15:23 / 06.03.2021
787

«Бундан буён Ўзбекистонда бирор-бир аёл давлат ва жамиятнинг эътиборидан четда қолмайди» – Президент

«Бундан буён Ўзбекистонда бирор-бир аёл давлат ва жамиятнинг эътиборидан четда қолмайди» – Президент
Охирги 3 ойда «аёллар дафтари»га киритилган 80 минг нафар хотин-қизнинг муаммолари ҳал этилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир аёлларнинг 32 минг нафари иш билан таъминланди. Бу ҳақда айни пайтда Тошкент шаҳридаги Конгресс-холлда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилаётган тантанали маросимда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев сўз юритди, дея хабар бермоқда «Дарё».

«Сўнгги йилларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила институтини ҳар томонлама мустаҳкамлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада энг қуйи бўғин – маҳалла ва хонадонгача кириб борадиган, вертикал тизим яратилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Хабарларингиз бор, жорий йилнинг 26 февраль куни бўлиб ўтган видеоселекторда ана шу тизим асосида амалга оширилган ишлар ва олдимизда турган режаларни атрофлича муҳокама қилган эдик. Ана шу муҳим вазифаларни амалга оширишда сиз, ҳурматли опа-сингилларимиз бундан буён ҳам фаол иштирок этасизлар, деб ишонаман.

Кейинги вақтда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги раҳбарияти бошчилигида Республика ишчи гуруҳи тузилиб, барча ҳудудларда аёлларни қийнаётган муаммолар аниқланди. Ушбу муаммолар бўйича манзилли иш олиб бориш учун мутлақо янги тизим – ‘аёллар дафтари’ни жорий этдик
», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, инқирозга қарши кураш жамғармаси маблағлари ҳисобидан салкам 17 минг нафар хотин-қизга амалий ёрдам кўрсатилган.

Биргина ‘Ҳар бир оила – тадбиркор’ дастури доирасида 126 мингга яқин аёлларга имтиёзли кредитлар берилди. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун қарийб 215 минг оилага 6 триллион сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилди.

Қарийб 55 минг нафар хотин-қиз тадбиркорлик ва касб-ҳунар марказлари томонидан ўқитилди, ҳунармандчилик ва касаначиликка жалб этилди. ‘Беш муҳим ташаббус’ доирасида чекка-чекка ҳудудларда тикувчилик цехлари ташкил этилиб, 10 минг нафар аёл бандлиги таъминланди.

Уй-жой сотиб олиш учун 1 минг 250 нафар опа-сингилларимизга қарийб 22 миллиард сўмлик бошланғич бадаллар тўлаб берилди. Жорий йилда ҳам ушбу хайрли ишлар давом эттирилади ва бу борада куни-кеча янги Қарорни имзоладим. Унга кўра, жамиятда аёлларимизга бўлган эътиборни энг қуйи бўғингача, маҳаллагача тушириб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг яхлит тизими яратилмоқда. Бундан буён Ўзбекистонда бирор-бир аёл давлат ва жамиятнинг эътиборидан четда қолмайди. Буни ҳар бир раҳбар билиши керак, — деди Президент.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » «Бундан буён Ўзбекистонда бирор-бир аёл давлат ва жамиятнинг эътиборидан четда қолмайди» – Президент