00:05 / 08.10.2020
3 911

Боланинг келажакда қашшоқ инсон бўлишига олиб келадиган тарбиядаги хатолар

Боланинг келажакда қашшоқ инсон бўлишига олиб келадиган тарбиядаги хатолар
Фото: Quick and Dirty Tips
Фарзанди келажакда мақсадларига эришиши, мустақил фикр ва қарашларга эга шахс сифатида вояга етишини истаган ота-оналар тарбияда ортиқча ғамхўрлик қилиш ва ҳаддан ортиқ қаттиққўл назоратдан тийилиши керак. Қуйида тарбияда кузатиладиган хатоларга тўхталиб ўтамиз.

Ҳаммасини фарзанд учун ҳал қилиб қўйиш
Ҳамма нарсани фарзанд учун ҳал қилиш — қандай университетга боради, қайси касбни танлайди, ким билан дўст тутинади, кимга уйланади ёки эрга тегади, унинг номидан қарор қабул қилиш оқибати яхшилик билан тугамайди. Ота-оналар фарзандлари учун ҳамма нарсани ҳал қилиб қўйган оилаларда бола доим «қолипда» бўлади, ўз фикри ва истаги, танлов эркинлиги ва ўзини шахс сифатида намоён қилиш имкони бўлмайди. Бу эса унинг тақдирига ҳам таъсир қилмай қолмайди. Яхши кўрмаган иши билан шуғулланган, кимнингдир хоҳиши ёки айтгани билан иш бажарган одам вақти келиб ҳаммасидан тўяди ва қўл силтайди. Ота-онасининг орзулари таъсирида яшаган болалар келажакда ўзини топиши ва англаши қийин бўлади.

Бундай ҳолат кўпинча бир касб ёки ҳунар билан шуғулланиб келган оилаларда кузатилади. Масалан, шифокор, юрист ва ўқитувчи оилаларида оилавий касбни давом эттириш учун боланинг бошқа соҳага бўлган қизиқиши иккиламчи ҳисобланади.

Ҳаддан ортиқ яхши кўриш
Баъзи оналар боласини қаттиқ яхши кўради ва ғамхўрлик қилишни ошириб юборади. Психологларнинг фикрига қараганда, ҳаддан ортиқ яхши кўриш болани қатъиятсиз бўлишига сабаб бўлиб қолиши мумкин. Бола катта бўлгани сари бундай ёндашув салбий таъсир кўрсата боради. Ота-она бола вояга етганидан кейин ҳам ҳар томонлама таъминлаши ва ўз аравасини тортишига имкон бермаслиги оқибатида бола ўзлигини тополмайди, қийин вазиятда мустақил ечим топишга бегона бўлади. Мустақил ҳаракат қилиш тажрибасига эга бўлмаган фарзанд беғам, бошига ташвиш тушиб қолганда ота-онаси ҳал қилиб беришига ишонган ҳолда катта бўлади. Бош қотирадиган ва интиладиган нарса бўлмаганидан кейин бекорчиликка, унинг ортида эса ўйинларга, наркотик моддалар ёки спиртли ичимликларга муккасидан кетади.

Мутлақ назорат
Баъзи ота-оналар назорат қилишни болага ҳам 20 ёшли фарзандга ҳам бирдек қўллайди. Бу эса фарзанднинг шахс сифатида шаклланишига салбий таъсир кўрсатади. Бошига бирон ташвиш тушганда ҳамиша назорат остида бўлган, чизилган чизиқдан чиқмаган фарзанд ота ёки онасининг кўрсатмасини кутади, мустақил қарор қабул қила олмайди ва муаммога ечим тополмай, боши қотади. Бу каби негатив сюжет фарзандингиз ҳаётида учрашини истамасангиз, болангиз мустақил бўлиши ва ўзини намоён қилиши учун имкон беринг. Бир марта қоқилади, иккинчи марта хато қилади аммо ҳаётий тажрибалардан кейин ўз ўрнини топа олади.

