва яна бир фуқаро кийимидаги киши келди. Ҳаммамиз ташқарига чиқдик, мен ташриф сабабини сўрадим. Улар ўғлимнинг блогер эканлигини ва унинг фаолиятини текшириш учун олиб кетишлари кераклигини айтишди. Текширув ишларидан кейин уни қўйиб юборишга ваъда беришди. Биз ишондик ва хавотирга тушмадик. Кейин уни енгил машинада, адашмасам, Nexia’да олиб кетишди», — деди у.

Кейинроқ маҳалла қўмитаси ходими блогернинг онасига қўнғироқ қилган ва ўғлининг ишига эътиборли бўлишлари кераклигини айтган.

Сўх тумани ИИБ биноси.
Фото: «Gazeta.uz»

«1—2 соатдан кейин мен милиция бўлими рўпарасидаги маданият уйида бўлиб ўтган йиғилишга бориш учун марказга кетдим. Шу пайт фуқаро кийимида юрган, ўғлимни олиб кетган ходимни кўрдим. Ўғлим қаерда эканлигини сўрадим. У ҳозир маданият уйида йиғилиш бўлиб ўтаётганилигини, ўғлим шундан кейин чиқишини айтди. Буни эшитиб бир оз тинчландим. 11:00 да йиғилиш тугади, лекин ҳеч ким чиқмади. Милиция бўлимида у ерда ҳеч ким йўқлигини айтишди. Танишларим ҳам ўғлим милицияда эмаслигини айтишди», — дейди Шерали Эралиев.

Унинг сўзларига кўра, кечга яқин, соат 17:00—18:00 атрофида, у аёли билан яна Сўх тумани ички ишлар бўлимига борган. ИИБ бошлиғи Қосимжон Раҳимбердиев уларнинг ўғли ва бошқа ҳибсга олинганлар Фарғонага олиб кетилганини айтган.

«Биз нима бўлганини тушунмадик. Эрталабгача кутдик. Эрталаб Дадахоннинг ўзи телефон қилди. У Фарғонада, холасиникида экан. Дадахон уни милицияга олиб боришгани, кейин бошига қоп кийгизиб, вертолётда олиб кетишганини айтди. 5—10 минутдан сўнг кўзини очса, Фарғонада экан. У ерда уни кечгача сўроқ қилишган ва эртага текширув учун яна 10:00 келишини айтиб, қўйиб юборишган. Дадахон у ерга эрталаб борган ва, менимча, шундан сўнг уни ҳибсга олишган. Биз уни шундан бери кўрганимиз йўқ, ҳеч қандай хабар йўқ», — деди блогернинг отаси.

Шерали Эралиев аёли билан Фарғонага борган, давлат адвокати Шоира Абдураззоқова билан кўришган ва адвокатлик хизматларини кўрсатиш учун у билан шартнома тузган (2 миллион сўмга).

«У бу ишнинг баъзи жиҳатларини сўзлаб берди ва Дадахон қайси моддалар бўйича айбланаётганини айтди — Жиноят кодексининг 219 (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 244-моддалари (оммавий тартибсизликлар). 22 соат ўтиб, унинг 10 суткага ҳибсга олингани ҳақида айтди. Шундан бери Дадахон ва унинг қаерда сақланаётганлиги ҳақида хабар беришмаяпти», — дейди ота.

Дадахон Ҳайдаровнинг ота-онаси адвокатнинг маълумотларига таяниб, вилоятнинг Олтиариқ ва Қува туманларига борган, лекин ИИБ ходимлари блогернинг у ерда сақланмаётганини айтган. «Кейин бизга унинг Фарғона вилояти ИИБларидан биридаги изоляторда сақланаётганлиги ва аниқ қаерда эканлигини билмасликларини айтишди», — деди у.

Дадахон Ҳайдаров.
Фото: «Gazeta.uz»

Шерали Эралиев унинг ўғлини бош вазир олдида чиқиш қилганлиги учун ҳибсга олишган деб тахмин қилмоқда. «Қўшнилар ўша куни ундан блогер сифатида чиқишини ва барча муаммолар ҳақида сўзлаб беришини илтимос қилган эди. Бола ёшлик қилиб, чиқиб гапириб қўйган», — дейди йигитнинг отаси.

Шерали Эралиев — расман ишсиз, лекин қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият олиб боради, унинг аёли — шифокор. Отанинг сўзларига кўра, Дадахон Ҳайдаров ҳам расман ишсиз, лекин олий ўқув юртига ўқишга кириш учун ҳужжат топширишни режалаштираётган эди, бироқ коронавирус пандемияси сабаб бу нияти амалга ошмай қолди.

«Gazeta.uz» манбасига кўра, Сўх тумани ҳуқуқ-тартибот органларига 80—90 киши олиб кетилган. Сўх туманида яшовчи фуқаролардан бири исмини ошкор этмаслик шарти билан маълум қилишича, «Сариканда» маҳалласида яшовчи Махсум Аҳмедов (1973 йилда туғилган, уни машинада кетаётган вақтида тўхтатишган), Қалъа кўчасида яшовчи Дилмурод Маҳбубов (1992 йилда туғилган), «Чумоқча» маҳалласида истиқомат қилувчи Ойбек Оташов (2000 йилда туғилган) ҳам ИИБга олиб кетилган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил ноябрида Андижон вилояти Жалақудуқ туманида яшовчи Абдуллоҳ Тоҳиров 26 октябрь куни вилоят ИИБга чақирилганидан сўнг йўқолиб қолган, орадан 14 кун ўтибгина алоқага чиққан эди. Шунча вақт давомида Абдуллоҳ Тоҳиров қаерда, қандай сабаб билан сақлангани юзасидан ҳозиргача бирор расмий изоҳ берилмаган. Ўшанда ИИВ бу иш билан «бошқа идора шуғулланаётгани» сабаб вазият юзасидан изоҳ бермаган, Бош прокуратура эса бу борада маълумотга эга эмаслигини билдирган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Бошига қоп кийгизиб, вертолётда олиб кетишди» — сўхлик блогернинг отаси