00:20 / 08.01.2021
2 777

Президентга ҳам йил давомида ишлаб топган пули ҳақида ҳисобот топшириш мажбурияти юклатилиши мумкин

Президентга ҳам йил давомида ишлаб топган пули ҳақида ҳисобот топшириш мажбурияти юклатилиши мумкин
Даромадлар декларацияси тўғрисидаги янги қонун лойиҳасида мансабдор шахсларнинг барчаси даромадлари ва харажатларини декларациялаш назарда тутилган. Бу ҳақда 7 январь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими Ўткирбек Номозбоев айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Дарё» нашри.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умида Тўхташеванинг маълум қилишича, даромадлар декларацияси тўғрисидаги қонун лойиҳаси агентлик томонидан ишлаб чиқилган.

«Ҳозирда мазкур қонун лойиҳаси тегишли органларга келишиш учун киритилган. Келишиш жараёнида тегишли хулосаларга эга бўлганимиздан сўнг кейинги босқичлар ҳақида гапиришимиз мумкин», – деди Умида Тўхташева.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими Ўткирбек Номозбоевнинг айтишича, қонун лойиҳасида мансабдор шахсларнинг барчаси қамраб олинган.

Мансаб ваколатига тегишли бўлган, ҳужжат қабул қилиш ваколати бўлган барча мансабдор шахслар – қуйидан тортиб юқоригача бўлган мансабдор шахслар доираси қамраб олинган. Булар:
- Президент админстрацияси;
- Вазирлар Маҳкамаси;
- Республика ташкилотлари;
- Ҳокимликлар;
- Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар;
- Суд идоралари ходимлари, – деди агентлик масъул ходими.

Унинг қўшимча қилишича, Президент ва бош вазир ҳам даромадлар декларациясини тўлдириши таклиф этилган.

Аввалроқ, 2019 йилнинг октябрь ойида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Президент қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди. Унга кўра, 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда давлат хизматчилари айрим тоифаларининг мол-мулкини, даромадлари ва харажатларини декларациялаш тизимини босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилган.

Яъни 2020 йилдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ва Сенати раиси ва уларнинг ўринбосарлари, бош вазир ўринбосарлари, бош вазир ўринбосарлари маслаҳатчилари, 2021 йилдан эса Вазирлик ва идораларнинг таркибий бўлинмалари бошлиқлари, шунингдек, уларнинг ўринбосарлари даромад ва мол-мулкини декларациялаши баён этилган. Лекин ушбу қарор лойиҳасида Президент ва бош вазирнинг даромадлар декларациясини тўлдириши назарда тутилмаганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Президентга ҳам йил давомида ишлаб топган пули ҳақида ҳисобот топшириш мажбурияти юклатилиши мумкин