12:20 / 19.10.2020
3 678

Зангиотадаги COVID-19 касалхонаси олдида маййитларни олиб кетиш учун юзага келган навбат видеоси тарқалди

Зангиотадаги COVID-19 касалхонаси олдида маййитларни олиб кетиш учун юзага келган навбат видеоси тарқалди
Ижтимоий тармоқлар ва Telegram’даги оммабоп каналларда Зангиотадаги коронавирусга чалинган беморларни даволашга ихтисослаштирилган юқумли касалликлар шифохонаси дарвозаси олдида юзага келган навбат видеоси тарқалди — видеодан англашилишича, навбатда турганлар шифохонада вафот этган яқинларини олиб кетиш учун келганлардир; таъкидланишича, «кунлаб навбат кутаётганлар бор».

Видеода фуқаролар улар билан мулоқотга чиққан шифохона масъулига қарата «майит ювувчиларни кўпайтириш»ни талаб қилаётгани, масъул ходим эса «қўлида бўлганида, ювувчиларни кўпайтириб қўйган бўлиши»ни айтаётганини кўриш мумкин. Айни вақтда дарвоза олдидаги масъуллардан бири фуқароларга «юқорироқ жойга мурожаат қилиш»ни тавсия этган.

Видео шифохонани қўриқлашга жалб этилган ҳарбий хизматчилардан бири фуқаро дарвоза олдидаги жараённи тасвирга тушираётганини пайқаб қолиб, унинг олдига яқинлашиб келганидан сўнг якунига етган. Ушбу видеоёзув юзасидан ҳозирча на Соғлиқни сақлаш вазирлиги, на бошқа ташкилотлар изоҳ берганича йўқ.

Ижтимоий тармоқларда видеога илова қилинган матнда таъкидланишича, «шифохонанинг ўликхонасидан майитларни олиб кетиш қийин бўлиб қолган – одамлар қариндоши вафот этганлигини тасдиқловчи ҳужжатни олиб келиб ҳам, соатлаб кутишга мажбур бўлмоқда, тобут ташийдиган машиналар эса нархларни 700 мингдан бошлаб кўтариб ташлаган».

Куни кеча ижтимоий тармоқларда соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари Абдуҳаким Хаджибаевнинг Зангиотадаги шифохонада ўтказилган йиғилишдаги сўзлари аудиоёзуви тарқалиб кетган, унда амалдор «кислород босими тушиб кетаётгани учун» ушбу шифохонада «ҳар куни бир неча одам ўлаётгани»ни таъкидлагани маълум бўлган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Зангиотадаги COVID-19 касалхонаси олдида маййитларни олиб кетиш учун юзага келган навбат видеоси тарқалди

Жамият янгиликлари