Молиявий мустақил бўлишга 14-15 ёшдан ўргатиш, 18 ёшда эса фарзанд қиз ёки ўғил бўлишидан қатъий назар ўз харажатларини ўзи қоплай олиши керак. Талабалик вақтидан ўзини ўзи таъминлай олган фарзанд ота-онасини чўнтагига қараб қолган ўғил-қиздан кўра кўп нарсага эришади.

Севги ва меҳрга ташналик
Оилада меҳр ва эътибор кўрмаган, фикри инобатга олинмаган фарзанд келажакда ёмон муносабат истамагани ва ҳамма уни яхши кўришини истагани сабаб ҳамма нарсага кўниб, рози бўлиб кетаверадиган бўлади. Бундай бола лидер ёки кучли феъл-атворга эга шахс бўлиб вояга етмайди. Болалигидан эгилиш уқтирилган бола бир умр бошқа одамлар таъсирида бўлади ва ҳеч қачон ўз менини намойиш қилолмайди.

Аълочилик синдромига сабабчи бўлиш
Ёмон баҳо учун жазолаш табиий, деб ўйлайдиган ота-оналар фарзанди ҳамиша стрессда бўлади. Бундай ота-оналарга бола, унинг руҳияти эмас атрофдагилар фикри ва нима деб ўйлаши муҳим. «Қизим / ўғлим омадсиз эканини эшитган одамлар мен ҳақимда нима деб ўйлайди?» сингари фикрлар билан ўзларини оқлаш ҳолатлари ҳам кузатилиши мумкин ва бундай вазиятда болада аълочи синдроми шакллана бошлайди. Етакчи ва биринчи бўлиш ҳамма нарсадан муҳим бўлади.

Вояга етганда эса бундай фарзандлар бирон нарса муваффақиятга эришишига 100 фоиз амин бўлмаса, ҳаракат қилмайди, бу эса ҳаётда кўп қоқилишлари, янги нарсага қарор қила олмай қийналишларига сабаб, ҳаётини ўзгартиришига эса тўсиқ бўлади. Мактабда аъло баҳога ўқиган боланинг ҳаётда муваффақиятга эришиш эҳтимоли кам эканлиги ҳам шундан. Уч баҳога ўқиганларнинг эса кўпинча омади чопади, чунки улар хато қилишдан қўрқмайди ва уриниб кўради. Улар натижа қандай бўлишини билмаган тақдирда ҳам, синаб кўриш ва давом этишдан қўрқмайди.

Жисмоний жазолаш
Психолог Елена Сурнинг фикрича, болани жисмоний жазолаш яхшиликка олиб келмайди. Қилган иши тўғри эмаслигини билдириб қўйиш учун калтакланган фарзанд бутун умр жисмоний ва эмоционал қўрқувда яшайди. Бундай болалардан келажакда бошқа одамлар шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиши мумкин. Улар хато қилиб қўйса, ташлаб кетилиш ёки ишдан қувилишдан қўрқиб яшайди, доимий қўрқувни ҳис қилиш эса муваффақиятга эришишга қаршилик қилади.

Бошқалар билан солиштириш
Болангизни ҳеч қачон бошқа биров билан солиштирманг. Бола ўзини бошқалардан ёмон ёки камчилиги бордек ҳис қилиши мумкин. Кимнидир ўрнак қилиб кўрсатилган бола ўзини яхшироқ эканини исботлашни хоҳлайди. Бундай одамларни биргина мақтов ва эътироф қилиш орқали манипуляция қилиш осон бўлади. Ўзига бўлган баҳоси нотўғри шаклланган инсон ҳамиша бошқалар эътиборини кутиб яшайди, мустақил ҳаракатлана олмайди ва доим бошқалар фикрига қарам бўлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Боланинг келажакда қашшоқ инсон бўлишига олиб келадиган тарбиядаги хатолар