18:30 / 10.12.2020
7 597

Ўзбекистонликлар Янги йил байрамини қандай об-ҳаво билан кутиб олади?

Ўзбекистонликлар Янги йил байрамини қандай об-ҳаво билан кутиб олади?
«Халқ сўзи» нашри Янги йил байрамида Ўзбекистонда қандай об-ҳаво кузатилиши билан қизиқди ва бу ҳақда маълумот олиш учун Гидрометеорология хизмати маркази (Ўзгидромет)га мурожаат қилди.

«Янги йил байрамида об-ҳаво қандай бўлиши ҳақида гапиришга ҳали эрта. Ҳозирча фақат одатда декабрь ойи охири ва январь бошларида қандай об-ҳаво бўлиши ҳақида маълумот беришимиз мумкин», дейди марказ бош синоптиги Ирина Зайцева.

Мутахассиснинг маълумот беришича, Янги йилда ҳар доим ҳам қор ёғавермайди. Статистика маълумотига кўра ўртача 3-4 йилда бир марта ёғингарчилик кузатилади, бу ҳам қор эмас.

Охирги 50 йилда тошкентликлар Янги йилни қор билан 1992, 1984, 1972 йилларда кутиб олишган. Шу йилларда якунланаётган йилнинг декабрь ойининг сўнгги куни эрталаб қор бўлмаган. Янги йилнинг 1 январида эса ерни 10-20 см қалинликда қор қоплаган.

Охирги марта биз 2007 йилни қор билан кутганмиз. Қор ёғиши Янги йил кечаси бошланиб 1 январь кун бўйи давом этган. Бу охирги 10 йил ичидаги энг чиройли қорли Янги йил бўлган.

2006 ва 2016 йилнинг биринчи кунида кучсиз қор кузатилган, яъни ер юзини озгина қоплаган. Қолган охирги ўн йилликда Янги йил арафасида қор ёғмаган. Ҳаво ҳарорати тўғрисида гапирадиган бўлсак, энг совуқ ҳарорат Тошкентда 1889 йил янги йил кечаси бўлган. Ўшанда тунда ҳаво ҳарорати — 28 даража совуқ бўлган.

Охирги йилларда бундай паст ҳаво ҳарорати Тошкентда қайд этилмаган. Охирги 50 йилда энг паст ҳаво ҳарорати (—13 даража) 1991 йил 1 январда кузатилган.

Мутахассисларнинг билдиришича, бу йилги декабрь ҳарорат кўрсаткичлари бўйича ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлиши кутилмоқда.
Ой давомида ҳароратнинг кечаси 0-5 даража совуқдан 2-7 даража илиққача, кундузи 0-5 даража илиқдан 10-15 даража илиққача ўзгариб туриши кутилмоқда. Республикамизнинг шимолида тунда 8-10 даража совуқ бўлиши мумкин. Ойнинг иккинчи ярмида эса 12-15 даража совуқ бўлиши мумкин.

Декабрда ёғингарчилик ёмғир қор кўринишида бўлади. Ўзбекистон бўйича ёғингарчиликли кунлар ўртача 5 кундан 13 кунгача ташкил қилиши мумкин. Бир кеча кундузда максимал ёғинлар миқдори суткалик меъёрдан анча кўп бўлиши мумкин. Охирги 10 йил ичида намгарчилик кўп бўлган декабрлар 2013, 2016, 2019 йилларда қайд этилган, Масалан, 2019 йил 22 декабрда максимал суткалик ёғинлар миқдори Тошкентда 34 мм ни ташкил қилган.

Бу йилги декабрда ойлик ёғинлар миқдори меъёр атрофида, айрим жойларда меъёрдан юқори, шимолда эса айрим жойларда меъёрдан паст бўлиши кутилмоқда (Тошкентда декабрь ойи учун ёғинлар 59 мм ни ташкил қилади). Ёғингарчилик ой давомида вақти-вақти билан кузатилади.

Мазкур маълумотлар тахминий бўлиб, аниқ об-ҳаво маълумоти байрамдан бироз аввал маълум бўлади.
Кунлик об-ҳаво маълумотлари сайтимиз орқали мунтазам эълон қилиб борилади.

Инобат АҲАТОВА

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонликлар Янги йил байрамини қандай об-ҳаво билан кутиб олади?