00:23 / 01.10.2020
1 866

Коронавирусдан даволанаётган бемор ССВ раҳбарига мурожаат қилди

Коронавирусдан даволанаётган бемор ССВ раҳбарига мурожаат қилди
Ижтимоий тармоқларда коронавирусга чалинган беморларни даволаш учун вақтинчалик марказга айлантирилган Жиззах политехника институти ётоқхонаси 411-хонасида даволанаётган фуқаро Қобилжон Абдусатторовнинг Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга йўллаган видеомурожаати тарқалди.

Фуқаро ўз мурожаатида давлат коронавирусга чалинган ҳар бир бемор учун 32 миллион сўмдан пул сарфланаётгани ҳақида баёнот бераётган бир вақтда у нима учун дориларга ўз ёнидан пул сарфлашга мажбур бўлаётганига қизиққан, шунингдек, мурожаат қилган куни бутун бошли бир бинодаги беморларга бир челак овқат берилгани, ётоқхона остонасига ҳар куни ўнлаб одамлар ёрдам сўраб келаётганига қарамай, унинг ёнидаги койка нима учун бир кундан бери бўш қолаётганини маълум қилган.

- "Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга бир-иккита саволларим бор эди. Биринчи саволим қуйидагича — агар давлатимиз коронавирусга чалинганларнинг ҳар бири учун 32 миллион сўмдан пул ажратаётган бўлса, унда биз нега дориларни ўз ҳисобимиздан сотиб оляпмиз? У пуллар қани, қаерга кетяпти? Нима, сенлар халқни алдаяпсанми? Агар ростдан ҳам пул ажратилаётган бўлса, унда дорилар қани? Ажратилмаган бўлса, унда нега «ажратяпмиз» деб халқни алдаяпсанлар, инсофингга сенларни!

Оддий бир нарса — шармандалик — бугун тушлик йўқ. Йўқ тушлик! «Санитарка»ни чақириб, тушлик қани десак: «Шунча одамга бир пақир овқат беряпти-да, қайси бирингизга етказаман?!», дейди. Ана шармандалик! Ҳар бир одамга 32 миллион сўмдан ажратаётган давлатимиз бутун бошли бинога бир пақиргина овқат бераётган экан! Демак, фирмачиларининг қозонига ҳамма маҳсулот ҳам тушмаяпти, қаерларгадир, кимларнингдир уйларига ҳар куни кетяпти 50 килодан гўшт. Тўғрими, шундай бўляптими?

Бу ишларнинг тагига етиб, менга шахсан ҳисобот беришингизни халқ номидан талаб қиламан! Сен раҳбарларнинг ҳеч қайси бирингдан қўрқмайман! Сенлардан узр ҳам сўраб чиқмайман! Мен Чўлпон юртиданман, бошимга қилич келса ҳам сенларга мана шундай тик туриб гапираман.

Мана яна битта очиқ ҳақиқат — ёнимдаги жой бўш турибди, кеча эрталаб бўшаган. Кеча кечгача бўш турди, бугун ҳам кечгача бўш турибди. Лекин ҳозир пастга, қабулхонага тушсанг, камида 30—40 нафар бемор ётибди, эшик тагида турибди, қалтираб, нафас ололмай. Уларни: «Жой йўқ бизда, тўлган ҳаммаси», деб қайтариб юборишяпти. Буларни ким назорат қилади? Президент ишонган одам сенми, Алишер Шодмонов? Нега назорат қилмаяпсан буларни?

Мана бу ерда оддий халқ келади-да, ҳеч нарсани гапиришни билмайди, индамай кетаверади. Уч–тўрт сўм бериб, ётади-да, бўлди, кетади. Лекин бу муаммоларни кимдир айтиши керак-ку! Мана, мен айтяпман. Чорангни кўр, шахсан менга ҳисоб берасан. Амалдорлар, бирортангдан қўрқмайман", - дейди Жиззахда коронавирусдан даволанаётган фуқаро Қобилжон Абдусатторов.

Аввалроқ Тошкентдаги «Ёшлик» аренасида ташкил этилган 520 ўринлик саралаш марказида бирорта ҳам бўш ўрин қолмагани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, пойтахтдаги «Универсал» спорт мажмуасида ташкил этилган вақтинчалик шифохонада ҳам қонунга зид хатти-ҳаракатлар содир этилгани ҳақида мурожаат пайдо бўлган, кейинроқ бунга шифохона ташкилотчиси ҳисобланган Ички ишлар вазирлиги муносабат билдирган эди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)