11:08 / 02.03.2021
1 701

Ўзбекистонда 450 мингга яқин хотин-қиз «аёллар дафтари»га киритилди

Ўзбекистонда 450 мингга яқин хотин-қиз «аёллар дафтари»га киритилди
Ўзбекистонда 433 минг нафар хотин-қиз «аёллар дафтари»га киритилган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева маълум қилди.

Қайд этилишича, мамлакатда 17 миллиондан ортиқ хотин-қизлар истиқомат қилади. Улар деярли барча соҳаларда иштирок этиб, жамият ва давлат ривожига ҳисса қўшиб келмоқда.

Таъкидланишича, давлат раҳбари ташаббуси билан ўз вақтида жорий этилган «аёллар дафтари»га хотин-қизларни киритиш орқали аёллар ташвишлари, уларни ўйлантираётган масалалар ҳал этилмоқда. Жумладан, 6,5 миллион нафар хотин-қиз билан юзма-юз мулоқот қилиниб, ушбу дафтарга 9 та мезон асосида 433 минг нафари киритилди. Уларнинг:
  • 253 минг нафари — ишсиз сифатида;
  • 44 минг нафари — тиббий;
  • 48,5 минг нафари — ҳуқуқий ва психологик ёрдамга муҳтож сифатида;
  • 37 минг нафари — боқувчисини йўқотган;
  • 33,5 минг нафари — ногиронлиги бўлган (шундан 4,5 нафари уй-жойини таъмирлашга муҳтож);
  • 9 минг нафари — нотурар жойда яшовчи;
  • 8 минг нафари ногиронлиги бўлган фарзандини тарбиялаётган ёлғиз аёл сифатида рўйхатга олинган.

Айни вақтга қадар мазкур рўйхатдаги 80 мингдан ортиқ аёлнинг аниқланган муаммолари ўрнатилган тартибда ҳал этилган.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан айни пайтда манфаатдор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда дафтарга киритилган хотин-қизлар орасидаги тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган 15 665 нафар аёлларнинг тадбиркорлик кўникмаси ҳамда молиявий саводхонлигини ошириш мақсадида «мотивация, кўникма ва молиявий кўмак» тамойили асосида иш олиб борилмоқда.

Хусусан, «Халқ банки» билан ҳамкорликда аёллар тадбиркорлигига мос бўлган 60 та намунавий «бизнес режа»ни оммалаштириш ишлари йўлга қўйилмоқда.

Бундан аввал Шавкат Мирзиёев 2021 йил якунига қадар 15 минг нафар ишсиз аёлни ҳунармандчиликка ўқитиш бўйича топшириқ бергани, йил якунига қадар қарийб 9 миллион нафар аёл чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилишини маълум қилгани ҳамда вилоят ҳокимлари маҳаллий бюджет ҳисобидан 100 нафардан хотин-қизларнинг контракт пулини тўлаб бериши ҳақида хабар берилганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда 450 мингга яқин хотин-қиз «аёллар дафтари»га киритилди