18:05 / 20.10.2020
3 884

Наманганда коронавирусга чалинган тирик фуқаронинг яқинларига унинг ўлгани хабар қилиниб, бошқа маййит бериб юборилди

Наманганда коронавирусга чалинган тирик фуқаронинг яқинларига унинг ўлгани хабар қилиниб, бошқа маййит бериб юборилди
Наманганда коронавирусга чалинган беморлар даволанувчи тақсимлаш марказида беморлардан бири вафот этгани тўғрисида уларнинг оила аъзоларига хабар берилган. Марҳумнинг ўғли отасининг жасадини олиш учун шифохонага борган ва унинг қўлида бўлган телефон қаерда эканлигини аниқлаш учун қўнғироқ қилганида телефонни отасининг ўзи кўтарган. Бу ҳақда «Севимли» телеканалининг «Замон» информацион дастурида маълум қилинди.

Ижтимоий тармоқларда Наманган шаҳрида «Илғор» маҳалласида яшовчи фуқаро COVID-19’га чалинганлар шифохонасида вафот этгани ва маййитни ювиб, унинг яқинларига бошқа жасад бериб юборилгани тўғрисида хабар тарқалди. Ушбу маълумотни тарқатган Қобил Мирзаев исмли фуқаронинг сўзларига кўра, шифохонада ҳақиқатан ҳам бошқа кишининг жасади бериб юборилган.

Маҳалла раиси Камолиддин Мавлоновнинг айтишича, марҳумнинг ўғлига ростан ҳам касалхонадан отаси ўлгани тўғрисида қўнғироқ бўлган, бироқ мазкур ҳолат касалхонанинг ўзида ҳал этилган.

«23 сентябрь куни дадам билан гаплашдик, саломатман дедилар. Орадан 20 дақиқалар ўтгач, шифокорлар қўнғироқ қилиб, оғирлашиб қолди дейишди. Ортга қайтдим. Бўлмай қолди (вафот этди — таҳр.) дейишди. Шуни орасида бир соат вақт ўтди. Биз ўша ерда деб ўйладик. Телефонлари эсимга тушиб қолди ва қўнғироқ қилсам, жавоб бердилар. ‘Дадангиз тирик қолдилар-ку’ дейишгани учун ҳеч қандай эътирозим бўлмади», — дейди «ўлди»га чиқарилган фуқаронинг ўғли.

Тақсимлаш маркази шифокорларидан бирининг сўзларига кўра, битта палатада иккита бир хил фамилияли бемор даволанган ва уларнинг ёши ҳам бир-биридан 1-2 ёшга фарқ қилган. Беморларнинг бирида ижобий ўзгариш кузатилган бўлса, иккинчиси эса аҳвол ўгирлашиб, ёндош касалликлар туфайли вафот этган.

«Тиббиёт ходими техник тушунмовчилик туфайли тирик фуқаронинг яқинига унинг отаси вафот этгани тўғрисида хабар берган. Бироқ кейинчалик бу фуқаронинг яқинлари отаси тирик эканлигини аниқлаштирган. Ҳақиқатда вафот этган фуқаро эса патологик анатомия бюросига ўтказганмиз ва белгиланган тартибда зарарсизлантириш ҳамда эпидемиологик тозалов ишларидан сўнг яқинларига берилади», — дейди Шукрулло Солижонов исмли шифокор.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Наманганда коронавирусга чалинган тирик фуқаронинг яқинларига унинг ўлгани хабар қилиниб, бошқа маййит бериб юборилди