18:00 / 24.03.2021
2 075

Нефт базаларидаги қатор молиявий найранглар фош этилди

Нефт базаларидаги қатор молиявий найранглар фош этилди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ раиси топшириғига кўра, молиявий ва комплаенс назорати йўналишида коррупция, иқтисодий жиноятларга қарши курашишга, уларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар давомида “Бухоро нефт базаси” ҳамда “Жиззах нефт базаси” масъулияти чекланган жамиятларида текширувлар ўтказилди. Бу ҳақда жамият матбуот хизмати хабар бермоқда.

Текширувларда нефт маҳсулотлари сақланиши, истеъмолчиларга етказиб берилиши, дебиторлик, кредитор қарздорликлар билан кўплаб ноўрин харажатлар, шунингдек, амалдаги қонунчиликка риоя қилинмаслик ҳолатлари аниқланди.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 февралдаги 149-сонли қарорига асосан, нефт маҳсулотлари тўлов олдиндан 100 фоиз ўтказилганда етказиб берилиши белгиланган бўлса-да, амалда белгиланган меъёрий ҳужжатларга мунтазам амал қилмаслик оқибатида “Бухоро нефт базаси” МЧЖда 33 млрд 463 млн 200 минг сўм, “Жиззах нефт базаси” МЧЖда 35 млрд 42 млн 700 минг сўм дебитор қарздорлик юзага келган. Шундан умумий ҳисобда 45 млрд 293 млн сўми 2021 йил 1 январ ҳолатига муддати ўтган қарз саналади.

Бундан ташқари, ўз вақтида ундирув чоралари кўрилмагани натижасида, “Бухоро нефт базаси” МЧЖ бўйича 2009–2013 йилларга оид 1 млрд 783 млн 300 минг сўм, “Жиззах нефт базаси” МЧЖ бўйича 2006–2020 йилларга оид 14 млрд 133 млн 500 минг сўм маблағ “умидсиз қарз”га айланган.

Ёнилғи етказиб берилган Бухородаги 32та, Жиззахдаги 239та собиқ хўжаликлар фаолияти бугунги кунда тугатилган ва қарздорликларни ундириш масаласи яна бир қатор муаммоларни туғдиради.

Ўрганиш давомида, “Бухоро нефт базаси” МЧЖга қарашли 67 та ФЁТШларда 3 181,6 минг литр, “Жиззах нефт базаси” МЧЖ тасарруфидаги ФЁТШ ва ПАЗСларда 8 038,3 минг литр маҳсулот камомади аниқланди. Шундан бир қисми жараёнда қопланди.

Маблағ иқтисоди, харажатлар режасига амал қилиш борасидаги вазият ҳам ачинарли ҳолатда. “Жиззах нефт базаси” МЧЖ томонидан 788 нафар ходимга 806 млн 915 минг 400 сўмлик компенсация тўловлари ноўрин ҳисоблангани аниқланди. Шунингдек, жамоа шартномасига зид тарзда интизомий жазо қўлланган 23 нафар ходимга 7 млн 985,2 минг сўм мукофот пули тўлаб берилган. Меҳнат шартномаси бекор қилинган 26 нафар собиқ ходим номига 33 млн 857 минг сўм иш ҳақи ёзилган.

Ўрганишларда аниқланган камчиликларни ундириш ва вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳужжатлар тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга тақдим этилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Нефт базаларидаги қатор молиявий найранглар фош этилди