16:43 / 31.08.2020
3 829

Олий суд судьяси лавозимига нолойиқ деб топилди

Олий суд судьяси лавозимига нолойиқ деб топилди
Фото: Xabar.uz
Ўтган ҳафта Судьялар олий кенгашида роса «иш қайнади». Кенгашнинг кунлик ишлари етарли, бироқ ҳаммаси йиғилиб, бўш судьялик ўринлари учун ўтказиладиган танловларга тақалдики, шу кун(лар)и «иш режими»га риоя қилмоқнинг иложи йўқ эди.
Кетган ҳафтанинг икки кунида кенгаш аъзолари зўриқиброқ ишлангани сабаби шунда.

Судьялар олий кенгашидаги юмушлар илгаргига қараганда кўпайганининг яна бир сабаби бор. Яқин-яқингача ваколат муддати тугаган судья то навбатдаги муддатга тайинланишини кутиб ҳатто йил ўтказарди. Чунки, унинг кейинги тақдирига қанча муддатда ойдинлик киритилиши бирорта ҳуқуқий ҳужжатда аниқ-тиниқ кўрсатилмаганди-да. Бундай бўшлиқ ваколат муддати якунига етган судьянинг меҳнатга оид ҳуқуқларига соя солиши баробарида, коррупцион ҳолатларга йўл очарди ҳам! Негаки, ярим йил-бир йиллаб бекор қолган судья тезроқ ишга тушиши учун «канал» қидиришга тушади. Ҳаммасиям муродига етмаслиги мумкин, бироқ уддалагани чиқади барибир. Зеро, судьялик – ҳазилакам лавозим эмас, бу мақомга етганлар бор, етмаганлар бор...

Ниҳоят, «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги қонунга қўшимча киритиш билан мазкур бўшлиқ тўлдирилди. Энди ваколат муддати тугаган судьянинг яна шу лавозимга муносиб ё номуносиблиги уч ойда ичида кўриб чиқилиб, узил-кесил хулоса қилиниши керак. Бу вақт мобайнида унга олган маоши баробарида товон тўлаб борилади...

Хуллас, қайд этилган қонунга қўшимча (26-1-модда) киритилиши кенгаш ишини чандон кўпайтиргани рост. Нега десангиз, ҳафта йўқки, ё ваколат муддати тугаб, ёки бошқа ишга ўтиб ёинки бошқа сабаблар билан ишдан кетиши натижасида бир эмас, бир неча судьялик ўрни бўшамаса... Бу ёқда шундоғам 165 та судьялик ўрни бўш турибди. Аммо бўш ўринларни муносиб кадрлар билан тўлдириш осон бўлаётгани йўқ: судьялар тайинловига боғлиқ аввалги хабарда 38 та бўш судьялик ўрнига даъвогар 66 нафар номзоднинг фақат 23 (!) нафарининг омади чопгани бироз ҳайрат ва оғриқ билан таъкид этилганди. Танлов жараёнида номзодларнинг «тутдай тўкилиши»ни Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров қисқа ва лўнда ифодалагани бежиз эмас: «Биз хато қилсак, қай бир маънода адолатга путур етади. Қачонки тайинлашда адолат бўлса, судда адолат бўлади!».

Ўтган ҳафта 38 та судьялик бўш ўринлари учун танловдан бир кун ўтиб, ваколат муддати тугаган 9 нафар судьяни янги муддатга тайинлаш масаласида Судьялар олий кенгаши ва Судьялар олий малака ҳайъатининг қўшма мажлисиям ўтказилди.

Мазкур қўшма мажлис эшиги ҳам оммавий ахборот воситалари ходимларига очиб қўйилди.

Бир кун аввалги танловда биринчи марта судьяликка тайинланадиганлар муқобиллик асосида саралаб олинган бўлса, кейингиси ундам жиддий тарзда кечди. Бунинг босики, ваколати якунига етганлар танловдан муваффақиятли ўтса, яна 10 йил судьялик нақд (тўғри ишласа, албатта). Баски, талаб ҳам шунга яраша бўлди.

Воқеаликдан озроқ илгарилаб айтсак, 9 нафар номзоднинг биттаси танлов арафасида «оқ байроқ»ни кўтарди: «тайёр эмасман, ижозат бўлса, кейингисида қатнашсам...». Ижозат берилди.

Қолган 8 нафарининг тенг ярмигина (4 нафари) кейинги муддатга ўтганига нима дейсиз? «Йиқилган»ларнинг иккитаси захирага олинган бўлса, яна иккитаси судьялик лавозимига нолойиқ деб топилганига-чи? Номзодларнинг ҳаммаси ваколат муддати тугаб, ярим йил-бир йилдан бери «бекор ётганлар» эмас. Аксинча, «бўшаб қолгани»га ҳали ой тўлмаган (уч ой қаёқда?!) судьялар ҳисобланади. Бундай қисқа вақтда қонунчиликда жиддий ўзгаришлар юз бермаслиги шундоқ аён. Шунга қарамай беш йилдан (судьяликнинг илк муддати) буён инсонлар тақдирига оид ҳукм-у қарорлар қабул қилиб, «қонунларнинг ичида яшаб келган» саккиз нафар номзоднинг тенг ярми танловда «қоқилиши» не, уларнинг икки нафари судьяликка нолойиқ деб топилганини айтинг...

Эътиборли ҳолатки, нолойиқ деб топилганларнинг бири беш йил Олий судда (!) судья сифатида ишлаган бўлса (бундан аввал туман ва вилоятда судьялик қилгани тайин), яна бири туманлараро иқтисодий судга раислик қилган?! Беш йил олий маҳкама тупроғини ялаган судья ўз ихтисослашуви бўйича бир қадар осон саволларга жавоб беролмай тизим билан хайрлашган бўлса, илк муддати давомида чиқарган 103 та (!) қарори бекор қилингани ортидан туманлараро иқтисодий суди раисининг ҳам «жавоби берилди».

Яқин бир ойда Судьялар олий кенгаши тайнловлар бўйича навбатдаги танлов ўтказади. Кенгашнинг оммавий ахборот воситалари (ОАВ) билан алоқалар шўъбасига кўра, бундан ёғига танловлар очиқ ва шаффоф ўтказилиши эътиборидан унда ОАВ ходимлари иштирокига чеклов бўлмайди.

Ё, насиб!..

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Олий суд судьяси лавозимига нолойиқ деб топилди