15:00 / 04.03.2021
3 195

Ислом Каримовнинг вафотидан сўнг Ўзбекистон давлат тўнтариши остонасига келиб қолганмиди?

Ислом Каримовнинг вафотидан сўнг Ўзбекистон давлат тўнтариши остонасига келиб қолганмиди?
Содиқ Сафоев.
Кадр: YouTube / «Alter Ego»

Ўзбекистон Ислом Каримовнинг вафотидан сўнг давлат тўнтариши ёқасига бориб қолгани ҳақида гап-сўзлар «ҳақиқатга мутлақо яқин эмас», ўшанда кейинги президентликка Шавкат Мирзиёевдан «бошқа муқобил номзод» йўқ эди. Бу ҳақда Ўзбекистон Сенати раиси биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Кирилл Алтманнинг «Alter Ego» лойиҳасига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Кирилл Алтман суҳбат давомида Сенат раиси биринчи ўринбосарига шундай савол билан мурожаат қилди: «Каримовнинг ўлимидан сўнг Ўзбекистон давлат тўнтариши остонасига келиб қолгани, Тошкент аэропортига Россия махсус хизмат бўлинмалари, самолётлари етиб келгани ҳақида миш-мишлар бор. Бу гап-сўзлар қанчалик ҳақиқатга яқин?».

- "Ҳақиқатга мутлақо яқин эмас. Ўшанда мен ҳам бор эдим, Сенатда ишлардим. Ўзбекистоннинг қадимий давлатчилик илдизлари борлигини инобатга олинг, бу халқнинг генетик кодида бор нарса ва баъзида, бу нарса ривожланишимизга ҳам халал беради. Фёгел деган немис олими бор, у Марказий Осиё мамлакатларини «гидравлик давлатлар» — сув хўжалигига боғланган давлатлар деб атаган. Жамиятнинг яшаб қолиши барқарор сув таъминоти тизимига боғлиқлиги — бизда эса айнан шундай, қишлоқ хўжалигининг 90 фоизи сунъий суғорилади — ҳар доим марказлашган бошқарувни талаб қилади. Бусиз хаос (тартибсизлик) бўлади, ривожланиш бўлмайди, ҳатто оддий ишлаб чиқариш ҳам бўлмайди.

Бундай ҳолатда давлатнинг марказлашган бошқарувли бўлиши муҳим, чунки бу жараёнларнинг барини бошқарадиган ягона марказ керак. Фёгел айтадики, «одамлар жамиятнинг барқарор тараққий этиши омилларига эга бўлиш учун минг йиллар давомида ўз эркинликларининг бир қисмини топширишга рози бўлган». Бу, уни таниқли олим айтганига қарамай, эҳтимол, баҳсли фикрдир, аммо Марказий Осиё мамлакатлари тарихи шуни кўрсатадики, бу ерда одамлар ҳам, истеблишмент (қудрат эгалари) ҳам давлатчилик институтларига алоҳида ҳурмат билан муносабатда бўлган.

Ўша вақтда (Ислом Каримов вафот этганида) ҳам кескин ҳаракатлар бўлмаслиги тушунарли эди, ҳаммаси муҳокамалар асосида, табиий бўлган. Ёдимда, Мустақиллик майдони атрофидаги биноларнинг ҳеч бирида баҳслашувлар бўлмаган. Ўшанда ҳам куну тун жойимизда бўлиб, ишлаганмиз, муҳокама қилганмиз. Умуман олганда, ҳаммаси энг бошидан биз учун кутилганидек эди", - дейди Ўзбекистон Сенати раиси биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Ислом Каримовнинг вафотидан сўнг Ўзбекистон давлат тўнтариши остонасига келиб қолганмиди?