07:30 / 05.02.2021
2 361

Тошкентнинг қадимий 12 та дарвозаси қайта тикланади

Тошкентнинг қадимий 12 та дарвозаси қайта тикланади
Фото: Кадастр агентлиги
Тошкентнинг 12 та дарвозаси тарихий ўринларида қайта тикланади, дея хабар бермоқда «Gazeta.uz».

Аввалроқ 2021 йилги давлат дастури қабул қилингани ҳақида маълум қилинган эди. Қайд этилишича, ушбу дастур лойиҳаси муҳокамаси давомида 4 мингга яқин таклиф келиб тушган. 49 та таклиф бўйича концептуал ҳамда 100 дан ортиқ таҳририй ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Маълум қилинишича, улар қаторида фуқаро Фируза Хусаинованинг Тошкент шаҳрининг қадимий 12 та дарвозасини қайта тиклаш ва туризм масканига айлантириш борасидаги таклифи ҳам қабул қилинган. У давлат дастурига алоҳида банд тариқасида киритилган.

Унга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Маданият вазирлиги ва Фанлар академияси пойтахтнинг қадимий 12 та дарвозаси аниқ белгиланган жойлари, уларнинг кўриниши ва тарихи тўғрисидаги маълумотларни шакллантиради.

Фото: «Visittashkent.uz»
Шунга кўра, 12 та дарвозанинг тарихий кўринишлари асосида улар қайта тикланади. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси эса дарвозаларни туризм намойиши объектларига киритади ва туристларни жалб қилади.

Мазкур мақсадларга маҳаллий бюджет ҳамда ҳомийлар, ташаббускорлар маблағлари йўналтирилади. Чора-тадбирларни амалга ошириш муддати 1 июнь этиб белгиланган.

Маълумот ўрнида, XVIII асрда Тошкентни босқинчилар ҳужумидан ҳимоя қилиш мақсадида унинг атрофи 8-20 метр баландликдаги девор билан ўралган. Деворнинг 12 жойига тонгда очилиб, шомда ёпиладиган дарвозалар ўрнатилган.

Бу дарвозалар ўрни Лабзак, Қорасарой, Бешёғоч, Кўкча, Камолон, Қашқар, Самарқанд дарвоза каби ном остида ҳам халққа яхши таниш. Ҳар бир дарвоза калитида тегишли дарвозанинг номи ва калит ясалган йил ёзилган.

Фото: «Visittashkent.uz»
Тошкент 1865 йил июнь ойида Россия империяси томонидан фатҳ этилгач подшо ҳукуматига тобелик рамзи сифатида 12 та дарвозанинг рамзий олтин калитлари шошилинч равишда ясалиб, подшо маъмурларига топширилган. Калитлар Санкт-Петербургга олиб кетилиб, ҳарбий музейда сақланган.

Устоз Яҳё Ғуломовнинг маълумотларига кўра, мазкур олтин калитлар Тошкентнинг пичоқчилик маҳалласида яшовчи Абдураҳмон исмли заргар томонидан ясалган экан.

1933 йил 14 июнда тарихий тўртта рамзий калитлар Ўзбекистонга қайтариб берилган. Калитларнинг фақат биттаси Ўзбекистон тарихи давлат музейида, қолган 11 таси эса Ўзбекистон ТИВ миллий банкида сақланмоқда.

1890 йилда Тошкентда янги шаҳар барпо этила бошланган. Шаҳар кенгайиб борган сари Тошкентнинг тарихий дарвозалари аста-секин бузиб ташланган. Унинг айрим дарвозаларигина тарихий обида сифатида Фанлар академиясининг Тарих музейида сақланмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентнинг қадимий 12 та дарвозаси қайта тикланади