10:00 / 25.12.2020
1 338

Шу вақтгача фанга номаълум бўлган минерал кашф этилди

Шу вақтгача фанга номаълум бўлган минерал кашф этилди
Керновит ўзига хос қуюқ яшил рангга эга. Табиат тарихи музейи, Лондон.
Фото: BBC

Олимлар тахминан 220 йил олдин Корнуоллда қазиб олинган тошни таҳлил қилиб, янги турдаги минерални кашф этдилар. Қора яшил рангли минерал Англия жануби-ғарбидаги Корнуолл округидан олингани учун «керновит» деб номланди.

Лондон Табиат тарихи музейи (NHM-National History Museum) минералоги Майк Рамсей бошчилигидаги гуруҳ «Wheal Gorland» конидан олинган тошни ўрганиш пайтида ушбу минерални аниқлашди.

Асрлар давомида минералоглар яшил кристалларни бошқа минерал — лироконитнинг ўзгариши деб ҳисоблашган, аммо жаноб Рамсей ва унинг жамоаси минералнинг кимёвий таркиби бошқача эканлигини аниқладилар.

Мовий лироконит бутун дунё бўйлаб коллекционерлар томонидан юқори баҳоланади ва уларнинг аксарияти «Wheal Gorland» конидан олинади.

Минерал 1964 йилдан бери Лондондаги Табиат тарихи музейида бўлган тош намунаси ичидан топилган.

Майк Рамсейнинг айтишича: «Ушбу турдаги кашфиётларнинг аксарияти бундан 100 йил олдин конлар ҳали ҳам фаол бўлганида содир бўлган. Шу жиҳатдан Корнуоллдан янги минерал, хусусан, минтақанинг энг таниқли минералларига алоқадорлиги бу жуда ажойиб.

Асрлар давомида қанчадан-қанча геологлар, қидирувчилар ва коллекционерлар минерал хазинани излаш учун ҳудудни айланиб чиққанлигини ҳисобга олсак, 2020 йилда биз илм-фанга янги минерални қўшаётганимиз ажабланарли».

Ушбу янги тавсиф Халқаро минералогия ассоциацияси томонидан маъқулланган ва янги тури келаси йил Минералогия журналида чоп этилади.

Жаноб Рамсейнинг таъкидлашича, лироконитнинг аксарияти «Wheal Gorland»дан келади: «Кон 1790-1909-йилларда ишлатилган, аммо ҳозир бузиб ташланган. Унда уй-жой массиви бор ва кондан ҳеч нарса қолмаган. Бу йўқ бўлиб кетган жой, биз ҳеч қачон орқага қайтолмаймиз».

Минерал қазиб олинган ҳудудда ҳозирда кўплаб қурилишлар амалга оширилган.

«Бизда худди, кичик вақт капсуласи борга ўхшайди», — деди жаноб Рамсей. — «Ушбу намунанинг музейда сақланганлиги, биз бундай тадқиқотлар олиб боришимиз мумкинлигини англатади, чунки энди ортга қайтиб, бошқа нарсаларни тўплай олмаймиз».

Кристалларнинг тузилиши лироконит билан бир хил, аммо керновит таркибида алюминий ўрнига темир мавжуд бўлиб, у бошқача ранг ҳосил қилади.

Хўш, минерал ўзи нима?

Минерал — бу геологик жараёнлар натижасида табиий равишда пайдо бўлган кимёвий моддадир.
Тоғ жинси — бу бир ёки бир нечта минераллардан биргаликда ҳосил бўлган объект.

Кўпгина минераллар чиройли кристалларни ҳосил қилади, энг қимматлари ёрқин ранглар, шишага ўхшаш шаффофлик ва жозибали кристал шаклларига эга.

Олмос, зумрад ва ёқут каби қимматбаҳо тошлар минераллари ва уларнинг навлари қадимги даврлардан бери ардоқланиб келинган.

Табиат тарихи музейининг минераллар коллекцияси дунёдаги энг муҳим ва кенг қамровли коллекциялардан бири бўлиб, унда 185000 га яқин намуналар мавжуд.

Айтганча, Англиянинг айнан шу қисмида, дунёда энг нуфузли, Буюк Британияда эса етакчи бўлган Камборне кончилар мактаби жойлашган.

Шоҳруҳ Боқижонов,
Пукёнг миллий университети PhD талабаси,
Geo-ICT лабораторияси илмий ходими
Пучон, Жанубий Корея


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Шу вақтгача фанга номаълум бўлган минерал кашф этилди