19:49 / 05.02.2021
1 513

Бухородаги кўп қаватли уйда рўй берган портлаш жабрдийдалари нима дейишмоқда?

Бухородаги кўп қаватли уйда рўй берган портлаш жабрдийдалари нима дейишмоқда?
Фото: «Дарё»
Бухоро шаҳридаги Ислом Каримов кўчасида қурилаётган кўп қаватли уйда 4 февраль куни юз берган портлашда 12 киши жароҳатлангани, воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилган эди. «Халқ сўзи Online» Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида ётган бахтсиз ҳодисадан жабр кўрганлар билан суҳбатлашди.

Мазкур филиал директори ўринбосари Қаҳрамон Каримовнинг маълум қилишича, ушбу воқеа оқибатида жабрланган 12 нафар фуқаро шифохонага зудлик билан олиб келиниб, уларга зарур муолажалар кўрсатилган. Жабрланганларнинг беш нафарига мия чайқалиши ташхиси қўйилган бўлиб, улар ўрта оғир аҳволда. Икки нафари умумий реанимация бўлимида ётибди. Бирининг аҳволи оғирроқ.

«У портлаш жойида бўлган. Юз – кўзлари 35 фоиз куйган. Бугун эрталабга келиб аҳволи анча яхшиланди. Бемалол гаплаша олади. Яна бири кўкрак қафасининг шикастланиши билан ётибди. Аҳволи яхши. Бугун-эрта уйига жавоб берамиз. Беш нафар фуқаро эса ‘ситуацион невроз’, яъни қўрқув ҳолатига тушган. Зарур тиббий ёрдам кўрсатиб,уларга амбулатор ҳолатда уйларига жавоб бердик. Реанимацияда ётган беш беморнинг икки нафари ҳам оиласи бағрига қайтмоқда. Уларнинг аҳволи қониқарли. Беш нафари эса даволанишда давом этмоқда. Улар ҳам ўрта оғир аҳволда.

Бироқ хавотирга ҳожат йўқ. Зарур муолажалардан сўнг бу беморларимиз ҳам соғайиб, худди кўрмагандек бўлиб кетишади
», — деган шифокор.

«Кўп қаватли уйда портлаш рўй берган паллада биз шахсий автомашинамизда кетаётгандик. Рулда турмуш ўртоғим эди. У кишига зиён етмади. Аммо машинамиз ойналари чил-парчин бўлиб кетди. Шиша қўлимни кесиб юборди. Ўзим ҳам қўрқиб кетдим. Шифокорларга раҳмат. Қўлларидан келган ёрдамни беришяпти»,— деган беморлардан бири Шаҳло Идиева.

Унинг айтишича, автомашиналарининг йўловчи автобус ён томонида эканлиги наф берган. Зарба кучи бироз сусайган. Автобусда эса корхона ишчилари бўлган.

«Нима рўй берганини сезмай ҳам қолдик. Хайриятки, дунёда яхши инсонлар, шифокорлар бор. Корхонамиз раҳбарларига ҳам раҳмат. Улар ҳол-аҳволимиздан хабар олиб туришибди», — деган ўзини Моҳинур Маҳмудова деб таништирган корхона ишчиси.

Ижтимоий тармоқларда портлаш рўй берган кўп қаватли уйга ҳали одамлар кўчиб келишмагани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлганди. Аммо ҳақиқатда уйда 2020 йилнинг октябрь ойидан буён яшаб келаётган оилалар борлиги маълум бўлди.

Улардан бири Бибиражаб Собирова бўлиб, икки фарзанднинг онаси бўлган бу аёл бинонинг 8-қаватидаги икки хонали уйда истиқомат қилган.

«Ишдан қайтаётиб, синглимнинг икки ёшли боласини боғчадан олгандим, ёнимда қизим ҳам бор эди. Газ келди, дейишганини эшитиб, балиқ қовурмоқчи бўлдим. Қовурганим заҳоти нима рўй берганини англай олмай қолдим. У ёғи нима бўлганини билмайман. Ташқарига чиқиб, усталарга қараб бақирганимни эслай оламан, холос. Тез тиббий ёрдамда мени шу шифохонага олиб келишибди. Қизим соғ-саломат. Синглимнинг боласини сўрасам, ‘Уни онасига топширдим деди’», — деган аёл.

Шунингдек, бу уй учун унинг эгасига 147 миллион сўм тўлагани, яна 23 миллион сўм қарзи борлигини билдирган.

«Ремонтига пул сарфлаганман. Ўтган йилнинг октябрида шу уйга кўчиб ўтганмиз. Уй эгаси ‘Кўпи билан бир ойда ҳамма шароитни қилиб бераман’, деганди. Аммо уч ойни газсиз ўтказдик. Қишнинг совуқ кунларида ўзимдан нима ўтганини ўзим биламан. Энди уйимиз нима бўлади? Ана шуни ўйлаб, ўйимга етолмаяпман», — деган аёл.

Эслатиб ўтамиз, портлаш 4 февраль куни соат 17:30 да Бухоро шаҳар Ислом Каримов кўчасида жойлашган White Group Trading МЧЖ томонидан қурилган 8 қаватдан иборат бўлган кўп қаватли уйнинг 3-қаватида табиий газни улаш жараёнида газнинг қувурдан сизиб чиқиши оқибатида юз берганди. Портлаш вақтида бино ичида 10 нафар қурувчи ва 3 нафар газ пайвандловчи уста бўлган.

Ушбу кўп қаватли уйда табиий газ бўйича синовлар тегишли идоралар рухсатисиз амалга оширилган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)