23:56 / 20.02.2021
1 026

Тошкентда икки нафар шифокор калтакланди

Тошкентда икки нафар шифокор калтакланди
Фото: ССВ
Кеча, 19 февраль тунги соат 23:13 да тез тиббий ёрдам Саll-марказига Тошкент шаҳри Яшнобод тумани Яшнобод 6-тор кўчасидаги хонадонларнинг биридан чақириқ тушган.

ССВ матбуот хизмати маълум қилишича, тез тиббий ёрдам бригадаси чақирув жойига соат 23:25 да, яъни 12 минутда етиб бориб, хонадондаги бемор тезкор тиббий кўрикдан ўтказилган ва 23:40 да беморнинг аҳволи ўта оғир бўлганлиги учун зудлик билан пойтахтимиздаги И.Иргашев номли 4-сон шаҳар клиник шифохонасига етказилган.

Муассаса бош шифокори Б. Мамаджоновнинг маълум қилишича, шифохонада 52 ёшли бемор Д. Н.га «Гипертония касаллиги. Гипертоник криз. Ўпка шиши ва агонал ҳолат» ташхиси қўйилиб, зудлик билан реанимация бўлимига ётқизилган.

У пайтда беморнинг ҳолати оғир бўлиб, кўз қорачиғи кенгайган, фотореакция аниқланмаган, нафас активлиги кузатилмаган ҳолатда бўлган, уйқу артериясида ҳам пульсни аниқлаб бўлмаган ва шу тариқа беморда клиник ўлим ҳолати қайд этилган.

Беморга сунъий нафас юбориш, юракни бевосита массаж қилиш, дефибриллятор орқали таъсир қилиш ва бошқа муолажалар қилиниб, юрак ва нафас реанимацияси 30 дақиқа давомида 3 марта қайта ўтказилган. Стандартлар бўйича амалга оширилган тезкор муолажаларга қарамасдан, беморда биологик ўлим қайд этилган.

Беморнинг вафоти ҳақида яқинларига маълум қилинганда унинг фарзандлари томонидан хизмат вазифасини бажараётган шифокорларга нисбатан сабабсиз жисмоний тазйиқ ўтказилган.

Бунинг оқибатида шаҳар тез тиббий ёрдам хизматининг шифокори, 32 ёшли Д. У. «Бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши, чап ёноқ соҳаси юмшоқ тўқималарининг лат ейиши. Кўкрак қафаси юмшоқ тўқималари лат ейиши, травматик шок 1,2-даража» ташхиси билан, яна бир тез тиббий ёрдам хизмат ходими, 21 ёшли А. А. «Бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, бурун суягининг ёпиқ синиши. Кўкрак қафаси соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши» ташхиси билан мазкур шифохонанинг реанимация бўлимига ётқизилган.

Фото: ССВ
«Ярим тунда ўз касбий фаолиятини бажариш пайтида тажовузга учраган тиббиёт ходимлари учун Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказидан нейрохирург шифокорлар таклиф қилинган ва уларга дастлабки қўйилган ташхис тўлиқ тасдиқланган.

Бугун тонгда ҳам жабрланган тиббиёт ходимларининг аҳволи оғирлигича қолаётганлиги ва уларга махсус жарроҳлик амалиётига тиббий кўрсатма борлиги сабабли Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ўтказилган.

Дарҳақиқат, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир неча йиллардан бери тиббиёт ходимларини ҳимоялаш борасида қонунчиликни кучайтириш, жамоатчилик назоратини кенгайтириш, аҳолида тиббий хизматдан фойдаланиш ва шифокорларга нисбатан муомала маданиятини оширишга жиддий эътибор қаратишга чақириб келмоқда.

Мазкур ҳолат ҳам бу масаланинг долзарблигини яна бир бор исботлади. Айни ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат йўллади. Унда юқорида қайд этилган ҳолатни қатъий назоратга олган ҳолда, айбдор шахслар қаттиқ жавобгарликка тортилишини таъминлашда амалий ёрдам сўралди», дейилади ССВ хабарида.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)
Мавзуга оид янгиликлар


Янгиликлар » Жамият » Тошкентда икки нафар шифокор калтакланди