10:46 / 24.04.2021
3 544

Рўзанинг моҳияти нима ва кимлар рўза тутмаса ҳам бўлади?


Ҳикматуллоҳ домла Тоштемиров.
Фото: «Muslim.uz»

«Дарё» интернет-нашри ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Muslim.uz» портали ўзаро ҳамкорликда муборак ойга бағишланган «Ойлар султони — Рамазон» лойиҳасини тақдим этади.

Лойиҳа доирасида таниқли уламолар ва диний соҳа ходимлари моҳи Рамазон фазилати тўғрисидаги ояти карималар, ҳадиси шарифлар шарҳи ҳамда рўза тутиш билан боғлиқ саволларга жавоб беради.

Илк суҳбат Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими бош мутахассиси Ҳикматуллоҳ домла Тоштемиров билан Рамазон ойи фазилати, рўзанинг моҳияти ва унинг ҳукмлари ҳақида бўлди.

Рўзанинг моҳияти нима?

Рўза — ният қилиб, тонг отгандан қуёш ботгунча ейиш, ичиш ва жинсий алоқадан тийилишдир. Қуръони каримда: «Шунингдек, тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан (тонгнинг тундан) ажраладиган вақтигача еб-ичаверингиз. Сўнгра, рўзани кечгача (қуёш ботгунча) мукаммал тутингиз!...», деб буюрилади (Бақара сураси, 187-оят). Ният сабабли эса одат бўлиб қолган ишлар ибодатлардан ажралади. Ният қилмасдан оч қолиш рўза бўлмайди («Мухтасар», «Фатҳу бобил иноя» китоблари).

Рамазон рўзасининг ҳукми нима?

Ҳар бир ақлли, балоғатга етган мусулмон учун Рамазон рўзасини тутиш — фарзи айндир. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз», дейди (Бақара сураси, 183-оят).
Бошқа оятда эса: «Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини туцин», деб буюради (Бақара сураси, 185-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом беш нарса устига қурилган: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, деб гувоҳлик бериш, намозни қоим қилиш, закотни бериш, байтни ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш», деганлар. (Муттафақун алайҳ, Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинган). Бошқа ҳадисда эса: «Рамазон ойингизда рўза тутинглар», деб буюрганлар (Имом Термизий Абу Умомадан ривоят қилган).

Рўзанинг фарзлигига ижмо-уламолар иттифоқи бор, бунга ҳеч ким хилоф қилмаган. Шунинг учун рўзанинг фарзлигини инкор қилиш куфр, имкони бўла туриб рўза тутмаслик фосиқлик бўлади («Ҳидоя», «Ихтиёр», «Фатҳу бобил иноя» китоблари).

Рўзанинг ажри қандай?

Рамазон рўзаси фарз бўлгани сабабли уни тутган киши катта савобга эга бўлади ва Аллоҳ таолонинг розилигини топади. Зеро энг катта савоблар фарз ибодатларга берилади. Нафл ибодатлар эса фарзларни мукаммал қилувчидир.
Рамазон рўзасининг фазилати ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Ким Рамазон рўзасини имон ва савоб умидида туца, ўтган гуноҳлари кечирилади» (Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).
Яна бир ҳадиси шарифда: «Беш вақт намоз, жума кейинги жумагача, Рамазон (рўзаси) кейинги Рамазонгача, катта гуноҳлардан четланилса, орасидаги гуноҳларни ўчирувчидир» (Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Кимларга рўза тутмасликка рухсат берилган?

Касал ёки мусофир кишилар, ҳомиладор ёки эмизикли аёллар, рўза тута олмайдиган қарияларга рўза тутмасликка рухсат берилган. Қуръони каримда: «Бас, сизлардан кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир...», дейилган (Бақара сураси, 184-оят).

Рўза тутса, касаллиги зиёда бўлишидан қўрққан бемор, рўза тутмайди. Сафардаги кишига рўзаси зарар қилмаса, рўза тутгани афзал. Лекин рўза тутмаса ҳам узрли ҳисобланади, гуноҳкор бўлмайди.

Ўзи ёки бола (ҳомила)сига зарар етишидан қўрққан эмизикли ёки ҳомиладор аёл ҳам рўза тутмайди. Рўза ўзига ёки боласига зарар қилмайдиган эмизикли ва ҳомиладор аёллар, албатта, рўзани қолдирмай тутади. Юқорида саналган узрли кишиларнинг барчаси Рамазондан кейин имкон бўлиши билан қолиб кетган кунларнинг рўзасини тутиб беради.

Рўза тута олмайдиган қариялар фидя, яъни Рамазоннинг ҳар кунига бир мискинга бир кунлик таом ёки унинг қийматини беради. Рўза тута оладиган қариялар одатдагидек рўза тутаверади.

Ҳайз ва нифос кўрган аёллар ҳам узрли кунларида рўза тутмайди. Пок бўлишлари билан рўзани тутиб бошлайди. Қолиб кетган кунларни Рамазондан кейин тутишади («Ҳидоя», «Ихтиёр», «Фатҳу бобил иноя» китоблари).

Рўзанинг рукн (фарз)лари нималар?

Рўзанинг рукни — рўзани бузувчи нарсалар (ейиш, ичиш ва жинсий алоқа)дан сақланишдир. Бу тонг отгандан қуёш ботгунча давом этади. Уламолар бунга иттифоқ қилганлар. Қуръони каримда: «Шунингдек, тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан (тонгнинг тундан) ажраладиган вақтигача еб-ичаверингиз. Сўнгра, рўзани кечгача (қуёш ботгунча) мукаммал тутингиз!..», деб буюрилади (Бақара сураси 187-оят). Рўзада ният ҳам шарт. («Мавсуъатул фиқҳия»).

Рўзани нима бузади?

Рўзани қуйидаги нарсалар бузади: қасддан таом ейиш, сув ёки дори ичиш; қасддан жинсий алоқа қилиш. Бу ҳолатларда ҳам қазо, ҳам каффорат вожиб бўлади. Рамазон рўзасидан бошқа рўзаларда каффорат йўқ.
Мазкур ишларни унутиб қилган кишининг рўзаси бузилмайди, балки рўзадорлиги ёдига тушиши билан еб-ичиш ёки жинсий алоқадан тўхтаб, рўзасини давом эттиради.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Рўзанинг моҳияти нима ва кимлар рўза тутмаса ҳам бўлади?