14:27 / 23.02.2021
603

ССВга вакцинация тадбирларини олиб бориш учун 223 та махсус автомобил топширилди

ССВга вакцинация тадбирларини олиб бориш учун 223 та махсус автомобил топширилди
Фото: ССВ матбуот хизмати
Бугун, 23 февраль куни ЮНИСЕФ пойтахтимиздаги «Миллий» стадионида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати учун 17 та музлаткичли юк машинаси ва 206 та Miniven-Labo автомобилларини топширди.

Шу муносабат билан ўтган тантанали маросимда Бош вазир ўринбосари Б. Мусаев, Соғлиқни сақлаш вазири А. Ҳожибоев, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари М. Мамедзаде ва бошқа масъуллар иштирок этишди.

Тақдим этилган транспорт воситаларининг умумий қиймати 2 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Ушбу маблағ Вакциналар ва иммунизация бўйича глобал альянси (ГАВИ) томонидан соғлиқни сақлаш тизимини мукамаллаштириш доирасида ажратилди.

Олдимизда катта масъулиятли вазифа турибди. У ҳам бўлса, аҳолининг тегишли қатламини коронавирус касаллигига қарши эмлаш, — деди Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев. — Вакцинация борасида етарли тажрибага эга бўлсак-да, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятларга коронавирус инфекциясига қарши эмлаш кунларини ўтказиш бўйича тайёргарлик тадбирларида амалий-услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида мутахассислар бириктирдик, эмлаш тадбирларига жалб этилган тиббиёт ходимларининг малакасини оширдик, уларга маслаҳат, амалий-услубий ёрдам кўрсатиш ишлари тизимли равишда олиб борилмоқда.

Ўйлайманки, ҳозирда бу борада яратилаётган қўшимча имкониятлар албатта ўз самарасини беради ва ушбу синовли кунлардан биз мардонавор ўтамиз ҳамда олдимизга қўйилган — коронавирус пандемиясини енгишдек мураккаб вазифани ёруғ юз билан адо этамиз.


Тадбирга сўзга чиққанларнинг таъкидлашича, вакциналарни маълум бир ҳароратни сақлаган ҳолда ташиш жуда муҳим. Бунинг учун махсус автомобилларнинг топширилиши эса совуқлик занжири ва логистика инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ҳамда вакциналарни мамлакат бўйлаб хавфсиз ва тезкор ташишга ҳисса қўшади.

Шунингдек, COVID-19га қарши вакциналарни ишлаб чиқариш ва етказиб бериш жадал олиб борилаётган ҳозирги даврда уларни адолатли тақсимлаш муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди.

Ҳеч кимни четда қолдирмасдан COVID-19га қарши эмлашни адолатли ўтказишга тайёргарлик кетаётган вақтда Ўзбекистонда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан бу йўналишда ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз, — деди ЮНИСЕФнинг юртимиздаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. — Ишончим комилки, ушбу ҳамкорлик барча ҳудудларда аҳолини вакцинация ишлари билан тўлиқ қамраб олиш сари яна бир қадам бўлади. Бундан аввал Ўзбекистонда иммунизация тадбирлари учун совуқлик занжири иншоотлари ва қурилмалари барпо этишда ҳамкролик қилган эдик.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » ССВга вакцинация тадбирларини олиб бориш учун 223 та махсус автомобил топширилди