21:39 / 11.01.2021
1 977

Шавкат Мирзиёев Садир Жапаровни сайловлардаги ғалабаси билан табриклади

Шавкат Мирзиёев Садир Жапаровни сайловлардаги ғалабаси билан табриклади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистоннинг сайланган президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди ва уни президент сайловидаги ғалабаси ҳамда Қирғизистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумнинг муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.

«Ушбу ғоятда муҳим сиёсий тадбирларнинг якунлари мамлакат барқарорлиги ва изчил тараққиётини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш учун мустаҳкам замин яратишига ишонч билдирилди.

Ўз навбатида, Садир Жапаров Ўзбекистон президенти ва кўп миллатли халқига замонавий хатарларни енгиб ўтишда ва коронавирус пандемияси оқибатларига қарши курашишда қардош Қирғизистонга кўрсатилаётган кўмак учун миннатдорлик билдирди.

Телефон мулоқоти чоғида икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Жорий йил Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, уларни сифат жиҳатидан янги мазмун билан бойитиш даври бўлиши лозимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон-Қирғизистон кўп қиррали ҳамкорлигини ривожлантириш борасида аввал эришилган келишувларни амалга ошириш муҳим экани алоҳида таъкидланди.

Булар, аввало, Давлат чегараларини делимитация қилиш борасидаги қўшма ишларнинг натижадорлигини ошириш, товар айирбошлашни кўпайтириш, саноат, энергетика ва қишлоқ хўжалигида кооперацияни кучайтириш, ҳудудлараро алоқалар ва гуманитар алмашинувни кенгайтириш, самарали транспорт коммуникацияларини ривожлантириш бўйича минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ва бошқа жиҳатлар.

Ҳукуматлараро комиссиялар ишини фаоллаштириш, шунингдек, ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари бўйича қатор тадбирлар ўтказишга келишиб олинди.

Халқаро ташкилотлар ва минтақавий тузилмалар доирасида аниқ ва конструктив мулоқотни давом эттириш ва ўзаро қўллаб-қувватлашдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди
[i][/i]», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

10 январь куни Қирғизистон президенти лавозими учун бўлиб ўтган муддатидан илгари сайловларда Садир Жапаров 80 фоизга яқин овоз тўплаб, ғалаба қозонди. Сайловларда жами 17 номзод кураш олиб борганди. Сайловда сайловчиларнинг 39,75 фоизи қатнашган.

Қирғизистонда 2020 йил октябридаги тартибсизликлардан кейин аввалги президент Сооронбой Жээнбеков истеъфо берган ва мамлакатда муддатидан олдинги президентлик сайловлари ўтказилиши белгиланганди.

Садир Жапаров 2017 йилдан буён 2013 йилда Иссиқкўлда тартибсизликлар келтириб чиқаришда айбланиб, 10 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган эди. Октябрдаги парламент сайловларидан кейинги тартибсизликлар чоғида намойишчилар уни қамоқдан озод қилишди, кўп ўтмай у бош вазир этиб тайинланди. Жээнбековнинг истеъфосидан кейин эса у президент вазифасини бажарувчига айланганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев Садир Жапаровни сайловлардаги ғалабаси билан табриклади