07:00 / 19.10.2020
2 022

Ўзбекистонда шахс ўз салоҳиятининг неча фоизидан фойдалана олиши ҳисоблаб чиқилди

Ўзбекистонда шахс ўз салоҳиятининг неча фоизидан фойдалана олиши ҳисоблаб чиқилди
Сентябрь ойида Жаҳон банки дунё мамлакатларининг 2020 йил учун инсон капитали индексини эълон қилганди. Унда Ўзбекистон ҳам қатнашиб, тарихда илк бор 62 фоизлик натижа қайд этди. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаевнинг мақоласида бу рейтинг қандай тузилиши, Ўзбекистон натижаси ва кейинги режалари ҳақида сўз боради.

Инсон капитали индекси қандай аниқланади?
Бу йилги индексга 2020 йил март ойигача бўлган маълумотлар киритилган. Индекс давлатлар ўз фуқароларининг салоҳиятидан қай даражада самарали фойдаланаётганини ўлчайди. Бу орқали мамлакатда келажак авлодга қилинган инвестициянинг самардорлигини ҳам ўлчаш имкони яратилади. Таълим ва соғлиқни сақлашга бўлган эътиборсизлик туфайли мамлакат қанча зарар кўриши мумкинлиги ва бу зарар келажак авлодга салбий таъсир этиши ҳам таҳлил қилинади.

Инсон капитали инсонлар умри давомида тўплаб борадиган билим, кўникма ва саломатликдан иборат. Булар инсонга жамиятнинг керакли аъзоси сифатида ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришга имкон беради.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, давлатларнинг иқтисодий ривожланиш даражаси 30 фоизгача бўлган ҳолатда инсон капитали сифатига қараб аниқланади.

Инсон капитали индекси 3та асосий компонентдан иборат:
  • яшаб қолиш (туғилган боланинг мактаб ёшигача яшаши)
  • таълим (таълим давомийлиги ва сифати)
  • саломатлик (мактаб битирувчиларининг меҳнат бозорига меҳнатга яроқли соғлом инсон сифатида чиқиши)

Бу компонентлар 6та кўрсаткич бўйича: янги туғилган боланинг 5 ёшгача яшаб қолиш эҳтимоли, таълимнинг давомийлиги, таълим натижалари (билим даражаси), вояга етган болаларнинг яшаб қолиш кўрсаткичлари, соғлом ўсиш, нуқсонсиз вояга етган болалар улушига қараб баҳоланади.

Ўзбекистонда бир инсон ўз салоҳиятини ўртача 62 фоиз ишлата олади
Ўзбекистон ўз тарихида илк маротаба 62 фоизлик натижа билан ушбу индекс рейтингига киришга муваффақ бўлди. Яъни пандемиягача бўлган даврда Ўзбекистонда туғилган бола ўзининг маҳсулдорлик салоҳиятини ўртача 62 фоиз қўллай олади, деб баҳо берилмоқда.

МДҲ давлатлари орасида энг яхши натижа Беларус (70 фоиз), Россия (68 фоиз) ва Қозоғистонда (63 фоиз) қайд этилган.

Ўзбекистон олдинги йилларда нега индексда қатнашмаган?
Дунё мамлакатларида инсон капиталини баҳолаш 1990 йиллардан бошланган. Ўзбекистон бу рейтингдан ўрин олиши учун бир неча йил олдин ҳаракатлар бошланган. 2018 йилда эълон қилинган «Инсон капитали индекси – 2018» рейтингида Ўзбекистон Республикасининг маълумотлари эълон қилинмаган. Бунда Ўзбекистон томонидан фақат соғлиқни сақлаш ва иқтисодий кўрсаткичлар тақдим этилган ва бу Жаҳон банки томонидан қабул қилинган. Лекин 2017 йилгача Ўзбекистон мактаб ўқувчиларининг билимини аниқлаш учун ўтказилган мониторинг ишлари халқаро стандартларга мос эмаслиги сабабли таълим сифати (ўқувчиларнинг билимини баҳолаш) бўйича тақдим этилган маълумотлар қабул қилинмаган.

Таълим сифатини яхшилаш учун қилинаётган ишлар доирасида Халқ таълим вазирлиги ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда Ўзбекистонни «Инсон капитали индекси» рейтингига киритиш бўйича музокаралар олиб борилди.

Жаҳон банки вакиллари Ўзбекистоннинг индекс тадқиқотларида биринчи марта иштирок этаётганини ҳисобга олиб, индекс учун маълумотлар тайёрлаш ва халқаро рейтингни аниқлаш учун ташкил қилинадиган синовларни ўтказишда Таълим инспекциясига ишонч билдирилди.

2019 йилнинг ноябрь ойида Жаҳон банки билан ҳамкорликда TIMSS халқаро тадқиқотлари саволлари асосида математика бўйича мактаб ўқувчиларининг билимини ўрганиш бўйича синовлар ташкил этдик. Ушбу синовлар учун амалий кўникма ва мантиқий фикрлашни баҳолашга қаратилган саволлар халқаро тан олинган тестологлар томонидан тузиб берилди. Мазкур синовларда қайд этилган натижалар ҳам Жаҳон банки томонидан Ўзбекистонда инсон капиталини аниқлаш бўйича ўтказилган тадқиқотларда фойдаланилди.

Жаҳон банки томонидан ўтказиладиган ўрганишларда PISA ва PIRLS халқаро тадқиқотлари ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлади. Шу сабабли кейинги халқаро тадқиқотларда иштирок этиш бўйича тайёргарлик кўрилмоқда.

