date
views 2 927

Андижонда ИИБ ходими шифокорни калтакладими? Бош прокуратура вазиятга ойдинлик киритди

Андижонда ИИБ ходими шифокорни калтакладими? Бош прокуратура вазиятга ойдинлик киритди
Фото: Видеолавҳадан скриншот
Кеча ижтимоий тармоқларда Андижонда шифокор ИИБ ходими томонидан калтакланганига оид хабар тарқалди. Узуқ-юлуқ лавҳада шифохонада икки эркак муштлашаётгани, уларни ажратишга уринаётган яна бир шахснинг ҳаракатлари беҳуда кетаётгани ва вояга етмаган бир боланинг жон ҳолат чинқирганини илғаш мумкин эди, холос. Лавҳа ортидан эса зўравон ИИБ ходими экани таъкидланади.

Бош прокуратура матбуот хизматига кўра, воқелик 2020 йил 29 август куни соат 17:30 лар чамасида Андижон туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 3-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасида юз берган. Шу куни навбатчилик қилаётган умумий амалиёт шифокори Ю.Озодбеков Андижон тумани, Кенгаш МФЙда яшовчи Ғ. Мадаминовнинг (1980 йилда туғилган) уч яшар жиянини коронавирус пандемияси билан гумон қилинган шахсларни жойлаштирувчи изоляция хонасида қабул қилмоқчи бўлади. Бундан жаҳли чиққан Ғ.Мадаминов навбатчи шифокор Ю.Озодбеков билан ўзаро жанжаллашиб кетади ва уни уриб, тан жароҳати етказади.

Мазкур ҳолат бўйича олиб борилаётган терговга қадар текшириш ҳаракатлари давомида Ғ.Мадаминов ва шифокор Ю.Озодбеков ўзаро ярашиб олишганлигини, бир-бирига нисбатан ҳеч қандай даъво ёки эътирози йўқлигини билдириб, суд-тиббий экспертизадан ўтишдан бош тортишади. Шундан келиб чиқиб, терговга қадар текширувни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Тўпланган ҳужжатлар назорат тартибида ўрганилганида профилактика инспектори суриштирув ҳаракатларини бир томонлама олиб борганлиги, ҳолатга гувоҳ бўлган қўшимча шахсларни аниқламаганлиги, ижтимой тармоқларда акс этган ҳолатларни иш ҳужжатларига қўшмаганлиги ва бошқа суриштирув ҳаракатларини олиб бормасдан шошма-шошарлик билан ҳеч қандай процессуал аҳамиятга эга бўлмаган қарор қабул қилганлиги аниқланди.

Шунга кўра, мазкур қарор 13 сентябрь куни Андижон туман прокурори томонидан бекор қилиниб, туман ИИБ ҲПБ ТП профилактика инспектори Ф.Иргашевга нисбатан хизмат текшируви тайинланган.

Бош прокуратура матбуот хизмати «зўравон ростанам ҳам ИИБ ходимими?» деган саволга қуйидагича аниқлик киритди: жанжаллашган фуқаро Ғ.Мадаминов, унинг укаси Ш.Мадаминов туман ИИБ тезкор вакили вазифасида ишлайди. Ҳозирча у шифохонага акаси ва шифокор ўртасида жанжал бўлиб ўтганидан сўнг етиб боргани маълум.

Ҳозирда туман прокуратураси томонидан қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Андижонда ИИБ ходими шифокорни калтакладими? Бош прокуратура вазиятга ойдинлик киритди