19:11 / 14.02.2021
2 833

Россияга ишга кетган ёлғиз онанинг ёлғиз қизи зўрлангани айтилди. ИИБ буни «ҳар икки томоннинг хоҳишига кўра юз берган жинсий яқинлик» деб ҳисобламоқда

Россияга ишга кетган ёлғиз онанинг ёлғиз қизи зўрлангани айтилди. ИИБ буни «ҳар икки томоннинг хоҳишига кўра юз берган жинсий яқинлик» деб ҳисобламоқда
Фото: «Дарё»
Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида тирикчилик илинжида Россияга ишлашга кетган ёлғиз онанинг ёлғиз қизи 2020 йилнинг сентябрь ойида оилали эркак томонидан зўрлангани айтилмоқда. Бу ҳақда «Дарё»га маълум қилган она исм-шарифи сир сақланишини сўради.

«2017 йил тирикчилик илинжида Россияга ишлашга кетгандим. 2020 йил декабрь ойига қадар уй-жой қилдим. Ёлғиз қизим ва ўзим учун барча шарт-шароитни яратдим. Аммо энг ёмони мен хорижда юрган пайтим — 2020 йил сентябрь ойи охирида қизим оилали эркак томонидан зўрланган ва қўрққанидан ҳеч кимга айтмаган. Мен 2020 йил декабрь ойида Россиядан қайтдим. Уйга келгач, қизимдаги ўзгаришларни — қайд қилиши, кўнгил айниши каби ҳолатларни кўргач, нима бўлгани билан қизиқдим. Қизим яхши кўрган йигити уйланган бўлишига қарамасдан уни доимий равишда зўрлаб келганини, оқибатда ҳомиладор бўлиб қолганини, зўрланган пайтда йигит уни қўрқитгани учун ҳеч кимга айтмаганини билдирди», — дейди чироқчилик она.

Севган йигити томонидан зўрланганини айтаётган қиз севган инсони 2019 йил бошқа қизга уйланганини, уни зўрлаган пайтда оилали бўлганини айтмоқда.

«Мени зўрлаган йигит билан 2014 йилдан бери яхши кўришар эдик. 2019 йил унинг уйдагилари бизнинг оиламиз уларга тўғри келмаслигини айтиб, уни бошқа қизга уйлантирганди. 2020 йил сентябрь ойида у менинг ёнимга маст ҳолда келиб, фарзанди бўлмаётганини айтди ва мендан фарзанд кўриш нияти борлигини билдирди. Мен эса қиз болалигимни айтиб, бунга йўл қўёлмаслигимни билдирдим. Шунда у менга куч ишлатиб, қизлик номусимга тегди.

Бу ҳолат бир неча маротаба такрорланди. У ҳар сафар маст ҳолда келиб, зўрларди. Қаршилик кўрсатишимга қарамай, менга куч ишлатиб, ҳатто кўзларимни кўкартириб, урарди. Уйимизнинг қўшимча калитини ҳам олиб, кечаси уйимга бостириб келарди. Ўша пайт уйда ёлғиз яшаганим сабаб ҳеч кимга айтолмасдим. ИИБга мурожаат қилай десам, ўлдириб юбораман, деб қўрқитар эди
», — дейди номуси топталганини айтаётган қиз.

Фото: «Дарё»
Қизнинг айтишича, оилали эркак унинг ёнига келганда бўлиб ўтган воқеаларни ҳеч кимга айтмасликни, агар кимгадир айтса ёки ИИБга шикоят қилса, уйини ёқиб, ўзини эса ўлдириб юбориш билан қўрқитган.

«Шу сабабли бўлиб ўтаётган воқеаларни ҳеч кимга айтолмасдим. У уриб, тепкилаб, кўзларимни кўкартириб кетарди. 10—15 кунлаб уйдан чиқолмай қолардим. Онам Москавадан келгач, бор воқеани айтишга ўзимда куч топдим», — дейди қиз.

«Қариндошларим узоқроқда яшаган ва ўзи билан ўзи овора бўлиб, воқеадан хабар топмаган. Қизим эса ёлғиз яшагани сабаб дўқ-пўписалардан қўрқиб, ҳеч кимга дардини айтолмаган», — дейди қизини 3 йил давомида ёлғиз қолдирган она.

«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган онанинг айтишича, у 22 ёшли қизининг номусига тажовуз қилинганини айтиб, ИИБга мурожаат қилган.

«Бироқ шу пайтгача ҳеч қандай ўзгариш йўқ. ИИБ терговчиси ‘вояга етган қизни зўрлашга ҳеч қандай жазо чораси йўқ. Ҳўп десангиз, қизингизнинг туғилажак фарзандига оталикни белгилаб, алимент олишида ёрдам берамиз’, дейишди. Мен пул ёки мол учун шикоят қилмадим. Қизимнинг номусига теккан оилали эркак қилмиши учун жавоб бериши керак-ку. Нега ёлғиз аёл ва қизнинг ноласини ҳеч ким эшитмайди? Ёки замон зўрники, пули борникими?», — дейди қизнинг онаси.

«Биз ҳолатни ўрганиб чиққанимизда қиз ва оилали эканлиги айтилаётган 24 ёшли эркак ўртасидаги жинсий яқинлик ҳар икки томон хоҳишига кўра содир бўлгани аниқланди. Буни қиз ҳам, йигит ҳам тан олди. Қиз дастлабки яқинликни, яъни 2020 йил сентябрдаги ҳолатни йигит мажбуран содир қилганини, маст ҳолда келиб, уни мажбурлаганини айтмоқда. Аммо йигит қиз билан жинсий яқинлик бир неча маротаба содир бўлганини айтиб, бунда ҳар иккаласининг хоҳиши асосий ўринда турганини айтди», — дейди вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Ирода Расулова.

Ирода Расулованинг айтишича, оилали эркак ва 22 ёшли қиз ўртасидаги жинсий муносабат ҳақида қизнинг дугонаси, яъни гувоҳ бор воқеани айтиб берган.

«Қизнинг дугонаси воқеадан хабардор бўлганини, зўрланганини айтаётган қиз бу ҳақда унга бир неча маротаба айтганини билдирди. ИИБ шуни инобатга олиб, вояга етган қизнинг ўз хоҳиши билан жинсий муносабатга розилик билдирганини ҳисобга олиб, буни зўрлаш деб топмади. Бироқ унинг тан жароҳати олган ҳолати бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ ҳужжат тайёрлаб, судга тақдим қилди. Агар суд ИИБ терговчисининг ишини ноқонуний деб топса, ҳолат яна ИИБ томонидан обдан ўрганилади, албатта», — деди ИИБ ахборот хизмати масъули.

Муаллиф: Отабек Қўлдошев

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Россияга ишга кетган ёлғиз онанинг ёлғиз қизи зўрлангани айтилди. ИИБ буни «ҳар икки томоннинг хоҳишига кўра юз берган жинсий яқинлик» деб ҳисобламоқда