19:51 / 31.03.2021
806

Вазият ва баҳона қурбонига айланмайлик!

Вазият ва баҳона қурбонига айланмайлик!
Биз демократик давлат қуряпмиз ва бунда фикрлар хилма-хиллиги оддий ҳолат бўлиши керак. Лекин бу миллий қадриятлар ва урф-одатларни оёқ ости қилиб, миллат онги тасаввурига сиғдиролмайган ҳолатларга баралла даъват этиш дегани эмас. Яъни вояга етмаганларни жинсий муносабатларга жалб қилганлар, албатта, жиноий жавобгарликка тортилиши шарт. Қолипга тушмайдиган шахсий муносабатларни жамоат жойларида ошкора қилишни нафақат жиноят, балки одоб-ахлоқ меъёрларидан четга чиқиш деб тушуниш лозим.

Гуландом Субҳонова
Бу масала Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 120-моддасида ҳам тегишлича белгилаб қўйилган. Ушбу моддага ўзгартириш киритиш масаласига эса, аввало, дин пешволари, қолаверса, депутатлар муносиб жавоб беришди. Исломда ўзини мусулмон ҳисоблаган инсон гиёҳвандлик, фоҳишабозлик, бесоқолбозлик билан шуғулланиши гуноҳ ҳисобланади.

Масалан, ижтимоий тармоқларда тарқалган пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбонида рўй берган ҳолат бўйича Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов қуйидагича муносабат билдирди:

«...Аслида, бизники каби давлатларда бесоқолбозликка қарши қонунлар енгиллаштирилса ҳам, жамият буни қабул қилмайди ва бу қуруқ қоғозда қолиб кетаверади. Чунки, жазо бекор қилиниб, бундай тоифалар бемалол кўча-кўйда ўзини кўрсата бошласа, «самосуд»лар кўпайиб кетиши мумкин. Расмий жазо белгиланмаган тақдирда ҳам, мусулмонлардан иборат жамият уларни барибир қўймайди. Ўз-ўзидан кичик бетартибликлар катта муаммоларни келтириб чиқаради. Шунинг ўзи — ҳамма саволга жавоб бўлиши керак!..»

Албатта, барча ташкилотчиларга кирдикорларига яраша қонуний жазо берилиши керак. Мамлакатимиз кўп миллатли — бу ерда 130 миллат ва элат вакиллари тинч-тотувликда яшаб, меҳнат қилишмоқда. Байрамларимиз, тўйларимиз, ўтказаётган барча тадбирларимиз шодлику хурсандчиликда ўтмоқда. Жумладан, биз тожик марказлари учун барча шарт-шароитлар мавжуд.

Айниқса, охирги йиллардаги ислоҳотлар ва яхши муносабатлар барчамизни Ўзбекистонимиз учун ҳалол меҳнат қилишга ундайди. Президентимиз меҳнат фаолиятини бошлаган куниданоқ қўшничилик муносабатларига катта эътибор қаратди. Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегараларнинг очилиши икки томон учун унутилмас шодиёнага айланди.

Шунингдек, икки давлатнинг пандемия даврида бир-бирига бераётган ёрдамлари каби муҳим ва савобли ишларидан барчамиз қувончда, қолаверса, дуодамиз. Биз тинчликни, хотиржамликни, тотувликни хоҳлаймиз ва бор кучимизни, илм-салоҳиятимизни ёшларимиз тарбиясига, Ватанимиз равнақига сафарбар этамиз.

Гуландом Субҳонова,
Ўзбекистон тожик миллий-маданий маркази раиси


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Вазият ва баҳона қурбонига айланмайлик!