12:30 / 30.03.2021
1 600

Хатланган мол-мулкни баҳолаш тартиби тасдиқланмоқда

Хатланган мол-мулкни баҳолаш тартиби тасдиқланмоқда
Бош прокуратура ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг “Давлат ижрочилари томонидан ижро ҳаракатларини амалга оширишда хатланган мол-мулкни баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Низомга мувофиқ, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро қилиш жараёнида реализация қилинадиган, шу жумладан давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулк баҳолаш объекти ҳисобланади.

Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни баҳолаш хусусияти Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги 200-сон “Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан белгиланади.

Рўйхатга олинган мол-мулкни баҳолашни ташкил этиш низом билан белгиланган тартибда давлат ижрочиси томонидан амалга оширилади.

Давлат ижрочиси алоҳида мол-мулкнинг шартномавий нархини фақат алоҳида олинган мол-мулк қиймати базавий ҳисоблаш миқдори йигирма бараваридан, мол-мулк жами қиймати эса базавий ҳисоблаш миқдори юз бараваридан ошмаган тақдирдагина, баҳоловчи ташкилотни жалб этмаган ҳолда мустақил белгилаши мумкин, автомототранспорт воситалари бундан мустасно.

Қуйидаги мол-мулкни баҳолаш учун баҳоловчи ташкилот жалб қилинади:
а) автомототранспорт воситалари;
б) машина ва ускуналар ҳамда ишлаб чиқариш линиялари;
в) кўчмас мулк;г) корхона мулкий комплекси;
д) тижоратчи ташкилотлардаги улушлар (акциялардан ташқари);
е) ашёлар, мол-мулк, шу жумладан мулкий ҳуқуқлар;
ж) фонд биржаси расмий листингига киритилмаган ва марказлаштирилган тартибда котировка қилинмаётган қимматли қоғозлар.

Фонд биржаси расмий листингига киритилган қимматли қоғозлар қиймати давлат ижрочиси томонидан ушбу қимматли қоғозлар бўйича фонд биржасига ёзма сўровнома юбориш орқали белгиланади.

Давлат ижрочиси мустақил белгилаши мумкин бўлган мол-мулкни баҳолаш учун баҳоловчи ташкилотни жалб қилиши мумкин. Гаровга қўйилган мол-мулк билан таъминланган мажбуриятларни ижро этишда ундирув ушбу мол-мулкка қаратилган тақдирда, гаровга қўйилган мол-мулкнинг кимошди савдоси бошланадиган бошланғич реализация қилиш нархи суд қарори билан белгиланади.

Мол-мулк давлат ижрочиси томонидан мустақил баҳоланганда мувофиқ қарор чиқарилади.Мол-мулк баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланган ҳолларда давлат ижрочиси баҳолаш натижаларини қабул қилиш ва ижро иши ҳужжатларига бириктириш тўғрисида қарор чиқаради.

Ижро ҳужжатлари бўйича реализация қилинадиган мол-мулкни баҳолаш учун Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ёки унинг ҳудудий бошқармаси ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари ва энг мақбул, арзон нархлар таклиф қилаётган баҳоловчи ташкилот ўртасида шартнома тузилади. Шартномада баҳоловчи ташкилотнинг хизмат ҳақини тўлаш бўйича шартлар кўрсатилади.

Шартнома кейинчалик узайтириш ҳуқуқи билан бир йил муддатга тузилади. Шартномани узайтиришда баҳоловчи ташкилот томонидан мазкур шартнома шартларига тўлиқ риоя этилгани ва баҳолаш фаолиятини амалга ошириш учун қонунчиликда белгиланган талаблар бузилмаганига эътибор қаратилади.

Баҳоловчи ташкилот шартномани бажармагани ёки лозим даражада бажармагани оқибатида буюртмачига зарар етказилгани учун унинг олдида жавобгар бўлади.

Мол-мулк давлат ижрочиси томонидан мустақил баҳоланганда мол-мулкнинг алоҳида олинган шартномавий нархи унинг ички бозорда талаб ва таклиф конъюнктураси мавжуд маълумотлари асосида баҳолаш кунида амал қилиб турган нархи 70 фоизидан кам бўлмаган миқдорда белгиланади.

Давлат ижрочиси мол-мулк нархини аниқлашда бозордаги мавжуд талаб ва таклифлар тўғрисидаги очиқ маълумотлар (бозор маъмуриятидан олинган маълумот, интернетдан олинган ахборот ёки мутахассис хулосаси)га асосланади.

Давлат ижрочиси томонидан мустақил баҳоланиши мумкин бўлган мол-мулк шартномавий нархи мол-мулк хатлангандан кейин ўн кундан кечиктирмасдан белгиланиши лозим.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Хатланган мол-мулкни баҳолаш тартиби тасдиқланмоқда