62 фоиз яхши кўрсаткичми?
Жаҳон банки ўтказган тадқиқотга кўра, Ўзбекистонда янги туғилган 100 нафар боланинг 98 нафари 5 ёшгача яшаб қолади. Бола 18 ёшга тўлганида 12 йиллик мактабни тамомлашини кутиши мумкин. Натижаларга кўра, ўқувчиларнинг ўртача билим кўрсаткичи шкала бўйича 474 баллни ташкил этди. Ўқувчилар томонидан олинган билимлар миқдорини ҳисобга олган ҳолда болаларда ўртача мактаб йиллари 9,1 йилни ташкил этади.

Яшаб қолиш кўрсаткичи бўйича 15 ёшдаги болаларнинг 87 фоизи 65 ёшгача умр кўришади. Соғлом ўсиш кўрсаткичлари бўйича мамлакатдаги 100 нафар боланинг 89 нафари соғлом ўсишда муаммоларга дуч келмайди. 11 нафари эса ривожланишда сусткашликка учраши, когнитив ва жисмоний нуқсонларга дуч келиши мумкин.

Жаҳон банки тадқиқотларида мослаштирилган тест натижаларига кўра, ўқувчиларнинг билим кўрсаткичи 625 балл энг юқори, 300 балл эса энг паст кўрсаткич деб оладиган бўлсак, Ўзбекистон қайд этган натижани тадқиқотлардаги биринчи иштирок учун яхши натижа сифатида баҳолашимиз мумкин.

Аммо бу кўрсаткичлар 2019 йилнинг ноябрь ойида ўтказилган Ўзбекистон ўқув дастурларига яқин TIMSS халқаро тадқиқотлари саволларининг натижаси асосида шаклланган. 2021 йилнинг апрель-май ойларида тажриба-синов тариқасида, 2022 йилда эса асосий тадқиқот сифатида ўтказиладиган PISA ва 2021 йилнинг апрель ойида ўтказиладиган PIRLS тадқиқотлари натижалари индексдаги вазиятни ўзгартириши мумкин. Чунки бу тадқиқотлар тартиби Ўзбекистон таълим тизимидан анча фарқ қилади. Шунга қарамай, бу тадқиқотларга ҳам етарли даражада тайёргарлик кўриш учун ҳаракат қилинмоқда.

Пандемия йўқотишларга сабаб бўлиши мумкин
Пандемия барча соҳаларни, таълим тизимини ҳам қийин аҳволга солиб қўйди. Барча давлатлар олдида инсонлар саломатлигини сақлаш учун таълим муассасаларини ёпиш ёки сифатни таъминлаш учун анъанавий таълим беришни давом эттириш каби қийин танлов пайдо бўлди.

ЮНЕСКО таҳлилларига кўра, 2020 йилда 194та мамлакатдаги таълим муассасаларининг ёпилиши 91 фоиз ўқувчи-талабаларга яъни 1.6 миллиард таълим олувчиларга ўз таъсирини ўтказди.

Жаҳон банкининг 157та давлатдаги ҳолатлар бўйича таҳлилларига кўра, COVID-19 пандемияси таъсирида, таълим муассасалари тахминан 4 ой давомида ёпиқ ҳолатда қолган бўлиб, масофавий тарзда таълим олиш синфхонада юзма-юз ўтилган дарс каби самарали бўла олмаслиги тахмин қилинмоқда. Масофадан ўқитиш барча ўқувчилар учун бирдек қулай эмаслиги, уларни назорат қилиш қийинроқ бўлиши, алоқа воситаларидаги муаммолар сабабли ўқувчилар билими минимал кўрсаткичдан тушиб кетиш эҳтимоли борлиги, ўқувчиларнинг билимидаги ва ўқиш муддатидаги йўқотишлар кейинчалик иқтисодий даромадларининг ҳам пасайишига олиб келиши мумкинлиги айтилди.

Хусусан, Жаҳон банки таҳлилларига кўра, мамлакатимизда коронавирус пандемияси сабаб, мактабларнинг масофавий тизимга ўтказилиши соҳада 28 фоизлик йўқотишларга олиб келиши мумкин.

Бунинг объектив сабаби сифатида эса масофавий ўқитиш анъанавий дарс каби самарали бўла олмаслиги, масофавий ўқитиш барча ўқувчилар учун бирдек қулай эмаслиги, таълим сифатини назорат қилиш қийинлиги каби муаммоларни келтириш мумкин.

Жаҳон банки таҳлилларига кўра, болалар анъанавий таълимда ўзлаштирилиши лозим бўлган билимларнинг чорак қисмидан кўпроғини ўзлаштира олмаган. Агарда ушбу бўшлиқни қоплаш бўйича зудлик билан чора-тадбирларни амалга оширмасак, иқтисодиёт ҳар йили ўртача 425 миллион АҚШ доллари миқдорида зарар кўриши мумкинлиги айтилмоқда.

Бугун мактабларда таълим олаётган болалар эртага инсон капитали сифатида меҳнат бозорига кириб боради. Бу ҳолат таълимдаги қашшоқликнинг ҳам ошишига сабаб бўлади. Масалан, пандемия туфайли жорий этилган карантин чоралари сабабли математика бўйича таълимдаги йўқотишларимиз 3 фоизга ошди. Яъни ўзбекистонлик ўқувчиларнинг математика бўйича ўзлаштиришининг пасайиши 48 фоиздан 51 фоизга юқорилади.

Албатта, бунинг олдини олиш учун ҳам зарур чоралар вақтида кўрилиши керак.

Улуғбек Ташкенбаев,
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда шахс ўз салоҳиятининг неча фоизидан фойдалана олиши ҳисоблаб чиқилди

Жамият янгиликлари