19:25 / 05.01.2021
2 560

Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотлар эътироф этилди

Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотлар эътироф этилди
2020 йил 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномаси бўлиб ўтди.
Мурожаатномада бир қатор ижтимоий, иқтисодий, маданий-маърифий ҳамда суд-ҳуқуқ тизимида ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ва камчиликлар таҳлил қилиниб, келгуси 2021 йилда бажарилиши лозим бўлган вазифалар, шунингдек олиб борилиши лозим бўлган янги ислоҳотлар муҳокама қилинди.

"2020 йил аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида туб бурилиш йили бўлди, десак, муболаға бўлмайди. Суд-ҳуқуқ соҳаси, жумладан, жиноий жазоларни либераллаштириш борасидаги ислоҳотларимиз ҳам изчил давом эттирилди. Натижада бу йил судланган шахсларнинг 74 фоизига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди. Жазо муддатини ўтаётган ва тузалиш йўлига қатъий кирган 616 нафар фуқаро афв этилди. Судлар мустақиллиги таъминланиши натижасида жорий йилнинг ўзида 719 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди", -дейди давлат раҳбари ўз Мурожаатномасида.

Янги йилдан бошлаб жорий этиладиган “бир суд – бир инстанция” тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиши лозим. Ҳозирги кунгача вилоят судлари чиқарган қарор устидан берилган шикоятлар шу судларнинг ўзида кўриб чиқилар эди. Биргина 2019 йилда вилоят судлари қабул қилган 13 мингта шундай қарор Олий суд томонидан ўзгартирилган ва бекор қилинган. Келгуси йилдан бошлаб бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилади. Одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилинади.

Навбатдаги муҳим масала – янги йилдан бошлаб фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги 3 та судлар битта суд сифатида бирлаштирилади. Бу янгилик аҳоли ва тадбиркорларга катта қулайликларни яратади. Шунингдек, келгуси йилдан суд муҳокамасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилади. Бунда ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суд ишни аввалгидай тергов ёки прокурорга қайтармасдан, ўзининг якуний қарорини қабул қилади.

Яна бир муҳим янгилик – инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилди.

Энди инвесторлар, ўз хоҳишига кўра, низони ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри Олий судга мурожаат қилиши мумкин.

Суд тизимида рақамлаштириш янада кенгайтирилиб, фуқароларимизга суд биносига келиб юрмасдан, “онлайн” тартибда мурожаат қилиш имконияти яратилади. Шунингдек, фуқаролар ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб кузатиб бориши мумкин бўлади.

Маълумот учун, Мурожаатномада илгари сурилган масалалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги "Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-6034-сонли Фармони ҳамда 2020 йил 3 сентябрдаги "Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4818-сонли Қарори билан амалга оширилиши белгиланган эди.

С.Бўтаев
Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг раиси

Ҳ.Тухтаев
Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг судьяси

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотлар эътироф этилди