21:16 / 30.12.2020
3 155

Акмалхон Ортиқов Давлат активларини бошқариш агентлигида «тозалаш»ни бошлади

Акмалхон Ортиқов Давлат активларини бошқариш агентлигида «тозалаш»ни бошлади
Фото: Халқаро пресс-клуб
Давлат активларини бошқариш агентлигида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда 5та ҳудудий бошқарма бошлиқлари ишдан олинган, деб хабар бермоқда Kun.uz нашри.

Агентлик директори этиб тайинланган Акмалхон Ортиқов раислигида ўтган йиғилишда ўзига юклатилган вазифаларни бажармай, фаолиятида ўзи бўларчилик ва сансалорликка йўл қўйган агентликнинг Наманган, Андижон, Қашқадарё, Тошкент вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармалари раҳбарлари эгаллаб турган лавозимларига нолойиқ деб топилган ҳамда вазифасидан озод этилди.

«Агентликнинг Хоразм, Сурхондарё, Фарғона, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳудудий бошқармалари раҳбарларига ишдаги камчиликлар учун хайфсан эълон қилинди.

Агентлик марказий аппаратининг бир нафар бошқарма бошлиғи эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва 6 та департамент бошлиғига ишдаги камчиликлари кўрсатиб ўтилиб, сўнгги маротаба огоҳлантирилди», — дейилади агентлик хабарида.

Таъкидланишича, барча раҳбарлар учун бир ой синов муддати белгиланди, ишда ўзгариш қилмаган раҳбар ва ходимлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилиши белгилаб олинди.

Ишдан бўшатилган ходимлар президент фармони ижросини бажаришда қатор камчиликларга йўл қўйилгани таъкидланган. Жумладан, бўш турган объектлардан самарали фойдаланишда камчиликларга йўл қўйилган, паст рентабелли, фаолиятсиз корхоналарни тугатиш ишлари якунига етказилмаган, давлат мулки объектлари тўғрисидаги ҳисоботларни тизимга киритиш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган, хусусийлаштириш дастури доирасида давлат мулки объектлари ўз вақтида савдога чиқарилмаган, активларни хусусийлаштириш тушум прогнозлари тўлиқ бажарилмаган, жойларда ташкил этилган Корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникаларига келган мурожаатларнинг айримлари электрон дастурга киритилмаган.

Маълумот учун, Акмалхон Ортиқов шу йилнинг 21 декабр куни агентлик директори лавозимига киришганди. У бунга қадар, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Акмалхон Ортиқов Давлат активларини бошқариш агентлигида «тозалаш»ни бошлади