14:20 / 23.03.2021
2 285

Шовотда туман ҳокими иштирокидаги тадбирда юпун кийинган боғча тарбияланувчиларига оид ҳолатга изоҳ берилди

Шовотда туман ҳокими иштирокидаги тадбирда юпун кийинган боғча тарбияланувчиларига оид ҳолатга изоҳ берилди
Фото: Шовот тумани ҳокимлиги
21 март куни ижтимоий тармоқларда Хоразм вилоятининг Шовот туманидаги 35-сонли боғчанинг очилиш маросимидан олинган суратлар кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди. Вилоят Mактабгача таълим ташкилоти мазкур ҳолатга муносабат билдирди.

Шовотдаги давлат боғчасининг очилиш маросимида иштирок этган тарбияланувчилар юпун кийимда бўлгани интернет фойдаланувчиларининг кескин танқидига сабаб бўлган.

Маълум қилинишича, Шовот туманидаги 35-сонли давлат Мактабгача таълим ташкилотининг очилиш тадбири 19 март санасида бўлиб ўтган. Тадбирда Шовот тумани ҳокими, маҳалла фаоллари, нуронийлар, туман мактабгача таълим бўлими ходимлари иштирок этган.

Тадбирнинг «табрик сўзлари» қисми тугагач, болалар рақс тушишга таклиф этилган. Рақс тушишгача бўлган вақтда болалар эгнида совуқдан сақлайдиган кийимда бўлган (куртка). Рақс бошланиш вақтида кийимларини тарбиячисига бериб, сўнгра рақсни ижро этиб бўлгач, яна кийимларини кийишган.

«Хўш, ўзи аслида, ҳаво ҳарорати қандай эди, онлайн шаклда 19 март санасидаги об-ҳаво маълумотлар тарихига юзланиб шу куни ҳаво ҳарорати 18—20 даража атрофида иссиқ бўлганини кўришимиз мумкин. Юртимизда эпидемиологик вазият давом этаётганини инобатга олиб, Хоразм вилояти Мактабгача таълим бошқармаси томонидан, турли тадбирларни карантин талабларига риоя қилмаган ҳолда ташкил этиш мумкин эмаслиги ҳақида вилоятдаги ҳар бир Мактабгача таълим ташкилоти директорлари ва ходимлар огоҳлантирилган, бу юзасидан мунтазам равишда тушунтириш тадбирлари ташкил этилади», — дейилади муносабатда.

Фото: Хоразм вилояти Мактабгача таълим бошқармаси матбуот хизмати
Хоразм вилояти Мактабгача таълим бошқармаси Шовот туманидаги 35-сонли ДМТТ очилиш тадбирига болаларни жалб қилиб, карантин талабларига риоя қилмасдан, уларнинг юпқа кийимда тадбирда чиқиш қилишига имконият яратиб берган ходимларга тегишли тартибда интизомий жазо чоралари кўрилишини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг январь ойида Фарғонанинг Чўнғарасига ташриф буюрган Шуҳрат Ғаниевни атлас кўйлакли қизалоқ нон билан кутиб олганди. Ҳоким ва сафдошлари қалин кийимда, қизча эса юпқа атлас кўйлакда тургани ижтимоий тармоқларни жунбишга келтириб, кўплаб танқидий пост ва изоҳлар ёзилгач ҳокимлик матбуот хизмати муносабат билдириб, қизча атиги икки дақиқа очиқ ҳавога чиққанини ёзганди.

22 ноябрь куни эса ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳридаги 43-мактаб ўқувчиларининг совуқда икки қатор бўлиб, юпун кийимларда байроқ кўтариб маҳаллий амалдорларни кутиб олаётгани акс этган сурат тарқалди. Болалар 19 ноябрь куни «Янги Ўзбекистон — янгича дунёқараш» шиори остида Ўзбекистонда кўзга кўринган зиёлилар, санъат, фан-маданият ходимлари ҳамда фаол нуронийлардан иборат тарғибот гуруҳини кузатгани олиб чиқилгани маълум бўлган.

Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси расмий муносабатида расмдаги болалар 2-3 дақиқа ташқарида қолишгани, сўнг синф хоналарига киришгани айтилган. Воқеадан сўнг ушбу мактаб директори ва унинг ўринбосари ишдан олинган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шовотда туман ҳокими иштирокидаги тадбирда юпун кийинган боғча тарбияланувчиларига оид ҳолатга изоҳ берилди