14:36 / 10.09.2020
3 939

Тошкент вилояти бош инфекционисти ҳибсга олинди

Тошкент вилояти бош инфекционисти ҳибсга олинди
Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева
Чирчиқ шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти юқумли касалликлари шифохонаси бош шифокори, Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева 8 сентябрь куни ҳибсга олинган. Бу ҳақида BBC News O’zbekга таяниб Kun.uz хабар берди.

Kun.uz мухбири Гулжаҳон Йўлдошеванинг синглиси Шаҳло Йўлдошева билан боғланганида у бу маълумотни тасдиқлади, аммо айни вақтда Г.Йўлдошевага қандай айблов қўйилганини билмаслигини, опаси коронавирусга чалиниб даволанганини, ҳибс этилишидан бир кун олдин шифохонадан чиққанини, соғлиги ҳали тўлиқ тикланмаганини, ҳибсга олиниши натижасида икки ва уч ёшли фарзандлари онасидан ажратилганини айтиб берди. Шаҳло Йўлдошева опасига нисбатан 250 миллион сўмлик маблағни талон-торож қилиш бўйича айблов қўйилаётганини айтган.

Аввалроқ Гулжаҳон Йўлдошева Kun.uz сайтига интервью бериб, пандемия шароитида у бошчилик қилган касалхонага керакли тиббий ускуналар ажратилмаётгани ва раҳбарлиги остида коронавирус беморларини ўзи ва оиласи ҳаётини хавф остига қўйиб даволаган тиббиёт ходимларининг меҳнати муносиб рағбатлантирилмаётганини, оғир вазиятда Тошкент вилояти тиббиёт бошқармаси томонидан керакли ёрдам берилмаганини айтган эди.

Жумладан, Гулжаҳон Йўлдошева ўзи бошчилик қилган касалхона биринчилардан бўлиб коронавирусга чалинган беморларни қабул қилгани, июль ойи ўртасидан шифохона оғир аҳволдаги беморлар билан тўлгани, ўлим ҳолатлари кузатилгани, бироқ шунга қарамай, вилоят тиббиёт бошқармаси томонидан ушбу касалхонада коронавирус беморлари даволанаётгани тан олинмагани ҳақида сўзлаган эди.

Кейинроқ, бу масалада вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўрақул Арзиқулов муносабат билдириб, Чирчиқдаги шифохона COVID-19'ни даволашга ихтисослашмаганини, Г.Йўлдошева асоссиз маълумотлар тарқатаётганини айтганди. Бироқ мазкур касалхона KOVID-19га чалинганларни даволагани ва оғир пандемик вазиятда керакли тиббий техника билан таъминланмагани борасида айтилган иддаоларга етарлича изоҳ бермаган эди.

Kun.uz мухбири Гулжаҳон Йўлдошеванинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ вазият юзасидан изоҳ олиш мақсадида Бош прокуратуранинг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлимига мурожаат қилди. Бўлим бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов ушбу масала юзасидан қисқа фурсатларда ахборот берилишини маълум қилди.

Маълумотларга кўра Гулжаҳон Йўлдошева 2018 йил сентябрдан буён Тошкент вилояти юқумли касалликлари шифохонаси бош шифокори, Тошкент вилояти бош инфекционисти лавозимида ишлаб келади. 6 нафар фарзанднинг онаси, фарзандларининг кичиги шу йилнинг 20 сентябрида икки ёшга тўлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкент вилояти бош инфекционисти ҳибсга олинди