13:45 / 21.12.2020
1 620

Бухоро шаҳри прокурори Жасур Фозилов лавозимига тикланди

Бухоро шаҳри прокурори Жасур Фозилов лавозимига тикланди
Фото: Telegram / Bukhara News
Бухоро шаҳри прокурори Жасур Фозилов 20 декабрь санасидан ўз лавозимига тикланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновга таяниб «Gazeta.uz» хабар берди. Фозилов бунга қадар хизмат текшируви ўтказилаётгани сабаб 2 декабрдан вақтинча ишдан четлатилган эди.

11 декабрда Жасур Фозилов Шавкат Мирзиёев ва Президент администрацияси раҳбарига видео мурожаат йўллаб, хизмат текшируви аслида бош прокурорга алоқадор бўлган «Мустаҳкам Қурилиш Development» қурилиш компанияси вакилини сўроқ қилишга чақириши ортидан бошланганини айтган эди.

Шундан сўнг Бош прокуратура муносабат билдириб, ҳолат ва прокурорнинг важлари ўрганиб чиқилиши ҳамда хабар берилишини қайд этганди. Мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида Республика идоралараро комиссияси тузилиб, хизмат текшируви Президент администрацияси бошчилигида ўтказилиши маълум қилинган эди.

Жасур Фозилов ўзининг ижтимоий тармоқлар орқали йўллаган навбатдаги видеосида прокурор сифатида давлат раҳбарига адолатни тиклаш учун мурожаат қилишга мажбур бўлганини қайд этган эди. У Республика идоралараро комиссияси ўзининг ноқонуний босим тўғрисидаги далилларини ўрганиш мақсадида Президент ташаббуси билан ташкил этилгани ҳақида гапириб, бунинг учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдирган. Прокурор, шунингдек, ватан манфаати ва қонун устуворлиги учун охирги нафасигача ишлашга тайёрлигини маълум қилган.

Комиссия қарори билан танишиб чиқиб, у кўтарилган масалалар адолатли ва объектив ўрганилганини айтади. Шу билан бирга, комиссия прокурор жавобгарликни ўз зиммасига олиши лозим бўлган камчиликлар борлигини ҳам тасдиқлаган.

Прокурор ўз мурожаатида қайд этиб ўтган алоҳида масалалар фуқаролик суди томонидан кўриб чиқилади. Комиссия Жасур Фозиловдан шикоят қилган тадбиркорлар бош прокурор номи билан иш қилганини аниқлади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Бухоро шаҳри прокурори Жасур Фозилов лавозимига тикланди