08:00 / 14.09.2020
2 233

Дори воситаларининг Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний тарзда олиб кирилишининг олди олинди

Дори воситаларининг Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний тарзда олиб кирилишининг олди олинди
Видеодан кадр
Тошкент ва Сирдарё вилоятларида дори воситаларини ноқонуний равишда чегарадан ўтказишга уриниш ҳолатлари тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда ДХХ Чегара қўшинлари матбуот хизматига асосланиб, «Kun.uz» хабар қилган.

Хабарга кўра, Тошкент вилояти Бекобод тумани ҳудудида Nexia тўхтатиб текширилганда машина ичида Тожикистондан Ўзбекистонга олиб кирилаётган 640 миллион сўмлик 4000 дона «Меропенем» дори воситаси борлиги аниқланган.

«ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг Давлат божхона қўмитасининг Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда Бекобод тумани ҳудудида ўтказган тезкор тадбири давомида фуқаро Ғофуров бошқарувидаги Nexia тўхтатиб, текширилди. Машина салонидан 640 миллион сўмлик 4000 дона «Меропенем» дори воситаси борлиги маълум бўлди», – дейилади ДХХ маълумотида.

Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида тожикистонлик Шуҳрат исмли шахсга тегишли бўлган мазкур дори воситалари айланма йўллар орқали Ўзбекистонга олиб ўтилгани, Ғофуров уларни келгусида сотиш учун Шуҳратнинг Тошкент шаҳридаги танишларига етказиб бериши режалаштиргани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Сирдарё вилоятида ҳам фуқаролар Мамаев ҳамда Қўчқоров давлат чегарасининг Сирдарё тумани «Оқ йўл» МФЙ ҳудудидан ўтувчи қисмидан Қозоғистонга тиббий буюмлар ва дори воситаларини яширин равишда ўтказишга уринганида ДХХ Сирдарё вилояти бошқармаси ва Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан ушланган.

Ушбу шахслардан қарийб 75 миллион сўмлик «Тивортин», «Дексаметозон» дори препаратлари ва бошқа тиббиёт воситалари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат бўйича дастлабки терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Дори воситаларининг Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний тарзда олиб кирилишининг олди олинди