14:23 / 31.12.2020
2 120

2021 йил инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўлақонли кафолатлаш йили бўлади

2021 йил инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўлақонли кафолатлаш йили бўлади
Давлатимиз раҳбарининг парламентга Мурожаатномасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни янги йилда ҳам изчил давом эттириш таъкидлаб ўтилди. Натижада янги йилдан бошлаб жорий этиладиган «бир суд – бир инстанция» тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиб хизмат қилади.

Яна бир муҳим янгилик – инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилади. Шу сабаб эндиликда йирик инвесторлар, ўз хоҳишига кўра, низони ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри Олий судга мурожаат қилиш имкониятига эга бўладилар.

Шу боисдан, суд тизимида рақамлаштириш янада кенгайтирилиб, фуқароларимизга суд биносига келиб юрмасдан, онлайн тартибда мурожаат қилиш имконияти ишга туширилади. Фуқаролар ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб кузатиб бориши мумкин бўлади.

Жумладан, ҳозирги кунгача вилоят судлари чиқарган қарор устидан берилган шикоятлар шу судларнинг ўзида кўриб чиқилиши амалиётини бекор қилиш мақсадида келгуси йилдан бошлаб, бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилиши айтиб ўтилди. Натижада, одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилинади.

Навбатдаги муҳим масала – янги йилдан бошлаб, фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги 3та суд битта суд сифатида бирлаштирилади. Бу янгилик аҳоли ва тадбиркорлар томонидан катта қулайлик сифатида қарши олиниши шубҳасиз. Жумладан, ўтган йили бўлиб ўтган сайловолди дебатлар жараёнида ҳам Ўзбекистон «Адолат» СДП томонидан аҳолининг судлар ўртасидаги сарсонгарчиликларига чек қўйиш мақсадида вилоят ва туманлардаги айрим бир бирларининг фаолиятларини такрорловчи судларни ихтисослигини сақлаб қолган ҳолда бирлаштириш, фуқаролар учун йиллар давомида ечими йўқдек бўлиб келаётган «прописка» тизимини бекор қилиш ташаббуслари илгари сурилган эди.

2020 йилнинг 25 январь санасида бўлиб ўтган давлатимиз раҳбарининг парламентга йўлланган Мурожаатномасида партия ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, 2020 йил 1 апрелдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида «прописка» тизими учун қўйилган тақиқларни бекор қилиш ҳамда 1995 йилгача мамлакатимиз ҳудудига кўчиб келган фуқаролиги бўлмаган 50 минг нафар шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини бериш таклифи илгари сурилган эди.

Бугунги Мурожаатномада бу борадаги хайрли ташаббуслар давом эттирилиб, Президентимиз томонидан 2005 йилгача мамлакатимизга кўчиб келган фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини бериш ҳамда келгуси йилдан 15 йил муқим Ўзбекистонда яшаб келган шахсларга тўғридан-тўғри фуқаролик беришнинг ҳуқуқий механизмларини яратиш ташаббуси илгари сурилди.

Хулоса қилиб айтганда, 2021 йил мамлакатимизда ёшлар фаоллигини янада ошириш, аҳоли саломатлигини сақлаш ва инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўлақонли кафолатлаш йили бўлади.

Иномжон ҚУДРАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » 2021 йил инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўлақонли кафолатлаш йили бўлади