23:45 / 20.10.2020
3 910

Андижонда эрини ўлдириш учун 30 минг долларга одам ёллаган аёлга суд ҳукми ўқилди

Андижонда эрини ўлдириш учун 30 минг долларга одам ёллаган аёлга суд ҳукми ўқилди
Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судида эрини ўлдириш учун 30 минг долларга одам ёллаган аёлга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда вилоят суди судья катта ёрдамчиси Комроншоҳ Расулов хабар берди.

Вилоят суди судьяси Улуғбек Каримовнинг маълумот беришича, 36 ёшли Фарида (барча исмлар ўзгартирилган) 2020 йил 7 февраль куни турмуш ўртоғи Алишерни бошқа аёлдан рашк қилиб, жанжал кўтаради. Эри билан тортишиб қолиб, уни ўлдириш ҳаракатига тушади.

Мақсадини амалга ошириш учун таниши Икром орқали Азаматни топиб, шу куннинг ўзида Азамат билан Асака туманида жойлашган «Гумбаз» кафеси олдида учрашиб, эрини ўлдиришни буюради. Хизмат ҳақи учун 30 минг доллар ваъда қилиб, дастлабки тўлов сифатида Азаматга 6400 доллар ва тилла тақинчоқларини беради.

Орадан беш кун ўтиб, яъни 14 февраль куни соат 22:30 да Асака шаҳридаги «Ирис» кафесида Азамат билан учрашиб, эрининг қўл, оёқлари боғланганини ва қонга бўялган фотосуратини кўриб, бир дона аёллар занжири, уч дона аёллар браслети, уч жуфт аёллар зираги, тўққиз дона аёллар узуги, ўзига тегишли бўлган хонадонларидан бирининг кадастр ҳужжатларини берган вақтда тезкор ходимлар томонидан қўлга олинган.

Судланувчи Фарида турмуш ўртоғи дастлаб Сурайё, кейинроқ Шоҳсанам исмли аёллар билан ишқий муносабатда бўлганидан хабар топиб, улардан рашк қилиб, бир неча марта жанжаллашганини, бундан безиган эри 2019 йил 7 октябрь куни Шоҳсанам исмли қиз билан Россиянинг Мурманск шаҳрига кетиб қолганини айтган. Фариданинг айтишича, у эри ва унинг танишини Россияга ҳам излаб борган ва топган. Эрининг хиёнатидан ғазабланиб, уни одам ёллаб ўлдирмоқчи бўлган.

Жабрланувчи Алишер судда турмуш ўртоғи Фарида мазкур ҳаракатларни рашк сабаб қилганини, ўртасида мулк бўйича келишмовчилик йўқлигини билдирган.

Мазкур ишни кўриб чиққан суд аёлни Жиноят кодексининг 25-моддаси (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) ва 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан айбли деб топиб, унга 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган. Бироқ судланувчига Жиноят кодексининг 72-моддаси (шартли ҳукм қилиш) татбиқ қилиниб, тайинланган жазо шартлига алмаштирилиб, икки йил синов муддати белгиланган. Ҳукмни ижро қилиш ва айбдорнинг хулқи устидан назорат олиб бориш Асака туман ички ишлар бўлими жазони ижро этиш инспекциясига юклатилган.

Шунингдек, ашёвий далил тариқасида олинган 24 турдаги тилло тақинчоқлар ҳамда 6400 доллар пул давлат ҳисобига ўтказилиши белгиланган.

«Дарё» мухбирининг қўшимча қилишича, 20 октябрь куни вилоят прокуратураси томонидан билдирилган протест ҳамда жабрланувчининг апелляция шикояти асосида апелляция инстанциясида суд иш кўрилиши бошланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бош прокуратура эрини ўлдириш учун 50 минг долларга одам ёллаган аёл қўлга олинганини, аёлга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилганини хабар қилганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Андижонда эрини ўлдириш учун 30 минг долларга одам ёллаган аёлга суд ҳукми ўқилди