22:22 / 05.11.2020
2 326

АҚШда президент алмашиши Ўзбекистонга қандай таъсир кўрсатади?

АҚШда президент алмашиши Ўзбекистонга қандай таъсир кўрсатади?
Фото: АҚШ Давлат департаменти
АҚШда 3 ноябрь куни бўлиб ўтган президентлик сайлови натижалари ҳали узил-кесил эълон қилинганича йўқ. Бутун дунё гўё гладиаторлар баҳсига кўз тиккан қизиқувчан томошабинлар каби якунни кутмоқда: хўш, омонсиз сиёсий муҳорабада кимнинг қўли баланд келади? Тўрт йилдан буён ҳукмфармолик қилаётган Дональд Трамп президентлик курсисида навбатдаги муддатга қоладими ёки Оқ уйни муросасиз мухолифи Жо Байденга бўшатиб берадими? Дарвоқе, президентлик сайлови якуни Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларига қандай таъсир кўрсатади?

Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти катта илмий ходими Равшан Назаровга кўра, сайловда демократик партия вакили Жо Байден ғалаба қилган тақдирда ҳам Оқ уйниинг Ўзбекистонга муносабати ўзгармайди.

Экспертнинг қайд этишича, 2017 йилдан кейин Вашингтон ва Тошкент ҳамкорлигида янги давр бошланди ва воқеалар ривожи робиталар ижобий ўзанда кечишини кўрсатмоқда.

Р.Назаровга кўра, гарчи Трамп ва Байден бир-бирини кескин баёнотлар билан танқид қилаётган бўлса-да, аслида, улар кўзгу каби бир-бирини акслантиради. Демак, АҚШ ташқи сиёсатидаги туб ўзгариш кутмаган маъқул, деб ҳисоблайди эксперт.

«Ма’no» тадқиқот ташаббуслар маркази директори Бахтиёр Эргашев ҳам Р.Назаров билан ҳамфикр.

Таъкидланишича, Оқ уйга ким келишидан қатъи назар, навбатдаги президент Марказий Осиёда муҳим ўрин тутувчи Ўзбекистон билан робиталарни кучайтириш истагидан воз кечмайди. Чунки ҳамкорликни издан чиқариш на республикачилар, на демократлар манфаатига тўғри келади.

Б.Эргашевга кўра, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёвнинг АҚШга 2018 йилги ташрифидан кейин икки давлат муносабатларида янги саҳифа очилди. Шу тариқа савдо-сармоявий муносабатларда ҳамда Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш борасида жиддий илгарилаш кузатилди.

Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов ҳам АҚШ президентлигига ким келишидан қатъи назар, кейинги маъмурият Ўзбекистонга нисбатан сиёсатда кардинал ўзгариш қилмайди, дейди BBC’га берган интервьюсида.

«АҚШ геостратегиясига кўра, Марказий Осиёдек катта минтақада Россия ва ўсиб бораётган Хитойнинг таъсирини олдини олиш борасида, минтақа хавфсизлиги ва тараққиёти йўналишида Ўзбекистон муҳим давлат сифатида тан олинади. Лекин, бир томондан, жиддий сабабларга кўра, Ўзбекистон кўп векторли ташқи сиёсатга мойил бўлиб қолаверади.

Иккинчи томондан, Ўзбекистоннинг Ғарб билан ишончли, стратегик ҳамкорлигига тўсиқ бўлиши мумкин бўлган асосий омиллар – ички сиёсат, ислоҳотлар кўлами ва ҳаққонийлиги билан боғлиқ. Демак, агар Трамп қоладиган бўлса, АҚШнинг Ўзбекистон билан ишончли, зўриқишлардан xоли, айни чоқда, динамикаси паст бўлган муносабатлар сақланиб қолади
», – дейди К.Раббимов.

Сиёсий таҳлилчининг фаразига кўра, Оқ уйга Жо Байден келадиган бўлса, АҚШнинг янги маъмурияти тўрт жабҳада – Россия таъсирини чеклаш, Хитой таъсирини жиловлаш, Афғонистон борасида ҳамкорликни кучайтириш ва сиёсий ислоҳотлар борасида робиталарни янада жонлантиради.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)