09:00 / 27.02.2021
494

Тошкентда 100 минг сўмлик купюраларни қалбакилаштирганлар қўлга олинди

Тошкентда 100 минг сўмлик купюраларни қалбакилаштирганлар қўлга олинди
Тошкентнинг Олмазор туманида қалбаки 100 минг сўмлик купюраларни ишлаб чиқараётган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати маълум қилди.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати
Департамент, ДХХ ва ИИББнинг Олмазор тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро А.Н. ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, фуқаро М.га 100 минг сўмлик купюрадаги 500 дона қалбаки 50 миллион сўмни ҳар бирини 20 минг сўмдан ҳисоблаб, 10 миллион сўмга ўтказган вақтида ушланган.

Шунингдек, тадбирда А.Н. билан бирга келган фуқаронинг автомашинаси ва яшаш хонадони текширилганда, яна 66 дона серия ва рақамлари бир хил бўлган қалбаки 100 минг сўмлик купюра, қалбаки пулларни ясашда фойдаланилган рангли принтер ва бошқа ускуналар ашёвий далил сифатида олинган.

Юз минг сўмлик купюра 2019 йилнинг 25 февралидан бошлаб муомалага чиқарилганди. Уни қалбакилаштириш ҳолатлари аввал ҳам кўп қайд этилган. Хусусан, Тошкент, Самарқанд, Андижон, Наманганда қалбаки купюраларни бозорда муомалага киритмоқчи бўлган шахслар қўлга олинган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Тошкентда 100 минг сўмлик купюраларни қалбакилаштирганлар қўлга олинди