08:08 / 12.11.2020
2 523

Янги қонун қабул қилинди

Янги қонун қабул қилинди
Ўзбекистон Республикасининг “Жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-645-сонли қонуни, 2020 йил 5 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзёев томонидан имзоланди, қонун 2020 йил 6 ноябрдан қонуний кучга кирди.

Ушбу қонун билан, қайси қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганлиги ҳамманинг эътиборини тортади албатта.
Мазкур қонун билан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) ва 105-моддасига (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) ўзгартишлар киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 104-моддасининг иккинчи қисмига “л” банди киритилиб, “л” бандида қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб қасддан баданга оғир шикаст етказилган бўлса, жиноий жавобгарлик белгиланди.
Бу моддада кўрсатилган жиноятни содир этган шахсларга, беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Худди шундай, Жиноят кодекси 105-моддаси иккинчи қисмига “м” банди киритилиб, “м” бандида қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.
Бу моддада кўрсатилган жиноятни содир этган шахсларга эса, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Мазкур қонун қабул қилингунга қадар, Жиноят кодекси 104-моддасининг иккинчи қисми ва 105-моддасининг иккинчи қисмида, қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб содир этилган қасддан баданга оғир ва ўртача оғир шикаст етказганлик учун жиноий жавобгарлик алоҳида банд сифатида мавжуд эмас эди.

Бундан ташқари, ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритилиб,
кодекс 1852 ва 1853-моддалар билан тўлдирилди.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1852-моддасида, совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юрганлик учун ҳамда 1853-моддасида, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқаровий ва хизмат қуроли сифатида муомалада бўлиши тақиқланган ашёларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлганлик учун маъмурий жавобгарликлар белгиланди.

Жамиятимизда, баданга қасддан шикаст етказиш жиноятларини ошиб бораётганини, айниқса ёшлар томонидан совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб, қасддан баданга турли даражадаги шикаст етказиш жиноятлари содир этилаётганини, барчамиз оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб бормоқдамиз.

Шундай экан, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 5 ноябрдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-645-сонли қонуни қабул қилиниши, нафақат давр талаби, балки айни муддао бўлди десак адашмаган бўламиз.

Жиноят ишлари бўйича
Навбаҳор туман судининг раиси
А.Ибодов


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Янги қонун қабул қилинди