21:28 / 31.03.2021
1 874

Сергели ҳокими: «Контейнерга кўчиб ўтишга арзигулик айб иш қилганим йўқ»

Сергели ҳокими: «Контейнерга кўчиб ўтишга арзигулик айб иш қилганим йўқ»
Элбек Шукуров.
Кадр: YouTube / Alter Ego

Сергели тумани ҳокими Элбек Шукуров YouTube’даги Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида амалдорларнинг яшаш учун контейнерларга кўчиб ўтаётганига муносабат билдирди, дея хабар бермоқда «Gazeta.uz».

Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев «Шодиёна» (Фарғона) ва «Бунёдкор» (Наманган) маҳаллаларидаги аҳволни «президент сиёсатига хиёнат» деб атаган эди. У вилоятлар ҳокимлари ва прокурорларига муаммоларни «пастдан» ўрганиш учун маҳаллаларга кўчиб ўтишни таклиф қилган эди. Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ва бошқалар шундай қилди ҳам.

Сергели тумани ҳокими Элбек Шукуров эса яшаш учун контейнерга кўчиб ўтмоқчи эмас.

«Контейнерга кўчиб ўтишга арзигулик айб иш қилганим йўқ, деб ўйлайман. Аммо муаммолар жуда кўп. Агар контейнерга кўчиб ўтганларга эътибор қаратилса, бир томондан бу, балки, тўғридир. Ҳудудлар катта, бир чеккасидан иккинчисига бориш учун бир соат вақт кетадиган туманлар бор. Шунингдек, агар ҳоким бир маҳалла билан тўлиқ шуғулланмоқчи бўлса, эҳтимол, у ерга контейнер ўрнатиб, яшашидан маъно ҳам бордир», — деди у.

Сергели тумани ҳокимининг қўшимча қилишича, Президент «ҳамма контейнерларга кўчиб ўтсин», деб айтмаган.

«Мен буни аниқ эслайман — у буни айтмаган эди. Пастга тушиш кераклигини айтган. Ҳатто Чирчиқ бўйича ҳам: ‘Қўлингга белкурак олиб, ҳаммасини ўзинг тозалайсан’, деганди. Лекин у контейнерга кўчиб ўтиш ҳақида айтмаганди», — дея таъкидлади Сергели ҳокими.

Бунда гап Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилоятига ташрифи ҳақида бормоқда. Чирчиқдаги «Ифтихор» маҳалласига уюштирилган кутилмаган ташриф вақтида давлат раҳбари маҳалланинг аҳволи учун ИИБ бошлиғини (маҳалла у раҳбарлик қиладиган секторда бўлган) танқид қилган эди. Орадан бир неча кун ўтиб, маҳаллада ИИБ бошлиғининг хизмат уйи кўринишидаги контейнер пайдо бўлганди.

Элбек Шукуровнинг айтишича, у Сергели туманидаги бошқа секторларнинг раҳбарлари билан биргаликда сайёр микроавтобусдан фойдаланади.

«Одатда биз ўзимизнинг ‘тўртлик’ (тўртта сектор бошлиқлари — ҳоким, прокурор, ИИБ ва Давлат солиқ инспекцияси бошлиқлари) билан ўша микроавтобусда туманни айланиб чиқамиз. Агар қаердадир бир ё икки кун қолишимизга тўғри келса, шу микроавтобус бизнинг сайёр штабимизга айланади. У ерда шароитлар бор: телевизор, ниманидир ёзиб олиш, режалаштириш, чизиш керак бўлса — стол, дегандек. Унга тахминан 12-14 киши сиғади. Тошкент ихчамгина-ку. Менимча, контейнерга кўчиб ўтиш учун зарурат йўқ. Мен кўчиб ўтмайман», — деди у.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Сергели ҳокими: «Контейнерга кўчиб ўтишга арзигулик айб иш қилганим йўқ»