23:43 / 29.12.2020
1 860

Адлия вазирлиги: танловлар ғолиблари тақдирланди

Адлия вазирлиги: танловлар ғолиблари тақдирланди
Жорий йилнинг 28 декабрь куни Адлия вазирлигида “Пандемия 2020: чақириқлар, хулосалар, оқибатлар” ва “Ҳуқуқ билимдонлари” танловлари ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда адлия вазири Русланбек Давлетов иштирок этди.

Таъкидлангандек, COVID-19 пандемияси 2020 йилда аксарият мамлакатлари кун тартибидаги асосий масалага айланди. Экспертларнинг фикрича, пандемия нима билан тугаши ҳақида бир нима дейиш қийин. Номаълумлик шароитида медиа ҳамжамият вакиллари эпидемияни ёритишда кўплаб қийинчиликларга дуч келдилар.

Фейк хабарларга қарши курашиш, журналист ва блогерларнинг саломатлиги хавфининг камайиши, ваҳимадан қочиш, ахборот манбалари махфийлигини сақлаш масалалари шулар жумласидандир. ЖССТ Бош директори Тедрос Адан Гебрейесус жорий йилнинг февраль ойида хавфсизлик бўйича Мюнхен конференциясида қайд этганидек, “Биз нафақт эпидемияга қарши, балки шунингдек, инфодемияга қарши ҳам курашмоқдамиз”.

Ушбу йўналишда журналистларга кўмак бериш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда қатор семинарлар ташкил этилди. Хусусан, жорий йилнинг июнь ойида “ОАВда фавқулодда вазиятларни ёритишнинг ҳуқуқий жиҳатлари” номли, августда эса “Коронавирус ва ахборот: этика, ҳуқуқ ва холислик” мавзусида вебинарлар ўтказилди.

Шу билан бирга, пандемия даврида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини доимий юксалтириб бориш, фуқароларда қонунга итоаткорлик руҳини тарғиб қилиш, бу соҳада мавжуд муаммоларга қарши курашда журналистлар, блогерлар ва жамоатчилик фаолларининг таъсиридан унумли фойдаланиш мақсадида жорий йилнинг октябрь ойида “Пандемия 2020: чақириқлар, хулосалар, оқибатлар” номли танлов эълон қилинди.

Танловда оммавий ахборот воситаларида фаолият юритувчи журналистлар, эркин журналистлар, блогерлар, жамоатчилик фаоллари иштирок этди. 2020 йилнинг 30 ноябрь куни соат 24:00 га қадар 69 нафар иштирокчидан 461 та материал келиб тушди. Шундан 120 таси телевидение, 56 таси радио, 51 таси матбуот ҳамда 234 таси интернет нашрлар ва ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинган материаллардир.

Танловга келиб тушган материаллар Комиссия аъзолари томонидан адолатли ва ҳаққоний равишда бир нечта мезонлар асосида, жумладан материалнинг тўғри ва холислиги, мазмуни ва таъсирчанлиги, долзарблиги, содда ва тушунарли эканлиги ҳамда маълумотлардан унумли фойдаланилганлик даражалари асосида баҳоланди.

“Пандемия 2020: чақириқлар, хулосалар, оқибатлар” танлови бўйича ғолиблар:
I. Пандемия даврида энг яхши журналистик материал:
1-ўрин — Асрор Муминов (матбуот);
2-ўрин — Юлдуз Олимова (телевидение);
3-ўрин — Дилдора Матёқубова (радио).

II. Пандемия даврида энг яхши блогпост:
1-ўрин — Анора Содиқова;
2-ўрин — Обиджон Латипов;
3-ўрин — Баходир Ахмедов.

Ғолиблар ҳомийлар томонидан ажратилган қуйидаги совғалар билан тақдирланади:
1-ўрин – ноутбук;
2-ўрин – планшет;
3-ўрин – телевизор.

“Адлия эътирофи” номинациясида “Газета.уз” ахборот сайти ғолиб деб топилди. Ушбу интернет-ОАВ пандемия даврида аҳолининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат муносабатини шакллантиришга ҳамда жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришга қаратилган ҳуқуқий-таҳлилий материаллар тайёрлагашда фаол бўлган.

Шунингдек, маросимда Адлия вазирлиги томонидан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини билишларига қизиқтириш мақсадида жорий йил 12 октябрь куни старт берилган “Ҳуқуқ билимдонлари” танловининг ғолиблари тақдирланди.

Адлия вазирлиги фуқароларимизни жамият ҳаётида ижтимоий фаол бўлишга, ҳуқуқий билимларини мунтазам равишда ошириш орқали жамият тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга чорлаб қолади. Зеро, ҳуқуқни билиш — фойдали.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Адлия вазирлиги: танловлар ғолиблари тақдирланди