19:56 / 16.03.2021
2 986

Тошкент вилоятида 14 ёшли қизнинг номусига теккан шахслар жазосиз қолмоқда

Тошкент вилоятида 14 ёшли қизнинг номусига теккан шахслар жазосиз қолмоқда
Фото: ЎзА
Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида 2020 йилнинг сентябрь ойида 14 ёшли қизни ўғирлаш, номусига тегиш каби мудҳиш жиноят содир этилган шахслар жазосиз қолмоқда, деб хабар беради ЎзА.

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг ёз ойларида қиз аммасининг уйига меҳмонга борган. Карантин туфайли кўчада транспорт ҳаракати чеклангани учун у таксида уйга қайтиш мақсадида кўчада тўхтаган енгил машинага ўтирган.

Машина ичида бўлган яна бир йигит қизни кўриб, уни тоғли ҳудудга олиб қочган. «Дача»га олиб бориб, қизга қандайдир дори ичирган. Ҳушини йўқотгач эса уни турли хил алфозда расмларга туширган. Ўзига келганида уни авраб, «Бу ерга келганингни ҳеч кимга айтмасанг, уйингга олиб бораман», деган. Шундоқ ҳам қўрқиб кетган қиз рози бўлган ва уйга келгач, ҳеч кимга ҳеч нарса демаган.

Қўлида етарлича «далиллар»и бўлган йигит кунларнинг бирида қизга қўнғироқ қилиб, «Сумканг қолиб кетибди, чиқсанг бериб юбораман», деб айтган. Қиз сумкаси учун уйдан чиқиб борганида эса унга ўша суратларни кўрсатиб, бирга кетмаса, суратларни ижтимоий тармоқларда тарқатиб, шарманда қилиш билан қўрқитган. Қаттиқ қўрқиб кетган қиз яна машинага ўтирган. Бу сафар йигит қизни кўп қаватли уйлардан бирига олиб борган. Қиз йўқолиб қолганини билган оила-аъзолари уни қидиришга тушган. Ўша пайтда Москвада ишлаётган отаси ҳам етиб келган.

Қизнинг отаси Б.нинг айтишича, у фарзандини бир ҳафта мобайнида қидирган, бу ҳақда ички ишлар органларига ҳам мурожаат қилган. Қанчалик ҳаракат қилмасин, у қизини топа олмаган. Орадан бир неча кун ўтиб, абгор бир аҳволда қиз уйига кириб келган ва отасининг қистови билан ҳамма воқеани бирма-бир сўзлаб берган.

Маълум бўлишича, қиз кейинги икки кунни ташландиқ, кимсасиз бир ҳудудда оч-наҳор ўтказган. Зўровон нафақат унинг номусини топтаган, балки унинг кимсасиз жойда ўлиб кетишини ҳам режа қилиб, уни овлоқ жойда бўлган темир контейнерга қамаб кетган. Бахтли тасодиф туфайли қиз контейнердан чиқиб, узоқ масофани пиёда юриб, уйига қайтиб келган.

Ота вояга етмаган қизини таҳқирлаган, бу жараёнда иштирок этган шахс ҳақида маълумотларни тўплаб, 2020 йил сентябрь ойининг охирларида Ўрта Чирчиқ тумани ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилган. Ариза бўйича жиноят иши очилиб, тергов ҳаракатлари бошланган. «Бироқ бу ҳаракатларнинг охири ҳали ҳам кўринмаган. Ота ички ишлар бўлимига қатнаб чарчаганидан сўнг, кўплаб юқори ташкилотларга мурожаатлар йўллаган. Аммо мурожаатларга ‘тегишли органга юборилди, натижаси ҳақида маълум қиламиз’, деган мазмунда жавоблар келган, холос», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, вояга етмаган қизалоқни таҳқирлаган шахсларга орадан олти ой ўтган бўлса ҳам ҳозирга қадар ҳеч қандай чора кўрилмаган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Тошкент вилоятида 14 ёшли қизнинг номусига теккан шахслар жазосиз қолмоқда