10:55 / 08.09.2020
994

Тадқиқот: ўпка ва юрак COVID-19’дан кейин аста-секин тикланади

Тадқиқот: ўпка ва юрак COVID-19’дан кейин аста-секин тикланади
Австриялик олимлар томонидан олиб борилган янги тадқиқотлар шуни кўрсатадики, вақт ўтиши билан коронавирус инфекциясидан зарарланган ўпка ва юракнинг фаолияти тикланади.

Инсбрук тиббиёт университети олимлари ўртача 61 ёшдаги 86 нафар беморнинг (жами 150 киши) кузатиш натижаларини эълон қилди, деб ёзади CNN. Улардан 21 фоизи COVID-19’дан интенсив равишда даволанган, яна 19 фоизи эса ўпка сунъий вентиляциясига ўтказилган.

Иштирокчиларнинг тахминан 65 фоизида олти ҳафталик тикланишдан сўнг биринчи текширувда нафас қисиши ва йўтал каби белгилар сақланиб қолган. Яна олти ҳафта ўтгач, фақатгина 39 фоизида нафас қисиши, 15 фоизида йўтал бўлган. 6 ҳафтадан 12 ҳафтагача ўпка ва юрак фаолияти кўрсаткичлари яхшиланди.

Компьютер томографияси шуни кўрсатдики, бу даврда ўпканинг умумий шикастланиши саккиз баллдан тўрт баллгача пасайган. Масалан, пневмониядан шикастланиш ва органда суюқлик тўпланиши (“хира ойна” симптоми) дастлаб беморларнинг 88 фоизида, 12-ҳафтада эса 56 фоизида кузатилган.

Юрак эхокардиограммаси шуни кўрсатдики, беморларнинг 58 фоизида чап қоринча дисфункцияси мавжуд бўлиб, яллиғланиш даражаси сезиларли даражада ошган. “Чап қоринча диастолик функцияси касаллик оғирлик даражасининг белгисидир, аммо биз унинг вақт ўтиши билан яхшиланганлигини кузатдик”, дея изоҳ берди тадқиқот ҳаммуаллифи Сабина Саханик.

Германия ва Италия олимлари томонидан олиб борилган яна бир тадқиқот натижаларига кўра, COVID-19 ҳатто енгил шаклда ҳам юракка асорат беради. Жамоа беморлар ҳолатини тахминан бир хил вақт ичида баҳолади ва юрак муаммолари қисқа муддатли ёки узоқ муддатли бўлиши тўғрисида ҳали аниқ хулосалар қилмаган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)