13:09 / 16.04.2021
1 890

МИБ Ангрен шаҳар бўлими бошлиғининг ўз ходимларига нисбатан ҳақоратомуз муносабати Сенат назоратига олинди


Ангренда ходимларини сўкиб, ярим тунда бошқармага боришни буюрган МИБ бошлиғи ҳаракатлари Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан назоратга олинди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Унда айтилишича, МИБ Ангрен шаҳар бўлими бошлиғи М.Ю. ходимларнинг Telegram гуруҳида ижро ходимларининг кунлик режасини бажармаганлиги учун уларни касб одобномасига, инсонийлик фазилатларига, қолаверса, аёллик фазилатларига тўғри келмайдиган ҳамда куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлаган.

«Мамлакатимизда инсон қадри ҳамма нарсадан устун бўлиб турган бир пайтда, афсуски, бундай ‘раҳбарлар’ ҳам учрамоқда. Табиийки, ушбу ҳолат сенаторларни ҳам бефарқ қолдирмади. Шу боис Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Мажбурий ижро бюросидан мазкур ҳолат бўйича бюронинг Ангрен шаҳар бўлими бошлиғининг хатти-ҳаракатларини атрофлича таҳлил қилиб, қонуний чора кўрилиши ва тегишли ахборот тақдим этилишини сўрайди», — дейилади Ўзбекистон парламенти юқори палатаси хабарида.

Шунингдек, қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда «МИБнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ходимлари номидан бош прокурорга шикоят йўлланган. Ҳолатни марказий аппарат ўрганмоқда» номли хабар эълон қилинган. Ушбу ҳолатни ўрганиш натижалари юзасидан баёнот берилмаган.

«Ўз ўрнида, мазкур ҳолат Бош прокуратура томонидан назоратга олинган ҳолда ўрганиб чиқилиши ва натижаси юзасидан расмий баёнот берилиши сўралади», — дейилади хабарда.

Ҳар икки ҳолат Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан назоратга олингани маълум қилинган.


arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » МИБ Ангрен шаҳар бўлими бошлиғининг ўз ходимларига нисбатан ҳақоратомуз муносабати Сенат назоратига олинди