
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати тиббиёт фанлари доктори, профессор, Тиббий ходимларни касбий малакасини ривожлантириш марказининг Валеология кафедраси мудири Шуҳрат Иргашев билан суҳбат уюштирди. Унда жисмоний фаолликка риоя қилиш учун нима қилиш кераклиги борасида маълумотлар берилган.
— Инсон танаси доимий ҳаракатланиб туришга мослашган. Сабаби кўп асрлар бурун одамлар ҳам бошқа жонзотлар каби ўз озуқасини жисмоний ҳаракати орқали топган. Аммо сўнгги асрда инсонлар кўпроқ ақлий меҳнат орқали кун кўрадиган бўлди. Бу эса камҳаракатлик оқибатида келиб чиқувчи бир қатор касалликлар кўпайишига олиб келди.
Камҳаракатлик бутун дунёнинг ўткир муаммосига айланаётган ҳозирги даврда ҳолсизлик, уйқунинг бузилиши, диққат-эътиборни жамлай олмаслик, хотира пасайиши, сабабсиз чарчаш ҳисси, семизлик каби белгилар ҳар бир кишида учрайди. Лекин камдан кам одамлар бу ҳолатларни камҳаракатлик билан боғлайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, йилига чекишдан 5 миллион нафар, камҳаракатликдан эса бундан ҳам ортиқ инсон қурбон бўлмоқда.
Шунингдек, кўпчилик кун давомида қилган ишларини мисол келтириб, «биз жисмоний тарбия машғулотларини бажармасак ҳам бўлади», деб айтишади. Айниқса, онахонларимиз «эрталаб туриб ҳовли супураман, овқат тайёрлайман, мана шу эрталабки бадантарбия ўрнини босади», дея таъкидлайди. Аммо бу ишларни бажараётганда хато қилмаслик учун, ақлимизни ҳам фаол ишлатамиз. Шунинг учун бу жисмоний тарбия машғулотларига кирмайди. Жисмоний тарбия машғулотларида эса мия дам олиб, фақатгина жисмоний ҳаракатни амалга оширишимиз керак.
Кечки овқатдан сўнг 3-4 километр пиёда сайр қилиш таомнинг яхши ҳазм бўлишига фойда беради. Шунингдек, кишининг жисмоний фаоллигини ҳам ошириб, кўп касал бўлишнинг олдини олади. Эрталабки ярим соатлик енгил жисмоний машғулот эса, кун давомида ўзимизни тетик ҳис қилишимизни таъминлайди. Кун давомида ҳар икки соатда беш-ўн дақиқа жисмоний ҳаракат қилиш, кейинги бир-икки соат давомидаги иш самарадорлигимиз икки баробарга ортишига сабаб бўлади.
Мутахассисларнинг маълум қилишича, ҳафтада атиги 2,5 соатлик жисмоний фаоллик эрта ўлим ҳолатларини 28 фоизга, юрак касалликларига чалиниш эҳтимолини 20 фоизга камайтиради.
Бундан ташқари, жисмоний фаоллик натижасида организмда биосинтез жараёни фаоллашади, қон айланиш жараёни 4-5 марта кучаяди, юрак қисқаришлари сони тезлашади, бу эса организмда янги энергия ҳосил бўлишига ва энергия билан таъминланиш яхшиланишига олиб келади. Шу боис жисмоний фаоллик соғлом турмуш тарзининг энг асосий қоидаларидан бири ҳисобланади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар