00:13 / 23.01.2021
3 362

Андижондаги шамол сабаб бир нечта бино талафот кўрди, уй томи эса Damas’ни босиб қолди

Андижондаги шамол сабаб бир нечта бино талафот кўрди, уй томи эса Damas’ни босиб қолди
Фото: Асака туман Фавқулодда вазиятлар бўлими
Андижон вилоятида 22 январь куни тонгда содир бўлган кучли шамол бир нечта бино томи ва айрим қурилмаларга зарар етказди, дея хабар берди «Дарё» нашри.

Айтилишича, Улуғнор туманининг «Шаҳриобод» маҳалласи ҳудудидаги иккита кўп қаватли уйнинг том қисми учиб кетиши оқибатида электр симлари узилган. Кўнгилсиз воқеадан ҳеч ким жабр кўрмаган.

Фото: Асака туман Фавқулодда вазиятлар бўлими
Вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳодиса ҳақида хабар берилгач ишчи гуруҳ воқеа жойига етиб борган ва носозликларни бартараф этишга киришган.

Фото: Асака туман Фавқулодда вазиятлар бўлими
«Мутасаддилар табиий офатдан зарар кўрган кўп қаватли уйлар ҳолатини ўрганиб, муаммоларни бартараф этишга киришди. Қурилиш отряди ўз ишини бошлаб юборди. Томни ёпиш ишлари бир неча кун ичида якунига етказилади. Шу ўринда юртдошларимиздан ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ҳар хил миш-мишларга ишонмасликларини сўраб қоламиз. Ҳаммаси назорат остида. Ваҳимага ўрин йўқ», — дейди вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Расулбек Тўланов.

Фото: Асака туман Фавқулодда вазиятлар бўлими
Таъкидланишича, кучли шамол Асака туманининг «Улуғбек» маҳалласи, Садақайрағоч кўчаси, 151-хонадонида яшовчи фуқаро Ғ.А.нинг дарвозахонаси ва қурилиши битмаган уйининг том қисмини ҳам учириб кетиб, уй эгасининг Damas’ини босиб қолган.

Фото: Асака туман Фавқулодда вазиятлар бўлими
Асакалик журналист Бобирмирзо Ҳожиакбаровнинг айтишича, чақирувга асосан ушбу хонадонга Асака тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари соат 07:35 да етиб борган. Талафот кўрган хонадон соат 10:05 га қадар тартибга келтирилган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.

Фото: Асака туман Фавқулодда вазиятлар бўлими
Аввалроқ Андижонда ҳам қор бўрони сабаб юзага келган кўнгилсиз ҳодисалар юз бергани маълум қилинганди. Хусусан, Андижон шаҳридаги «Рубоий» кафеси олдидаги реклама баннери устуни шамолда эгилиб кетган. Бундан ташқари, Боғишамолдаги эски машина бозоридаги дўконнинг томи учиб кетиб, Damas устига қулаган, Шаҳрихонда «Ватанпарвар» ташкилотининг томи шамолда учиб кетиб, Espero ва Damas’ни босиб қолган, Асакада бодринг экилган иссиқхоналарнинг плёнкаси учиб кетган.

Фото: Гулшода Аҳмаджонова
«Ўзгидромет» Ўзбекистонда ҳафтанинг иккинчи ярмидан шамол тезлиги кучайиб, қор ёғишини, шамол тезлиги 17-22 метр/секундни ташкил этиши, баъзи жойларда 25-28 метр/секундгача етишини маълум қилганди. Тошкент ИИББ пойтахтда кучли шамол бўлиши кутилаётгани сабабли аҳолини огоҳлантирганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Андижондаги шамол сабаб бир нечта бино талафот кўрди, уй томи эса Damas’ни босиб қолди